Мустамлакачиларга алёр

Мустамлакачиларга алёр
80 views
11 January 2015 - 20:56

Шу кунларда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Тошкентни руслар тарафидан босиб олинишининг 150 йиллигини иштиëқ ва севинч билан нишонлаб ëтибди.

Бу тадбир қатнашчилари эса руслар бизга баҳт саодат ва фаровонлик олиб келди деган гапларни айтишмоқда. Ўтган жума бу мавзуни Озодликнинг Қурултой эшиттиришига олиб чиқдим. Қурултойда қатнашган журналист Шароф Убайдуллаев ва шоир Рифат Гумеров ҳам “бизга маданият келтирган русларга” алëрлар айтишди.

Агар ўрислар қайтиб келса нон туз билан кутиб оламиз деганлар кўп эканлигидан маюс бўлдим. Шу ўринда бундан 150 йил олдин ўз имтиëзларини ўйлаб Чимкент дарвозасини русларга очиб берган сотқинларни ҳам эслаш жоиз.

Тарихчи Ҳамид Зиëевдан иқтибос:
1864 йил 12 июнда рус аскарлари Туркистон шаҳрини босиб олиб 4 замбарак, 117 милтиқ, 200 ггуд порох, 100 пуд қўрғошин ва бошқа нарсаларни ўлжа олганлар. Урушда руслардан 5 киши ўлдирилиб, 33 киши жароҳатланган. Руслар Туркистон шаҳрига 1495 снаряд, 43208 ўқ отганлар. Бу — жанг даҳшатли бўлганлигидан, кўп кишилар ҳалок этилганлигидан далолат беради.
Аммо шаҳар катталари, хусусан шайхулислом Насрулло Исҳоқов, нақиб эшон Алиакбархўжа Хонхўжаев, азизлар — Шарифхўжа Бекбетов, қозикалон Отахўжа Бухоров, Қози Эшонхўжа Мазлумхўжаев, Қози Ботирхужа Хўжабеков, аълам Абдушукур Қўрмонбеков, раис Ғарибхўжа Афзалхўжаев, Асқархужа Судурхонхўжаев ва бошқа кишилар генерал Веревкин номига қуйидаги мазмунда хат ёздилар: «Биз ўзимиз Қўқон хонлиги даврида Мирза Давлатнинг ғайриқонуний сиқувлари ва зулмидан холи булиш учун шаҳар дарвозасини очдик ва ихтиерий равишда император олий ҳазратларига бўйсундик.

Биз қўқонликларнинг зулмидан ва зўравонликларидан ҳамда юз бераетган қимматчиликдан жуда қашшоқлашдик, эҳтиёжимизнинг қондирилишига ниҳоятда муҳтожмиз. Шу боис янги ҳукмдоримизга бахт-саодат тилаб қуйидаги сўровларимизнинг инобатга олинишини илтижо қиламиз:

1. Ҳозиргача сақланиб келаётган барча ҳуқуқларимиз ва эҳтиёжларимиз ўз кучида қолдирилиб, ҳамма ишлар ислом дини доирасида амалга оширилсин, суд ҳам шариат асосида олиб борилсин.
2. Отамерос сифатида фойдаланилаётган ерлар, боғлар ва тегирмонлар ҳамда шаҳар ичида ва ташқарисидаги пулга сотиб олинган ерлар шахсий мулк ҳисобида сақлансин.
3. Эндиликда Рус давлати тобелигига ўтганлигимизни ва камбағаллигимизни назарда тутиб, бизларни закот, хирож (буғдойдан), хонадонлардан ва жон бошидан олинадиган барча солиқлардан озод этилсин.
4. Ҳарбий хизмат бизга татбиқ этилмасин, бошқа барча давлат ишлари эса бажонидил бажарилади.
5. Биз хўжалар — Ҳазрат Султоннинг авлодлари қадим вақтлардан буён ва хонликлар даврида ҳам барча давлат солиқларидан озод этилган ҳолда ўзимизнинг еримизга, боғларимизга, тегирмонларимизга тўла эгалик қилиб келганмиз. Бундан буён ҳам мазкур имтиёзлар қолдирилсин. Шунингдек, Ўртоқ ва Суяр сингари икки ариқ сувидан фойдаланишимизга ҳеч ким тўсқинлик қилмасин».

Кўриниб турибдики, бир гуруҳ дин пешволари, биринчи навбатда, ўз имтиёзларини сақлашга кўпроқ эътибор берганлар. Улар шу даражада нодонлик қилганларки, ислом динида бўла туриб «кофирлар» қўл остида яшашни афзал кўрганлар. Улар учун имтиёзлар сақланса, бас. Амалда эса, улар «ёмғирдан қутулиб қорга тутилган» кишилар эди.
Шуҳрaт Бобожон

“Озодлик” радиосининг ходими