Ўзбекистон ким билан урушмоқчи?

Ўзбекистон ким билан урушмоқчи?
55 views
06 January 2015 - 19:37

2Сўнги йилларда Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари ўсишда давом этмоқда ва ҳозирга келиб мамлакат ялпи ички махсулотининг (ЯИМ) 6% ни ташкил қилади. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон ҳарбий харажатлар борасида дунё етакчиларининг ўнталигига киради.

Республикада мудофаани мустаҳкамлаш масаласи кескин тус олганини кузатиш мумкин. Бироқ бу қанчалик самара бераётгани ҳақида 5 декабрь куни саҳифамизда эълон қилинган “Ўзбек армиясининг аҳволи қандай?” номли мақолада атрофлича тўхталиб ўтганмиз. Аввал таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг кам сонли армияси бюджети катта бўлишига ва ҳарбийларга бериладиган маошларнинг озлигига қарамасдан қуролли кучлар ҳолатида ҳеч қандай ижобий ўзгариш йўқ. Буларнинг барчаси ушбу соҳада ҳам коррупциянинг илдиз отганлиги ва молиявий ресурсларнинг мақсадсиз ишлатилаётганидан далолат беради.

Шунга қарамасдан, сўнги беш йил мобайнида ҳарбий харажатлар йилига ўртача 11,65%га, яъни 2010 йилдаги $1,4 млрд. дан 2014 йилга келиб $2,2 млрд.га етди. Кейинги беш йилликда эса ҳарбий харажатларнинг йиллик ўсиши 9,48% бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат ЯИМ 2014 йилда 128,63 триллион сўмга яқин деган тахминига асосланса, бу бозор курси бўйича 37 млрд. АҚШ долларига тенгдир. 2014 йилги ҳарбий харажатлар эса мамлакат ЯИМ нинг 5,95%ни ташкил қилди. 2013 йилда мамлакат ЯИМ 118,99 трилион сўмга, яъни бозор курси бўйича 41,75 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган бўлса ҳарбий харажатлар 2 млрд. долларни ташкил қилганди. Бу эса мамлакат ЯИМ нинг 4,8% га тенгдир. Шу йўсинда Ўзбекистон Strategic Defence Intelligence (Стратегик мудофаа разведкаси) маълумотларига кўра ҳарбий харажатлар бўйича дунёда етакчи ўнталикдан жой олган. Албатта бу рўйхат ҳар бир давлатнинг умумий ЯИМ дан ҳарбий харажатлар учун ажратадиган маблағларига қараб белгиланади.

Эътиборли жиҳати, ҳаттоки 1990-йилларда ва 2000-йилларнинг бошларида республика чегарасига толибонлар тақалиб турган бир вақтда ҳам БМТ маълумотларига кўра Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари мамлакат ЯИМ нинг 0,25-1,64% атрофида бўлган.

Одатда мудофаа харажатлари юқорилиги бўйича дунёдаги етакчи давлатлар ўнталигига доимий уруш ҳолатида бўлган ёки ҳақиқий урушга фаол тайёргарлик кўраётган давлатлар киради. Масалан, 2013 йилда Афғонистон (ҳарбий харажатлар ЯИМ нинг 6,4%ни ташкил қилган), ҳар тарафдан душман давлатлар билан ўраб олинган Исроил (5,6%) ҳамда бир-бирини кўришга кўзи бўлмаган Озарбайжон (4,7) ва Арманистон (4,1%) каби давлатлар ушбу рўйхатда етакчилик қилган.

Афтидан мамлакат ялпи ички махсулотининг қарийб 6% ни ҳарбий харажатларга сарфлаган Ўзбекистон ҳам урушга ҳозирлик кўрмоқда. Бироқ, ким билан урушмоқчи?

Замир Малик