Россия қонунчилигида ўзгаришлар: Меҳнат муҳожири патентни қандай расмийлаштиради?

Россия қонунчилигида ўзгаришлар: Меҳнат муҳожири патентни қандай расмийлаштиради?
23 views
03 January 2015 - 15:11

22015 йилда муҳожирлар билан боғлиқ Россияда қонунчилигида йирик ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Асосий ўзгаришлар “Ҳорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга киритилади. Хусусан, янги йилдан бошлаб Россия ҳудудига визасиз киришга рухсат берилган мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирлари меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун одатдагидек ишлаш учун рухсатнома эмас, балки юридик ва жисмоний шахслар учун мўлжалланган патент олишларига тўғри келади. Патент – меҳнат муҳожирининг қаерда ишлашига қараб бериладиган вақтинчалик рухсатномадир.

Ушбу патентни олиш учун меҳнат муҳожирлари бир қатор қўшимча талабларни бажаришга мажбурлар. 2015 йил 1 январдан бошлаб ҳорижий фуқаролар ишлаш учун патент, ишлашга рухсатнома ҳамда вақтинчалик яшяш учун рухсатнома олишлари учун қўшимча ҳужжат – рус тилини билиши, Россия тарихи ва Россия Федерацияси қонунчилиги ҳақида билимга эга эканлиги тўғрисидаги сертификатларни тақдим қилишлари лозим. Меҳнат муҳожирлари сертификатларни махсус тест марказларидан олишлари мумкин. Шунингдек улар ушбу соҳалардаги билимларини қуйидаги ҳужжатлар билан ҳам тасдиқлашлари мумкин:

– Собиқ СССР таркибига кирган давлат ҳудудидаги таълим муассасаси томонидан 1991 йил 1 сентябргача берилган умумий ўрта таълим даражасидан паст бўлмаган таълим тўғрисидаги давлат намунасидаги ҳужжат;
– 1991 йил 1 сентябргача Россия Федерацияси ҳудудида давлат якуний имтиҳонидан мувафақиятли ўтган шахсларга берилган таълим ёки малака оширганлик тўғрисидаги ҳужжат.

Сертификатдан ташқари патент олиш учун меҳнат муҳожирининг Россияга келишидан асосий мақсади айнан ишлаш эканлигини кўрсатувчи муҳожирлик картаси, Россиядан сотиб олинган тиббий суғурта полиси ҳамда хавфли касалликларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисида Россиядан олинган маълумотнома талаб қилинади.

Патентнинг амал қилиш муддати 1 ойдан 12 ойгача бўлиб, унинг муддатини максимум яна бир йилгача узайтириш мумкин. Меҳнат муҳожирлари сонини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Россия Федерацияси таркибидаги алоҳида минтақалар ойига 1200 рубль турадиган патент қийматига қўйиладиган коиффициентни оширишлари ёки туширишлари мумкин.

Патент олиш учун Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтган кундан эътиборан 30 кун ичида Федерал Миграция Хизматининг минтақавий бўлинмаларига мурожаат қилиниши лозим. Агар меҳнат муҳожири ушбу муддат ичида мурожаат қилмаган ва кеч қолган тақдирда 4-5 минг рубль миқдорида жаримага тортилади.

2015 йилдан бошлаб МДҲ давлатлари фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришлари учун ҳорижий паспорт талаб қилинади. Ушбу талаб ҳозирча Қирғизистон ва Украина фуқаролари учун амал қилмайди.

Янги йилдан муҳожирлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун белгиланадиган жазолар ҳам оғирлаштирилди. МДҲ давлатлари фуқаролари ишлаш учун рухсатномасиз ҳар 180 кунда 90 кундан ошмаган муддат ичида Россия Федерацияси ҳудудида бўлишлари мумкин. Агар улар Россия Федерацияси ҳудудида белгиланган муддатдан ошган ҳолда 180 кундан 270 кунгача қоладиган бўлса – улар учун Россия ҳудудига кириш 5 йилга ёпилади. Агар уларнинг Россия ҳудудида ноқонуний бўлиш муддати 270 кундан ошган бўлса – 10 йил давомида Россия ҳудудига киришлари таъқиқланади.

Замир Малик