Олмония ўзбек диктатори билан ҳамкорлик битимини сир тутмоқда

Олмония ўзбек диктатори билан ҳамкорлик битимини сир тутмоқда
58 views
05 January 2015 - 15:07

6

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучлар (ISAF) ўзининг Афғонистондаги миссиясини расмий жиҳатдан якунлайди. Унинг ўрнига НАТО “Қатъий ёрдам” (Resolute Support) номи остида янги миссия бошлайди. Ушбу миссия доирасида 40 та давлатдан 12,5 минг ҳарбий хизматчи афғон хавфсизлик кучларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади. Янги миссияда Олмониянинг 850 та ҳарбий хизматчиси иштирок этади. Миссия давомида Бундесвер Термиз шаҳридаги авиабазадан фойдаланишда давом этади. Бу ҳақдаги битим эса 2014 йил 1 сентябрда Тошкентда имзоланган эди.

“Бироқ ҳозирга қадар немис жамоатчилигига бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас. Немис ҳукумати ҳалигача бундан тўрт йил олдин имзоланган битимнинг мазмуни ҳақида бирон шарх ёки ўтган йилнинг сентябрь ойида ушбу битимга киритилган ўзгаришлар борасида бирон маълумот бермасдан сукут сақламоқда”, – деб ёзади Tagesspiegel газетаси шархловчиси Клаудия фон Зальцен.

“Афтидан Олмония ҳукумати дунёдаги энг қаттол диктатуралар билан ҳамкорлигини исботловчи битимнинг махфий қолишидан манфаатдор”, – дея қайд қилади журналист.

Нашрнинг ёзишича, ҳуқуқ ҳимоячилари ва немис мухолиф сиёсатчилари Ислом Каримов режими Ўзбекистонда муттасил қийноқларни қўллаб келаётгани, мухолифатчилар ва мустақил журналистларнинг репрессияга учраётгани ва Андижондаги норозилик намойишининг қонга ботирилган ҳолда бостирилганини бир неча маротаба кўтариб чиқишган.

“Шунинг учун НАТОданҳам кам ҳарбий хизматчи талаб қиладиган Афғонистондаги янги миссия Олмония учун Ўзбекистон билан бахсли ҳамкорликни қайта кўриб чиқиши учун сабаб бўлиши мумкин”, – деб ҳисоблайди фон Зальцен.

“Унинг устида ўзбек режими авиабазадан фойдаланганлик учун оз пул олаётгани йўқ”, – дейди муаллиф.

2010 йилдв Олмония собиқ мудофаа вазири Карл Теодор цу Гуттенберг авиабаза учун йилига 15,95 млн. евро беришга рози бўлганди. 2002 йилдан бери Олмония Ўзбекистонга жами 120 млн. евро миқдорида пул тўлаган. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, тўланган пуллар аэродром инфратузилмасини яхшилашга сарфланмаган. Шу сабабли ҳам Олмония ҳукумати аэродромнинг аҳволини яхшилаш мақсадида қўшимча 20,4 млн евро ажратишга мажбур бўлган.

“Янги тузилган шартнома бўйича Олмониянинг қанча пул тўлаши ҳозирча номаълум, – дея қўшимча қилади фон Зальцен – Тўлов нархининг пасайиш эҳтимоли жуда кам”.

Россия ОАВ тарқатган маълумотга кўра, бу сафар Ўзбекистон янада кўпроқ пул талаб қилган, – дейилади мақолада.

ЎХҲ ахборот бўлими