МХХ: “Ўзбекистон Афғонистон билан чегарада назоратни кучайтирди”

МХХ: “Ўзбекистон Афғонистон билан чегарада назоратни кучайтирди”
22 views
08 January 2015 - 14:58

2Ўзбекистон 2015 йилнинг биринчи ҳафтасида Афғонистон билан чегараларни мустаҳкамлаш борасида бир қанча чораларни амалга оширди. Ўзбекистон МХХ чегараларни қўриқлаш бўйича Қўмитаси вакилининг РИА Новости агентлигига маълум қилишича, ушбу тадбирлар Афғонистоннинг чегарадош ҳудудларида қуролланган гуруҳлар ва гиёҳванд моддалар трафигининг фаоллашуви билан боғлиқдир.

“Тезкор маълумотлар Афғонистон ҳукумати назорати остида бўлмаган ҳарбий гуруҳларнинг жипслаша бошлаганидан далолат бермоқда”, – дея изоҳ беради РИА Новости суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, чегарадош мамлакатларда вазият ўзгарган тақдирда Ўзбекистонда қўшимча кучларни жалб қилмаган ҳолда чегараларни штатли режимида қўриқлашга имкон берувчи чегара постлари ҳаракати схемаси ишлаб чиқилган.

“Мазкур чоралар биринчи навбатда разведканинг қўшимча махсус воситалари ва тўпланган ахборотлардан фойдаланган ҳолда техник ҳамкорликни кучайтириш билан боғлиқдир”, – дейди агентлик манбаси.

Аввалроқ Россия Федерацияси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов Афғонистоннинг Тожикистон ва Туркманистон билан чегара ҳудудларида исломчи жангариларнинг йирик кучлари жамлангани ва уларнинг баҳорда фаол ҳаракатга ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Учинчи январь куни тожик чегарачилари ва гиёҳванд моддалар трафигига қарши кураш кучлари қуролланган афғон гиёҳванд моддалари контрабандачиларининг тунда чегарани ёриб ўтишга қаратилган уринишининг олдини олишганди.

“Афғонистон таҳлилчилари тармоғи” (Afghanstan analysts network) нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан 137 километрдан иборат бўлган чегаралари ушбу давлат билан чегарадош бўлган собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг мустаҳкам қўриқланадиган чегара саналади. Бундан ташқари, таҳлилчиларнинг қайд этишича, Афғонистондан жангариларнинг дарё йўли орқали Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний кириб келишларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати Амударёнинг ўз тарафида чегара мудофааси кемаларига эгадир.

ЎХҲ ахборот бўлими