Қозоғистонда ўртача ойлик маош Россиядагидан юқори

Қозоғистонда ўртача ойлик маош Россиядагидан юқори
34 views
07 January 2015 - 17:05

3Ойлик маошларнинг миқдори бўйича Оврўпа рейтингида Қозоғистондаги ўртача ойлик маош 36-ўриндан жой олган. Энг юқори-50 талик рейтингини тузувчилар тақдим қилган маълумотга кўра, ўртача қозоғистонлик ойига 441 евро пул топади (солиқларни чиқариб ташламаган ҳолда).

Бу кўрсаткич Қозоғистонда ўртача ойлик маошларнинг Россия, Белорусия ва Озарбайжондагидан юқори эканлигини кўрсатади.

Ушбу маълумотлар “Ўртача ойлик маош бўйича Оврўпа давлатлари рўйхати” номи остида “Википедия”да эълон қилинди.

“Қайд этиш лозимки, саҳифага жойлаштирилган таблицада ойлик маошлар “брутто” ва “нетто” (солиқлар тўланганидан кейинги ҳолати) шаклида кўрсатилган”, – дея аниқлик киритади Tengrinews.kz.

Шундай экан, Энг юқори-50 талик рейтингини тузувчилар берган маълумотга кўра Қозоғистонда ўртача ойлик маош солиқлардан ҳоли “брутто” қаторида кўрсатилганидек 441 евро ёки 96 629 тенгени ташкил қилади.

Рейтингда 4896 евро маош билан Лихтенштейн етакчилик қилади. Ундан кейинги ўринларни Монако (4436) ва Швейцария (4118) эгаллаган.

Рўйхатда “аутсайдерлар” қаторида Украина (178), Молдова (190) ва Арманистон (232) жой олган.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон статистика агентлиги берган маълумотларга кўра, Қозоғистонда бир ишчига бериладиган ўртача номинал ойлик маош бўйича энг юқори кўрсаткич Атроу вилоятида қайд қилинган бўлиб 213 759 тенгега тенг. Қозоғистоннинг ойлик маошлар энг кам бўлган минтақаларга эса – Шимолий Қозоғистон (79 210 тг), Жамбул (80 245 тг), Жанубий Қозоғистон (82 288 тг) ва Оқмўла (83 391 тг) каби вилоятларни мисол келтириш мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими