Бир бой ўғлининг қўлида, Садранч ўйнаб, нард инграйди…

Бир бой ўғлининг қўлида, Садранч ўйнаб, нард инграйди…
123 views
09 January 2015 - 14:07

333Дард инграйди
Эй ёронлар, мусулмонлар,
Юрагимда дард инграйди.
Бир бой ўғлининг қўлида,
Садранч ўйнаб, нард инграйди.

Келиб-кетма, булар номард,
Ақлинг шошар, бўларсан мот,
Баланд тоғда ёқарлар ўт,
Қуруқ ёниб, ҳўл инграйди.

Қиз кўрдим туркман кўчида,
Мушку анбар бор сочида,
Яйловда йилқи ичида,
Бўз қулон, тойлар инграйди.

Махтумқули, сўзим ҳақдир,
Ҳақ сўзга тан берган йўқдир,
Мард йигитда ўғил йўқдир,
Чироқ ўчиб, юрт инграйди.

Инсон учраса    
Кўнгил очилар, жам бўлар,
Бир-бирга инсон учраса,
Ҳуш кетар, ақл кам бўлар,
Тил билмас ҳайвон учраса.

Савашда мард бошдан кечар,
Номард ақл-ҳушдан кечар,
Бедов сакраб, лошдан кечар,
Душман қочар, қон учраса.

Марднинг паноҳи Худодир,
Ҳезалак бошга балодир,
Қўч йигит темир қалъадир,
Ҳар ерда душман учраса.

Фироғий, бағринг порадир,
Сийнангнинг учи ярадир,
Мункирнинг юзи қорадир,
Маҳшарда мезон учраса.

Йўл олар
Йўлга кетсанг, йўлдошингни тузатгил,
Бўлса бир намозхон ишинг йўл олар.
Йўлдошингдан кўнглинг безовта бўлса,
Бўлса бир бенамоз, ишинг йўл олмас.

Дучор бўлиб, олим билан йўл юрсанг,
Насиҳат сўзларин қулоққа олсанг,
Узун бўй, хуш соқол, юзи нуроний,
Дуосидан – турган ишинг йўл олар.

Дучор бўлсанг юз минг бало боққанга,
Сийнасида ғийбат ўтин ёққанга,
Ранги сариқ, оқ кўз, қоши чаққанга,
Юриб турган ишинг бўлса, йўл олмас.

Дучор бўлсанг: “Ё, ҳув” деган гадога,
Хизматин қил, умринг ўтирма зоя,
Кутмаганда, оппоқ соқоллик ёя,
Дучлашсанг, барин тут, ишинг йўл олар.

От олсанг, тўқранг ол, макруҳдир оқёл,
Узун бўйли, сокин кўзли ҳур аёл,
Паст бўйлиси бўлса, мард йигит увол,
Дуч келса, шундайи, ишинг йўл олмас.

Хабаримни эшит, аё тенги тўш,
Хизр кўрган кўрар жуда узоқ ёш,
Мулойим боқишли, ўйлаб сўзлашли,
Касга дучор бўлсанг ишинг йўл олар.

Махтумқули, десам, оми ҳам хосга,
Қонун мос келмаса, ҳаётда ростга,
Шаклсиз, баднишон, ғалча бўй, кўса,
Дучор бўлса, ҳеч-да ишинг йўл олмас.

Чиқо билмассан
Бу дунёнинг ғавғосига бош урма,
Ул ғавғога кирсанг, чиқо билмассан,
Шайтон каби ҳаром ишдан тош ўрма,
Сўнгра маҳкам бўлар, йиқо билмассан.

Тилидан қўймамиш Ҳақни, санони,
Ўкситмагил ота билан онани,
Тоғлардан, тошлардан улуғ гуноҳни,
Бўйнигга ортмагил, торта билмассан.

Бало ёғилади, ноҳақ туҳматдан,
Тилингни сақлагил турли ғийбатдан,
Қорнингни тўлдирма ҳаром неъматдан,
Қорнинг ўтдан тўлар, тўко билмассан.

Дарвешларнинг бошларини хор этма,
Чорасизга зулм бериб, зар этма,
Етимларнинг молин олиб, зор этма,
Гуноҳинг ўзгага тўко билмассан.

Ишқ дарёси жўшар келар сақодан,
Кўнглингни сақлагил ёлғон вақодан,
Ажал келар, тутар бир кун ёқадан,
Ўнгингдан чапингга бақо билмассан,

Яхши ният айла, яхши пеш айла,
Яхшиларнинг сўзин жонга нўш айла,
Сафар қилсанг, озиқ керак, чош айла,
Ер остида экин эко билмассан.

Мискин Махтумқули, ёқанг тутавер,
Хайр қозониб, ол шаробдан ичавер,
Уммат бўлсанг, Бириборга битавер,
Расулнинг юзига бақо билмассан.

Махтумқули
Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди