Бу китоб Каримов каби ҳаёт қонунларига зид ҳаракатланувчи кимсалар подасини пайдо қилди…

Бу китоб Каримов каби ҳаёт қонунларига зид ҳаракатланувчи кимсалар подасини пайдо қилди…
82 views
11 January 2015 - 13:26

4Дарвиннинг тадрижий назарияси фантазия маҳсули эмас, XIX асрда Оврупода инсон муаммоларига билологик ёндашувни қўллаб-қувватловчи таълимотлар пайдо бўлган эди.

1859 йилда Дарвин ўзининг “Турларнинг келиб чиқиши” китобини нашр этиб, даъво қилдиким, инсон – юксак даражада ривожланган ҳайвондир, у бошда амёбадан бошланиб, охирда маймунгача чўзилган масофани босиб ўтиб, бугунги қиёфасига эга бўлган.

Бу китоб бугун К. Маркс ва Ленин орқали етиб келиб, янги оқим – миракизмни, президент Каримов каби ҳаёт қонунларига зид ҳаракатланувчи кимсалар подасини пайдо қилди. У инсон муаммоларига ёндашувда инқилоб ясаб, шундай фикрга кучли дастак бўлдиким, олам олий бир қудратнинг раҳнамолиги ва амру фармойиши остида эмас, ўзича ҳаракат қилади, унинг кўзга кўриниб турган тизими остида табиатнинг жонсиз қонунларидан бўлак ҳеч нарса яширинмаган.

С. Э. Жоуд ёзади: “Дарвиннинг китоби ва унинг далилу хулосалари оталаримиз онгига қанчалар кучли таъсир этганини тасаввур этиш қийин эмас. Дарвин сайёрамизда ҳаёт эволюцияси жараёни амёбадан бошланиб, юксак ривожланган шаклларгача давом этганини гўё кўрсатиб берган. Биз инсонлар – ўша юксак ривожланган шакллармиз. Хуллас, амёбадан то бизгача етган ривожланиш жараёни узоқ ва узлуксиз бўлган. Ҳолбуки, викториан руҳонийлари насронийларга, инсон – алоҳида жонзот, у аслида гуноҳга ботган фаришта, деб уқтиришади. Агар Дарвин ҳақ бўлса, инсон – бор-йўғи юксак ривожланган маймун экан, холос” (Жоуд, I жилд, 235-236).

Дарвин назарияси инсониятни ноқулай аҳволга солиб қўйгани, маънавий ва тарихий хатоликларига қарамай, миракизмчилар онгига чуқур таъсир ўтказди. Зеро, уларнинг тафаккури шундай таъсирни қабул қилишга тайёр эди. Табиатга қайтишни зимдан тарғиб қилувчи миракизм ва бошқа ҳаракатлар, инсон – бор-йўғи ривожланган ҳайвондир, деган ана шу қарашнинг маҳсули ўлароқ майдонга чиқди. Каримов бугун ана шу ҳаракатнинг энг биринчи қаторида турибди. Унинг исломни жиловлашга қаратилган чираниши, фикримизга яққол мисол бўла олади. Бу ҳеч нарсани англатмагани каби Ўзбекистондаги диний уламоларнинг ана шу ҳаракат таъсирида экани, уларнинг ҳамжиҳатликда исломни шу ҳаракат дастуруламали билан ҳаётга тадбиқ этиб келаётгани – ўзбек жамиятининг фожеаси, албатта. Бунинг ислом оламига заррача ҳам нуқсон етказа олмаслигини, улар хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Мусулмон оламида ҳамиша катта рол ўйнаб келган бир миллат, бу каби сурункали зулмлар остида тўпорилашиб, маънавий ҳудудларини йўқотиб боряпди, холос…

Миракизмда хунук ва ахлоққа зид ҳаракатлар жиноят ҳисобланмайди. Қонуннинг вазифаси – иллатнинг йўлини тўсиш эмас, уни йўлга солиб, бошқариб туриш. Фоҳишабозлик – қонуний машғулот. Судхўрлик билан ҳукуматнинг ўзи шуғулланади. Қиморбозлик қонун йўли билан тақиқланган бўлса-да, турли дабдабали номлар остида гуллаб, гуркирайди. Ичкиликбозлик авжида. Ҳозирги ҳолати билан турли иллат, фалокатларни урчитувчи кино санъати ва саёз эстрада қўшиқчилиги миллий бойликлар манбаи деб мақталиб, кўкларга кўтарилади. Радио-телевидение – фақат эрмак, ўйинлар воситаси, халққа маърифат тарқатиб, ахлоқ-одобни яхшилаш ўрнига, тингловчиларни ахлоқсизлик, енгилтакликка ундайди. Расман сензура бўлмаса-да, аслида мавжуд бўлган сензура сиёсий ва маъмурий масалаларда жуда ҳушёр, аммо ахлоқий масалаларга келганда, карахт тортиб, дамини ичига ютади.

Парнографик ва ҳар хил сийқа адабиёт ижтимоий онг устига бало-қазодай ёпирилади. Аммо давлат машинаси камдан-кам ҳолларда унга қарши чиқади. Ахлоқнинг бузилиши билан халқнинг саломатлиги ҳам ёмонлашади. Бозорларда сунъий жинсий воситаларию қўзғатувчи дорилар биринчи қарашда унчалик кўзга ташланмасада, аслида улар пештахталар ортида тўлиб-тошиб ётибди. Уларни ташқаридан турли йўллар билан мамлакат ичкарисига ташувчилар ва ишлаб чиқарувчилар жазога тортилмайди, балки ҳукумат амалдорларига пора бериб ёки жиноят оламининг отамонларига йирик бадаллар тўлаб, тараллабедод қилиб юришаверади. Буларнинг барчасига сабаб шуки, бу мамлакатда давлат фаолияти дину диёнатга эмас, моддий фаровонликка суянади.

Аксинча, Тангри пайғамбарлари таълимотига суянган давлатлар биринчи галда маърифат ва ахлоқий баркамоллик учун курашади.

Халифа Умар ибн Абдулализга у жорий этган ислоҳотлар туфайли давлат хазинасига тушум камайиб кетганини айтиб, шикоят қилишганда, у “Ҳазрат Пайғамбар дунёга устоз, мураббий қилиб юборилган, закот йиғувчи эмас” деб жавоб берган. Ана шу қисқа иборада халифа ислом давлатининг бутун фалсафасини ифода этган, яъни халқнинг ахлоқий, маънавий баркамоллигини биринчи ўринга қўйган. Солиқ, бож-хирожлар фуқаролар турмушининг ривожи ва давлат идорасининг яхши ишлашига хизмат қилиши керак. Уларнинг бошқа қиймати йўқ.

Бундай давлатларда сиёсий ва иқтисодий масалалар дину диёнат нуқтаи назаридан туриб муҳокама этилади, моддий манфаатлар маънавий манфаатларга бўйсундирилади. Судхўрлик, қиморбозлик, бузуқчилик, фоҳишабозлик каби  хатти-ҳаракатларга бу давлатларда йўл қўйилмайди. Айрим шахсларга даромад келтириб, жамиятга зиён етказадиган ҳамма нарса тақиқланади, гарчи бундан давлат хазинаси зарар кўрса ҳам.

Бу мамлакатларда ўтказиладиган ислоҳотлар халқнинг фақат ташқи юриш-туришию турмуш даражасини яхшилашни эмас, унинг маънавиятини кўтаришни ҳам кўзда тутади. Зеро, пок ахлоқий туйғуларни сингдирмай туриб, инсонларни чинакам ахлоқ-одобли, бахтли-саодатли қилиб бўлмайди. Шунинг учун ислом давлати шаҳвоний ҳирсу ҳавасларни қўзғатувчи ҳамма нарсага чек қўяди, санъат ва саноат йўли билан бузуқчилик, ахлоқсизликни тарғиб этувчиларни жамият душманлари деб атайди ва уларни жазолайди. Сабабки, давлат ўзини миршаб эмас, ахлоқ ва ижтимоий фаровонликнинг қўриқчиси деб билади. Ваҳоланки, миракизм бузғунчиликни ва ахлоқсизликни саноат йўли билан бутун дунёга ўзбек аёллари тимсолида тарғиб ва ташвиқ қилади.

Қуръони каримда айтилади:

“Биз уларни ер юзида ғолиб қилсак, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар” (22:41).

Замонавий этика – ахлоқ тезроқ бой-бадавлат бўлишни тарғиб қилиб, мол-бисот йиғиш пойгасини авж олдирди. Натижада бозорлар энг замонавий товарлар, маҳсулотлар билан тўлиб кетди. Бу молларни сотиб олишга харидорларнинг қурби етадими, етмайдими, одамларга қандай ижтимоий ёки ахлоқий таъсир кўрсатади – бу нарсалар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Магазинлар сўнгги бичимдаги кийим-бош ва пойафзалларга лиқ тўла. Зебу зийнат, ҳашаматга хизмат қилувчи буюмлар ақлни шоширади. Аммо бу нарсалар тезда модадан чиқади, ўрнини бошқаси эгаллайди, аслида улар ўша эскининг бир оз ўзгартирилган нусхаси. Гуллаб, яшнаб яшаш, зеболик, орасталик талаблари кун сайин ўзгаради. Маиший турмуш қулайликлари тўхтовсиз ошади, бироқ бу нарса ҳаётни енгилроқ ва бахтлироқ қилмайди, турмуш қиймати узлуксиз ўсиб боради. Кеча яхши деб ҳисобланган даромад бугун кун кечиришга етмайди…

Хуллас, “қаноат” сўзи бугун ўз маъносини йўқотиб бўлди. Инсон руҳан бахтсиз бўлиб қолди. Ҳозирги ижтимоий муҳит инсондан тиришиб-тирмашиб энг юксак турмуш даражасига чиқишни талаб қилади. Ҳозирги замон кишиси бутун борлиғи билан ана шу вазифани бажаришга интилади. Аммо умр бўйи давом этган кураш сўнгида, мақсадга еттим, деганда, кўзланган марра яна баландга кўтарилади. Бу нарса ҳаётни маъносиз корхонага айлантиради. Инсон руҳан тушкунликка тушади.

Хуллас, Ўзбекистонда бахт ва роҳат камчил бўлиб қолди. Уйлар, хонадонлар ором-фароғат масканлари бўлиш ўрнига гўёки инсон бахти учун зарур деб ҳисобланган у ёки бу нарсанинг йўқлиги боис чинакам дўзах, жаҳаннамга айланмоқда. Бу биринчи навбатда, газ ва электр тақчиллиги, қолганларининг номларини бармоқ букиб санаса, соатлар етишмайди…

Бизнинг давримизга келиб дунёда улкан илмий ва техналогик тараққиёт юз берди. Тараққиёт ёки прогрес деб аталган бу ҳодисани инсонийлик нуқтаи назаридан қараб, баҳолашга ҳаракат қиламиз. Кўрайликчи, илму фан инсон учун яратган муҳит инсон руҳига қанчалар мос ва мувофиқ келади…

Ислом нуқтаи назарича, илмдан мақсад – инсон шахсининг чинакам ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, табиатда яширин куч ва имкониятлардан фойдаланиб, ҳаётни ҳар жиҳатдан бойитиш, фаровон қилишдир.

Қадимул айёмда инсон фақат яёв саёҳат қилган. Кейин от-уловдан фойдаланишни ўрганган, сўнгра арава кашф этилган. Аммо у – тиниб-тинчимас жон. Ҳамиша ўз ҳолатидан норози, ҳамиша кўпроқ ва яхшироқ қулайликларга интилади. Инсон эҳтиёжлари ошган сайин унинг қулайлик ва тезлик ҳақидаги тасаввурлари ҳам ўзгара борди. Янада тезюрар ва қулай улов турлари яратилди, денгизда елканли кемалар ўрнини параходлар эгаллади, ерда ва ҳавода ажойиб суръат ва ишонч билан саёҳат қилишга имкон берувчи воситалар ихтиро этилди. Улар турмушни яхшилашга хизмат қиларкан, бу – Тангрининг марҳаматидир. Зеро, Қуръони каримда бошқа жонзотларга берилмаган, аммо саёҳат учун одамзодга берилган афзалликлар “Тангрининг неъмати” деб аталади.

“У яна сизлар учун иссиқ кийим ва турли манфаатлар бўлсин деб чорва молларини ҳам яратди ва улардан тановул қилурсиз. Яна сизлар учун уларда кечқурин ўтлоқдан қайтаётган ва тонгда ўтлоққа кетаётган пайтида гўзал манзара пайдо бўлур. Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни  яратди. Яна сизлар ҳали билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (16:5-8).

“Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (17:70).

Эргаш Сулаймон