Холдор Равшан: Ўзлигимизни йўқотмайлик, «кексаларни эъзозлайлик»…

Холдор Равшан: Ўзлигимизни йўқотмайлик, «кексаларни эъзозлайлик»…
97 views
10 January 2015 - 19:55
1

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев

Малоҳатхон Эшонқулова ёзганларидек, -«ўзимизни уриб кетганлигини айтадиган мард йўқ»… Ахир биз ҳам ўзбек боласи эмасми, ахир айнан бизнинг миллатимиз ўз ота-онасини, шу жумладан кексаларни эъзозлаш ва улар қариб ишга яроқсиз-юкка мадорсиз бўлиб қолишганларида ғамхўрлик кўрсатиб, қўлларидан ишини – елкасидан юкини олишлигимиз билан бутун дунё  халқларининг ҳурматига сазовор бўлиб, эътиборига тушган эмасмидик?

Нега, 77 аёзли қишни кўриб, кексайиб қолган Президентимиз, “кексаларни эъзозланг, ахир мен ҳам кексайиб қолдим, бу залворли юкни-масъулиятни оладиган мард борми” –дея зорлансада, ўзимизни тушунмаганга – овсарга солиб, тебса-тебранмас бўлиб лоқайдлик қилмоқдамиз?

Қатъий ҳаракат қилишдан тийилмоқдамизми ёки қўрқмоқдамизми? Олма пиш-оғзимга тушми?
Фақат бунинг иложи йўқ, Президент йўл бермайди – деб ўзимизни-ўзимиз алдамаслигимиз лозим, бермаса – олмоқлигимиз лозим. Бунинг учун эса бирдамликда ақл билан иш кўрмоқ лозим.

Шахсан Президентнинг ўзи ҳам, бир неча йил муқаддам чарчаганлигини, ўзига қолса Президентлик вазифасини топширишга тайёрлигини телевидениядан очиқчасига айтган эдику, бир эслайлик-чи… Ислом Каримов(кичкинтой) ҳам, Президент бобоси оғир аҳволда ташқи дунёдан узиб қўйилганлигини, момоси Татяна момо бошчилигидаги қанақадир ноъмалум қора кучлар ҳаттоки Президентни ҳам ўз исканжасига олишганлиги  ва бошқа-бошқа кўп сабаб ва маталларни бекорга тўқимагандир балки… Майли кичик эртакчига ҳозирча ишонмайлик, буни вақти соати билан ҳаётнинг ўзи кўрсатади…

Аммо Президентнинг нафақат ташқи жиҳатини, балки ички дунёсини, ҳис-туйғуларини ҳам яхши биладиган, уни нафақат сиёсатчи ва раҳбар сифатида, балки оддий бир инсон, дўст ва рақиб, устоз ва шогирд сифатида 1989 йилдан-1994 йилгача, яъни беш йил давомида, у билан деярли кунoрa кўришиб, ҳaмсуҳбaт бўлган ва у кишининг  қаттиққўл ва яккаҳокимликка мойиллиги, ўзгалар фикри билан ҳисоблашмаслигини, кези келганда бемеҳр ва зулмкорлиги, шафқатсиз ва қасоскорлиги, мухолифатга тоқатсизлигини уларни янчиб йўқ қилиб ташлаш каби худбинлигини рўйи-рост яширмасдан эътироф этган ҳолда, ўзининг сидқидилдан қилган  вафодорлиги эвазига не-не азобларни кўрган ва ўзга юртларга совуқ Канадага сургун қилинган бўлсада, аммо ўз алам-аразларини йиғиштириб қўйиб,  холисликни ушлаган ҳолда,  ўша пайтлардаги  И.Каримовнинг  оташин ва беғубор қалби, жўшқин туйғулари, сокин ва ўйчан, лекин синовчан нигоҳлари, фавқулодда шиддатли ва кескин қарор-у хулосалари, теран фикрлари, дилкаш кулгулари, мард ва  тўпори, ўта самимий ва ишонувчанлиги ҳақидаги ўз фикр мулоҳазаларини рўйи-рост эътироф этган Исмат  Хушевнинг сўзларига бирров қулоқ тутайликчи:

-Президентнинг олтин косаларидан сув ичиш насиб этаётган атрофингиздаги омадли мулозимлар, нега юртбошининг юкини кўтаришдан, ўз касбий вазифаларини инсоф ва адолат билан адо этишдан ор қиладилар, аксинча  эрта-ю кеч бўялган, сунъий ва ясама ҳаётни кўрсатиш билан бандлиги, Ўзбекистонда шамол турмаслиги, тошқин бўлмаслиги ва ҳатто ер қимирласа ҳам уни айтмаслиги, Ўзбекистон матбуотига одат тусига кириб қолганлиги, сизни боши берк кўчага олиб кириб, устингиздан кулмаяптимикан -деб ўйлаб қоламан.

-Анжуманларда иштирок этаётганларнинг умумий кўриниши, бир хил кийиниши, мутелик кайфияти, бўлар бўлмас гапга ўрнидан ирғиб туриб чапаквозлик қилиши менга бир оз эриш туюлади.

-Сизнинг ҳар бир сўзингиз, одамлар билан учрашувлар, мулоқотлар ўта суньийлашиб бормаяптими?

-Сиз билан учрашув учун танланган кишилар оғир чиғириқлардан ўтказилаётганидан хабардор бўлмасангиз керак. Уларни бир хилда кийинтириш, матннинг қаерида нафас олиб, қаерида жилмайишигача белгилаб берилар экан.

-Сиз борадиган дала шийпонларини атрофидаги пахта далаларидаги чаноқларига қўшимча пахталар осиб чиқиш, сунъий пахтазор яратишга қадар етиб боришаётганига ақл бовар қилмайди.

-Сунъий пахта далалари, суньий одамлар, суньий сўзлар, сунъий кийим бош, сунъий табассум ва сунъий меҳр муҳаббатдан мақсад нима?

-Бу кўз бўямачиликларга қачонгача тоқат қилиш мумкин?

-Мен билган, мен кўрган Ислом Каримовдай ҳушёр, ер тагида илон қимирласа биладиган, бировнинг киприк қоқиши ва қадам олишидан унинг ичига кириб чиқадиган, ўткир ва зукко одамнинг ҳушёр ва тийран нигоҳи қаерда қолди экан -деб бошим қотади баъзан…

-Ислом ака.  Туну кун ҳақиқий ҳаётдан Сизни бебаҳра қолдириш кимнинг ижоди бўлди экан?

-Дунёнинг бугунги манзараси, афсуски, фақат Ўзбекистон телевидениясидан иборат эмас-ку.
-Бу телевизор Сизнинг кўзингизни боғлаши мумкин.

-Лекин 30 ярим миллионлик республика аҳолисининг кўзини боғлаши мумкин эмас-ку!

– Ранг- баранг ҳаёт, ранг баранг манзаралар, ранг баранг турмуш кўринишлари қаёқда қолди?- деган юракдан чиққан ҳаётий ва холисона фикр ва сўзларига эътибор беринг…

Майли, ҳар кимнинг мақсади фикри ва дунёқараши ҳар хилдир ва шундай бўлмоқлиги ҳам шарт. Аммо, сиз ва биз Ислом Каримовни ташқи жиҳатдан биламиз, унинг диктаторлигини ҳам биламиз ва ўзимизни хақ деб ҳисоблаймиз,  Исмат Хушев эса уни биздан яхшироқ билишлигини тан олишимиз лозим.
Бундан-да муҳимроғи ва тан олмоқлик лозимлиги шундаки, ўз танимизга ўйлаб кўрайликчи, қай биримиз кўрсатган вафодорлигу-меҳримиз эвазига олган қахру-ғазаб туфайли қамоқ-сургунлардан кейин холисликни ушлаган ҳолда, ХАҚ йўлида собит туриб, ҳам салбий ҳам ижобий томонларини рўйи-рост эътироф этишга жазм эта олар эдик? Дилозоримизга нисбатан қай биримиз фақат қора чаплашдан ўзимизни тия олар эдик? Ахир Исмат Хушев айнан шундай қилса маъқулроқ енгилроқ ва ҳозирги қалтис даврда халқ қахрамонига айланмоқлиги осонроқ кечмайдими, нимадан қўрқишлиги мумкин, ахир бола чақаси билан чет элда қўним топган бўлса, Канада фуқароси бўлса, уни куч ишлатарлар чертишга ҳам хадди сиғмайди-ку?…

Мана шунинг учун ҳам, менинг қатъий фикрим, Айнан Исмат Хушевдек тўғри сўзли инсонлар, ХАҚ йўлида собит-қадамли имонли-эътиқодли инсонлардир ва ҳаттоки Ислом Каримовдан давр ўтганидан кейин ҳам, бундай инсонлар ўз фикри ва қарашини ўзгартиришмайдилар, оқимга қараб оқмайдилар. Аммо минг афсус ва надоматлар билан айтаманки, давлат телевиденияси ва матбуотида тинмай сунъий мақтовларни киприк қоқмай сайраётганлар, анжуманларда лабини ялаб чапак чалаётганлар, давру-даврон ўзгарса, яна ҳам киприк қоқмай пластинкани орқа томонидан сайрайверишларига шубҳа қилмайман. Ҳамда ҳозир билиб-билмай додвой қилаётганларнинг аксариятига олтин косаларда ош ейиш насиб этса, адолат ва ҳақиқатни унутиб юборишларига ҳам шубха қилмайман. Аччиқ сўзларим аччиқ ҳақиқатлигига ким ишонмайди?

Минг афсуски, бизнинг энг катта кулфатимиз ва бедаво дардимиз ҳам, айнан оқимга қараб оқиш, тўғри сўздан қочиш ва зўрлардан қўрқиш оқибатида мутелик қобиғига ўралиб қолганлигимиздир, бу хақда кейин…
Мақсадим, Исмат Хушевни мақташ эмас, балки, интернетдаги бўлар-бўлмас ва ҳақоратли иғволар билан сиёсий мақсадга –ҳурлик ва эркинликка етишиб бўлмаслигини, аксинча айнан шундай Исмат Хушевга ўхшаганларнинг Президентга – халққа  рўйи-рост ёзган аччиқ ҳаётий мурожаатлари, минглаб мантиқсиз ва манзилсиз ҳай-вайлардан минг маротоба асосли-фойдали ва мақсадлироқ эканлигини эътироф этишликдир.

Бунинг билан мен Дунё ўзбекларининг фикри батамом тўғри дейишдан йироқдаман, бироқ тан олиш лозимки,  Президентга нисбатан шахсий симпатия намоён этилган бўлсада, аммо унинг атрофидаги ижтимоий ҳолат –гумроҳлик ва бебурдлик тўғри тасвирланган, аслида ким айбдору-ким жабрдийда эканлигини, ҳаётнинг ўзи кўрсатади, шунинг учун ҳам ўзимиз учун ҳам ва эртаклардан ҳақиқий ҳаётга ўтишлик учун ҳам, кексайиб қолган Президентимизга кўмак қўлини чўзишимиз ва унинг қўлидан ишини-елкасидан юкини соқит қилмоқлигимиз шарт ва зарурдир. Албатта Исмат Хушевга, аччиқ -аёзли Канадага аёзли-аччиқ сўзларимиз ҳам йўқ эмас, бу хақда худо хоҳласа ҳали бафуржа фикрлашамиз…

Эркинлик ва ҳурликка эришиш учун қалбимизни ваҳима ва қўрқувдан соқит этмоқлигимиз, бунинг учун Ислом Каримов ҳам оддий ўткинчи инсон эканлигини-ўлмас кашшей эмаслигини, у ҳам ҳамма қатори таомланиб-ҳожатланишини ва вақти соати билан бандаликни бажо келтириб қора ерга ҳамма қатори ётишини ва ҳамма қатори каламушларга ем бўлишини танимизга сингдиришимиз лозим, бу хақорат эмас –хақиқат…

Аслида, ким айбдору ким жабрдийда хаётнинг ўзи кўрсатади, зеро тилсим очилмаса –унинг сири очилмас…

Ўз ўтмиш тарихимизга назар солсак ҳам, салтанатининг ақл устуни бўлган Алишерни бадарға қилдирганлар ҳам ва севимли набирасини қатл қилдирганлар ҳам айнан саройнинг қора кучлари бўлган, аммо бунинг билан  ҳукмдор Хусайн Бойқаронинг гуноҳи соқит этилмайди, айнан салтанатни бошқарган ва қора кучларни юзага келтирган ҳам салтанатнинг Султонидир, бунга тарих шоҳид, демак ҳар нарса ўз вақти соати билан намоён бўлади.

Шунинг учун ҳам Ўз давлатимизнинг Президентлик сайловига ҳолис ва жиддий  ёндошувимиз ва тайёрланмоқлигимиз лозим. Ахир бизнинг давлат-бизнинг юрт-бизнинг халқимиз тақдири айнан шунга боғлиқ. Сиёсий жанг майдонини аразлаб бериб қўйиш ярамайди. Буни Олий Мажлисга ўтказилган сайловлар ҳам ким хақ-ким ноҳақлигини кўрсатди.

Такрор айтаман, Президент йўл бермайди – деб ўзимизни-ўзимиз алдамаслигимиз лозим, бермаса – олмоқлигимиз лозим.

Демак сарой тилсимини очиш керак, Президентлик сайлОВИ –шерларнинг ОВИдек бўлмоқлиги лозим, бу хақда  Худонинг хохиш иродаси билан бафуржа фикрлашиш насиб айласин …

Холдор Равшан