Холдор Равшан: «Қўй» йилида тилакларим, ҳажвий тақлидга тақриз

Холдор Равшан: «Қўй» йилида тилакларим, ҳажвий тақлидга тақриз
80 views
05 January 2015 - 15:14

9Ҳар ҳазилнинг замирида бордир бир аччиқ ҳақиқат – ҳажвий тақлид-ҳаётий ҳақиқат эмасму?…

Авваломбор шуни таъкидлашим лозимки, куни кеча берган – «Ўзимизга хос-ўзимизга мос қўй йилида тилакларим» – сарлавҳали мақолани, 31.12.2014 йилда содир бўлган бир воқелик асосида ҳажвий тақлид сифатида ёзган эдим ва мақсадим зотдор қўй кучлими ёки ҳўккиз эканлигини аниқлаш эмас эди, шунга кўра мақоладаги мавзуни ҳар бир инсон ўз онг тафаккури ва ақлу заковатига мос қабул қилмоқлиги табиийдир.

Мен, мақолада ёзиб ўтганимни яна ҳам таъкидламоқлигим лозимки, мақсад ўз-ўзимизни қўйга-қора молга менгаш эмас, аксинча афсуски биздан ожиз ва нотавон бўлган ўша жониворларча ҳам ўз қадр-қимматимиз учун кураша олмаймизми – деган аччиқ ҳаётий хақиқатни ҳажвий тақлид қилиб ва ҳар ҳазилнинг замирида бордир бир аччиқ хақиқат – ҳажвий тақлид-ҳаётий хақиқат эмасму?, – деган ўй билан ҳажвий тақлид сўзини олиб ташлаган эдим, аммо ушбу ҳажвий тақлид ҳам фалсафий мулоҳазалардан йироқ эмас эди.

Ушбу мақолани ёзишга ундаган воқелик қуйидагича бўлган эди:

31.12.2014 йилда, байрам дастурхони учун шундоққина маҳалламиз гузаридаги қассобхонага гўшт олгани чиқдим, қассобхона уйга яқин бўлганлиги учун уй кийимида, оёғимда эски калиш (кийимларим абгор ҳолатда), соқолим ҳам олинмаган ҳолатда чиққан эдим (маълумингизки Қирғиз жанубига газ берилган бўлсада, аммо бизда газ йўқлиги, сабабли анчагина аянчлироқ аҳволда эканлигимиз туфайли, ҳаммомни тезак билан қизитамиз, шунга кўра тушликдан кейин тезак ёқиб ҳаммом қизитиб, бирваракайига соч-соқолни тартибга солишни режалаштирган эдим), мен гўшт олаётганимда, кимдир ўртоқ Фалончиев деб қолди…

Ўгирилиб қарасам…. – қаҳрамонимиз ҳақида икки оғиз тариф: -Маҳалламизда шундай бир инсон борки, уни барча фалончи-апирист ёки думсиз тулки деб аташади, нафақат аташади ҳаттоки юзига ҳам ушбу унвонларни қўшиб айтаверишади, аммо ушбу аферистнинг бирор-бир кишига эътироз билдирганини ёки мени ҳақорат қилма деганини эшитмаганман, аксинча ёши каттами-кичикми қатъи назар, унинг наздида, мансабдор-пулдор-зўр кишилар ёки уларнинг фарзандлари унинг учун доимо отам-отагинам, ўрта ҳолроқ кишилар унинг учун оғажон-укажон, оддий ва камбағалроқ кишилар унинг учун ўртоқ “фалончиев” бўлишади. Ўзи қўй кўз, тулки мижоз бўлиб доимо кулиб қуллуқ қилиб туришлиги билан ажралиб туради.

Тан олишим керак, ўзбеклигим-манманлигимга бордимми, унинг дабдурустдан ўртоқ Фалончиев – дейиши бироз энсамни қотирди ва қарасам тўрвасида қўйнинг калла пойчаси кўринди, шунда қувлигим келиб, қўйнинг миясини кўп еяверманг, ахир нима еса, ўша ерга боради дейишганлар, ундан кўра ҳўккизнинг калла-пойчасини олинг, гўшти ҳам кўпроқ-мияси ҳам кўпроқ – дедим.

У менга жавобан, ҳўккиз деганлари ўта кекчи ва қайсар бўлишлигини, шунинг учун у кишига тўғри келмаслигини, шунга кўра қўй мияси маъқул эканлигини, қўй миясини чақиб ….ни айтиб қолди ва мана шу суҳбат асосида ҳажвий-тақлид тилаклар пайдо бўлган эди.

Фалакнинг гардиши билан, 02.01.2015 йилда маҳалланинг бошида марказга бориш учун ДАМАС кутиб турсам, ўша фалончи апирист номи билан машҳур киши яна дабдурустдан олдимга келиб, энди отагинам мана бу бошқа гап, сизга мана шундай кийиниш ва юриш ярашади –«Отам» – деб жавраб қолди. Ўзимга сиртдан разм солсам, устимда пальто, бошимда қундуз телпак, этигим ярқиратиб кремланган, соқолим олинган, аввалига унчалик эътибор бермадим, аммо мулоҳаза қилиб кўрсам, ҳаттоки кишилар беписанд қарайдиган бир нотавонда ҳам кишиларга баҳо беришда, ўз фикри ва дунёқараши мавжуд экан, фақат ҳаёт оқимига қараб юришга мажбур экан холос.

Қиссадан ҳисса шуки:

Агарки, инсон ҳурматга ва эътиборга даъво қилар экан, авваламбор ўзини-ўзи ҳурмат қила олмоқлиги ва шунга муносиб бўлмоқлиги лозим экан, бунинг учун авваломбор ўз қадрини билмоқлиги ва ҳақ-ҳуқуқини англаб етмоқлиги лозим экан.

Ўз ҳақ-ҳуқуқини билган ва ўз қадр-қиммати учун ўзи кураша олган инсон, аниқ айтаманки ўзганинг ҳурматини ҳам сақлай билади ва ўзганинг қадрига ҳам ета олади, ахир – «ўзининг қадрини билмаган – бировнинг қадрини не билсин» – деган ажойиб ашула ҳам бор-ку.

Гарчанд, ер юзида етти миллиарддан зиёдроқ хилма хил динга эътиқод қилувчи инсонлар ва ўзгача тил ва феъл-атворга эга миллат ва элатлар яшасаларда, аммо барча инсонларда ижобий (солиҳлик) ва салбий (ёвузлик) қувватлар (энергия) мутаносиблиги (баланси) мавжудлигига ҳеч бир шубҳа йўқ.

Шунинг учун ҳам барча миллат ва элатга мансуб инсонларда ҳам, ташқаридан келган ижобий энергияни ҳам ва ташқаридан келган салбий энергияни ҳам дарров ўзгаларга тарқатиш, баҳам кўриш истаги пайдо бўлишлиги табиий ҳол экан, мақсад эса табиий қувват мутаносиблигини бузмаслик.

Ушбу ҳолат қай йўсинда намоён бўлар экан:

-Ҳар қандай инсон, у қайси миллат ва динга мансуб бўлишлигидан қатъий назар, оламшумул хурсандчилик бўладими, ёки оғир қайғу бўладими, дарҳол кўнгил яқин кишиларига етказишга ҳаракат қилишлиги ҳам айнан шундан экан;

-Ҳамда, киши, ўзидан каттароқ, мансабдорроқ, бойроқ кишига бир сўз билан айтганда ўзи тобе бўлган кишига қандай муносабатда бўлса, яъни унга хушомад қилишлиги, лаганбардорлиги ва шунга қарамасдан ўз раҳбаридан сўкиш-хақорат эшитиши ва оёқ ости қилиниши эвазига олган салбий энергиясини дарров ўз қўл остидаги тобе кишиларга чиқаришга, яъни уларни ҳам хақорат ва оёқ ости қилишга ҳаракат қилар экан, сабабики, унинг табиати шундай бўлганлиги учун ҳам, нега мен юқоридан олганларимни пастга тарқатмаслигим керак – деган ҳиссиёт билан яшар ва табиий мутаносибликни сақлар экан;

Шунингдек, агарки, кишининг табиати солиҳ бўлса, у ўз қадр-қиммати ва хақ-хуқуқини, ўзи тобе бўлишига қарамасдан, ўзидан юқоридаги ва кучлилар олдида муносиб ҳимоя қила билса, табиийки бундай инсон ўзига тобе бўлган кишиларнинг ҳам қадр-қимматини оёқ ости қилмайди, сабабики унга тобе инсонлар ҳам худди ўзидек шахс эканлиги ва ўз қадр-қиммати учун қатьи кураша олишлигини англайди ва натижада табиий баланс бузилмайди.

Бундан-да аянчлиси, эркак киши ўз оиласида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлмаса, ўз ахли аёлига сўзи ўтмаса, у ҳолда барча аламини ўзгалардан олиши табиий экан, баъзилар эса ушбу аламзадалик ва нафратни акс изоҳлаб барча аҳли аёл – хотин қизларни севишини айтиб тилёғламалик қилар экан.

Бу ҳолат барча инсонларга хос бўлиб, у президент бўладими ёки оддий ишчими қатъи назар табиий жараён экан.

Шунинг учун бағрикенглик қилиш ва инсонларни, у қандай мансаб ва лавозимда бўлишлигидан қатъи назар, уларнинг ҳам аянчли аҳволларини тўғри тушунишга харакат қилмоқлигимиз фарз экан.

Зероки: Оллох кечирувчидир ва кечиримли бандаларни севувчидир;

– Оллоҳнинг иродасига қарши бориш имонсизликдир;
– Оллоҳнинг синови бирлан вожиб бўлган Президентимизнинг ҳам оддий ўткинчи гунохкор банда эканлигини, бу фоний дунёдан кимлар ўтмаган, ҳаттоки Илоҳлар ҳам ўтиб кетганлигини, ўлим ҳақ эканлигини тўғри англаб етиб у киши ҳам кексайиб қолганлигини инобатга олган ҳолда қарилик пенсиясига кузатиш вақти келмадимикан, бу ҳақда батафсил юзлашамиз деган ният билан…

Холдор Равшан