Муҳаммад Солиҳ нуфузли мулозимнинг сўзини олганда эди…

Муҳаммад Солиҳ нуфузли мулозимнинг сўзини олганда эди…
86 views
03 January 2015 - 15:37

4

«Шаҳидлар хиёбони»даги масхарабозлик туркумидан

Айтаверса, сенинг куракда турмайдиган хурмача қилиқларингнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Президент Имомали Раҳмон ҳали Тожикистондаги ур-тўполонлар тиниб, энди давлат бошига келаётганда, унга “оғаларча берган ёрдам”ингни ва эвазига ундан тожик халқига хиёнат қилишни талаб қилганингни биров эшитса, ўлиб қолса ишонмайди. Ўшанда, сен Тожикистонга президент бўлиши тайин бўлиб қолган Имомали Раҳмонга Тошкентдан Душанбега учган учоқ билан бир сидра кастюм-шим жўнаттирган эдинг. Матоҳинг унга тор келганди. Кейинги йўналиш билан бир нечта турли бичимдаги кастюм-шим жўнатиб, уни хурсанд қилдинг.

Ўшанда, уруш оловини борҳо алангалантирганингдан ташқари, Тожикистонга кўрсатган “каромат”инг мана шу бир неча сидра ҳар хил бичимдаги кастюм-шим бўлганди. Вақт ўтиб, президентлик курсисини мустаҳкамлаган Имомали Раҳмонни яҳудий ҳомийларингнинг топшириғи билан ўз йўриғингга солиб олишга уриндинг. У сен билан тил бириктирган ҳар қандай кимсанинг Исроил махсус хизматлари фойдасига хизмат қилишини яхши англарди. Таклифингни эшитгач, у сендан ўзини узоқ тута бошлади. Сен эсанг, тилиқисиқ қилиш учун унга Тожикистонда халқ истеъмоли буюмлари танқис замонларни эслатиб, жўнатган бир нечта кастюм-шимларингни шаъма қилдинг. Имомали “колхозник”, бир “қўйчивон” бўлса ҳам, сени силтаб ташлаб оғзингга уришга ўзида шижоат топа олди. Чунки, унинг ота-онаси, ижтимоий келиб чиқиши, қайси динга мансублиги, қайси миллатнинг вакили экани маълум эди. У ҳам сенга ўхшаб ҳаромзода, миллати, дину диёнати бетайин бўлганда эди, бир неча сидра кастюм-шимга Тожикистонни сотиши ҳеч гап эмас эди.

Яна, “ҳалол” ва “ҳаром” деган иборалар хусусида ҳам, сенга икки оғиз сўз! Сен, исломдан тушунчаси йўқ манглайиқора, “ҳалол” деганда, “пок, тоза”, “ҳаром” деганда, “ифлос, исқирт” нарсаларни тушунасан. Шунинг учун ҳам бутун Ўзбекистондаги ҳалол дўконларни ва ошхоналарни: Нима, уларнинг еб-ичаётган нарсалари ҳалол – тоза экану, қолганларнинг еб-ичаётганлари ҳаром – ифлос эканми, деб ёптириб ташлатдинг.

Ислом тақиқламаган барча нарсалар мусулмонлар учун ҳалол (мумкин), тақиқлагани ҳаром (мумкин эмас) эканлиги сенинг ҳаёлингга ҳам келмади. Ҳалол ва ҳаромнинг луғавий жиҳатдан тоза ва ифлос атамаларига тўғридан-тўғри алоқаси йўқлигини, сен ўйлаб кўришни ҳам истамадинг. Уларни сен ўзингнинг қашшоқ маънавиятингдан келиб чиқиб, жуда тор маънода талқин қилдинг. Ниятинг, қандай бўлмасин исломни Ўзбекистон тупроқларидан супуриб ташлаш бўлгач, бу нарсанинг сен учун қизиқ жиҳати йўқлиги ҳам тушунарли бир ҳол, албатта. Билъакс, мана шу сен йўқотмоқчи бўлаётганинг ислом, ўзингни бир кун гўрга тиқишини ҳам сен яхши биласан…

Аммо, Аллоҳ гўзал ва пок зот бўлгани учун У тоза ва орасталикни севади.

Ифлос ва жирканч кимсаларни ҳар бир миллат, ҳар бир дин вакиллари орасидан керагича топиш мумкин бўлгани каби тоза ва пок инсонларни ҳам ҳар бир дин, ҳар бир миллат вакиллари ичидан истагача топса бўлади. Мусулмонлар ичида ҳам ҳалол ва ҳаромга қатъий риоя қилиб яшаб, тоза ва пок бўлолмагани, сенга ўхшаган жирканч ва манфурлари тиқилиб ётибди. Шаклан мусулмон мазмунан сен каби мажусий ё мунофиқ бундай кимсалар, нафақат исломнинг ёхуд бошқа динларнинг – бутун башариятнинг ва Аллоҳнинг душманидирлар.

Гўсала, агар билсанг, бу масалада ғайридинлар ва худосизлар ҳам сендан кўра яхшироқ тушунчага эгалар. Бутун дунёда ҳар бир қадамда “ҳалол” ошхоналар ва супермаркетлар тиқилиб ётибди. Биров сенга ўхшаб, уларга ола қарамайди. Уларда ислом жоиз деб топган озиқ-овқатлар сотилишини, ошхоналарда мусулмонлар ақидаси бўйича овқатлар тайёрланишини улар яхши биладилар. Бу нарсаларнинг ўзлари сотиб олаётган озиқ-овқатларга ва истеъмол қилаётган нарсаларга ҳеч қандай боғлиқлиги йўқлиги ҳам, уларга аён. Шу учун улар “ҳалол” ва “ҳаром” масаласида, сенга ўхшаб, ўзларини ҳақоратланган ва камситилган ҳис қилмайдилар. Улар ўзларининг дини ва ақидалари буюрган ёхуд кўнгиллари тусаган асосда, умри гузаронлик қилиб, ҳаёт нашидасини суриб юраверадилар…

Бироқ, мени ҳаммасидан ҳам сен билан Муҳаммад Солиҳнинг орасидаги чигал ва тушунарсиз муносабат кўпроқ қизиқтиради. Сенинг, унинг қатъияти ва самимиятидан милтиқнинг ўқидан қўрққандай қўрқишингни миллатнинг асл фарзандлари чуқур ҳис қилгани каби мен ҳам ич-ичимдан чуқур ҳис эта оламан. Инсон шуури ва руҳияти билан узвий боғлиқ бундай ҳолатни, бировга сўз билан тушунтириш жуда ҳам қийин. Буни идрок қилмоқчи бўлган ҳар қандай ўзбек, ҳеч бўлмаганда, Навоийни беш фоиз англаган ёхуд Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини ўқиб, ақалли бир марта йиғлаган бўлиши керак. Сен халқнинг аъмолига битилган мараз бўлганинг каби, Муҳаммад Солиҳ халқнинг боши устига осиб қўйилган равшан чироқдир. Сен чорак асрдан буён миллатни сичқон тиллони гурумига тортгани каби ернинг қаърига тортсанг, Муҳаммад Солиҳ сарлочин бўлиб, уни осмонга олиб чиқмоқликнинг ўйида. Сен йигирма беш йилдан буён СПИД бўлиб, миллатнинг иммун тизимини емираётган бўлсанг, Муҳаммад Солиҳ йигирма беш йилдан буён миллатнинг томирида тоза қон бўлиб оқиб, унинг иммун тизимини таъмирлаш билан овора. На сен ҳиёнат қилиб чарчайсан, на у садоқатдан юз ўгиради. Шундай қилиб миллатнинг руҳиятида иккита қўшин тинмасдан жанг олиб боряпти. Бири миллатни тиз чўктириб, оёқ-қўлига кишан соламан, деса, иккинчиси халқни ёруғ манзилларга бошлаб, ҳурлик диёрининг фуқораларига айлантираман, дейди. Бундай беаёв жанг, аслида, миллат танасида ва руҳиятида неча асрлардан буён давом этиб келаётган бир жараён…

Мени ҳайрон қолдирадигани, бу ҳам эмас.

Мени, сенинг тахтга ўтирган кунингдан буён Муҳаммад Солиҳга уюштирадиган суъиқасдларинг, фитна ва иғволаринг таажжубга солади. Уни ўлдиртириб юбориш учун нима ишлар қилмадинг, қанақа режалар тузиб, ким-кимларни ёлламадинг. Шу ишни деб, қанчадан-қанча пулларни ҳавога совурдинг, беҳудага қуч-қувват сарфлаб, қанчадан-қанча тунларингни уйқусиз кечирдинг.

Аммо, Муҳаммад Солиҳ бу жабҳада, сенга қайрилиб ҳам қарамади. Бўғзига пичоқ тиркаб турганингда ҳам бир киприк уриб, сендан омонлик сўрамади. У миллатнинг ишқи билан ёнди, халқнинг дарди билан нафас олиб, бутун куч-қувватини, ақли ва салоҳиятини халқнинг озодлигига ва мамлакатни тараққиёт манзилларига олиб чиқиш учун нима ишлар қилиш лозимлигига қаратди. Сенга қасд қилганда эди… Ўшанда ўзим гувоҳ бўлган воқеа: Агар Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда энг нуфузли мулозимлардан бирининг сени “бартараф қилиш” хусусидаги таклифини 1992 йил октябрида  қабул қилганда эди, балки юз минглаган ўзбекнинг йигитлари сенинг терроринг боис жувонмарг бўлмасди, қамалмасди, хотинлари тул, болалари етиб қолмасди.

Балки…

Сен: “Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?!” деганингда, тўла ҳақсан. Ўз вақтида зарба берилмагани учун ҳам, сен халқнинг бошига нима кунларни солмадинг…

Эргаш Сулаймон