Холдор Равшан: Ўтюрак-жабрдийда Малоҳат Эшонқуловага холис тилак ва маслаҳатим

Холдор Равшан: Ўтюрак-жабрдийда Малоҳат Эшонқуловага холис тилак ва маслаҳатим
86 views
12 January 2015 - 14:54

Душманингни душмани дўстинг бўлади,  душманингни дўсти душманинг бўлади …

Авваломбор, маҳоратингизни тан олмоқлигим лозим, мана шуни профессионализм дейдилар. Журналистлар эса сўз меъмори – устаси, ҳар бир сўзида профессионал бўлишлиги …
Сабабики, аввалига маиший муаммонгизга-ака-сингиллар ўртасидаги уй-жой муаммосига ЎзМТРКнинг нима айби бор –деб тушунмаган, ҳатто энсам ҳам қотган эди, аммо мулоҳаза юритсам, ҲА, нафақат айбдорликда алоқаси, балки айнан асосий айбдор бизнинг еттиюзламачи ЎзМТРК эканлигини, яъни коса ичида ним коса эканлигини англадим, шу сабабли ёзмоқдаманки, мендан бошқалар ҳам худди шундай фикрга келишган бўлсалар ажаб эмас.

Фақат сиз, сўз меъмори сифатида, ўзбек лексиконида «иккиюзламачи» деган сўз бор, бироқ «еттиюзламачи» деган сўз йўқ-ку – деб эътироз билдиришга шошилманг ҳаргиз … Айнан бугунги ҳукуматнинг ва унинг матбуотининг ҳийлалари «иккиюзламачилик» эмас, балки айнан «еттиюзламачилик» эканлигини мен изоҳлаб бера оламан ва ана ўшанда ўзбек лексиконига янги маънодаги сўз киритилди деб ҳисобланадими, ё Ўзбекистон ҳукумати ҳийлакорлигининг яна бир ўзбекона модели – еттиюзламачилик сиёсати –деб баҳоланадими, буни ҳаёт кўрсатади…(ушбу хақда, Худонинг хохиш иродаси билан кейинроқ  батафсил юзлашамиз ва фикрлашамиз – деган умиддаман)

Ахир, ростдан ҳам бутун дунёда ҳақиқатни ёритиш – жамиятдаги ҳар қандай негатив ҳолатлар ва ҳақсизликларни рўйи-рост халқ эътиборига ва ҳукмига ҳавола этиш айнан ТВ ва даврий матбуотнинг Олий «Святое»  вазифаси эмасми?

Бу жабхада, жамиятда ошкоралик, демократик тамойилларнинг қарор топишида телевидениянинг роли ниҳоятда катта ва салмоқли эканлиги ҳам айнан ҳақиқат эмасми?

Аммо ва минг бора афсуслар бўлсинким, бизнинг ўзимизга хос-ўзимизга мос Ўзбекистон телевиденияси «ўзбекча модели» ҳақида бу сўзларни айтиш еттиюзламачилик, ё ахмоқлик, ё лақмалик бўлар эди..

Айнан Ўзбекистон телевидениясига муносиб баҳо берган, таниқли журналистимиз ва холис фикр соҳиби,  Исмат ака Хушевдан ортиқроқ бирор нима дейишим ножоиз бўлса керак…

Фақат шуни айта оламанки, Ўзбекистон МТРКнинг асосий «Святое» -вазифаси эрта-ю кеч бўялган, сунъий ва ясама ҳаётни кўрсатишдан иборатлиги –ёлғонлар ва сохта мақтовларнинг кети узилмаслиги ва кўзбўямачилик, «гипноз» билан одамларинг онгини заҳарлашлари натижасида ҳар қандай ҳақиқат ва ошкораликни ўзларига беаёв ёв деб билишлиги ва шунинг учун ҳам сиз ва оташқалб дўстимиз Нарзулло Охунжоновга ўхшаган бошқа кўплаб адолат ва ҳақиқат истовчиларни МТРК остонасидан қувлаб ҳайдашлари ва кетидан уларни ёмонотлиққа чиқариб қора чаплашлари, бунинг натижасида сизга ўхшаган ҳар бир ўтюрак ҳақиқат ва ҳуррият истовчи инсонларни ўз яқин қариндош уруғлари билан ўзаро душманга айлантириб қўйишлари – яъни: «Душманингни душмани -дўстинг бўлади, душманингни дўсти душманинг бўлади …»   -қабилида иш тутишлари билан ҳам айнан айбдор эканликлари айнан хақиқатдир.

Фақат ушбу хақиқатни, ўша сизни душман билаётган яқинларингиз ўз жигарларингиз ҳам тўғри англамоқлиги ва сизнинг курашингиз айнан ўшаларга ўхшаган, бугун сизни айблашга оғиз жуфтлаётган қариндош ва бошқа мазлумлар ҳаққи ва эрки учун эканлигини тўғри англамоқлиги  лозимдир…

Энди асосий мақсадга келсак: –«Болаларимнинг бошпанасини танлайми, ё онамнинг ори, орбрўини, кўнгил ҳотиржамлигиними? Сиз қай бири учун курашган бўлардингиз?» -дебсиз!
Авваломбор, -«Уй талашиб ўз акам билан судлашгудек бўлсам, жигарларимни биру нольга урадиган инкор қилиб бўлмайдиган далилим қўлимда.  Бироқ… Судда ғолиб бўлганим билан, онажонимнинг орини бой бериб қўймайманми? Муштипаримни армонлар бўҳронига отмайманми, тириклай гўрга тиқмайманми?» -деган фикрингизга мутлақо  қўшилмайман…

САБАБ:
Биринчидан: Кекса онангизнинг ҳотиржамлигини ўйлаш лозим, яъни барча дарду-аълам ва муаммоларни у кишига баён этиш шарт эмас! Ўлим ҳақдир, аммо менинг бир беъмаза сўзим бор: -ҳеч қачон ота-онани, фарзандлари, уларни ўз ажаллари билан ўлишигача олиб бормайдилар…

Иккинчидан: Танингизга солиб ўйлаб кўрингчи, сиз учун иккала болангиз қанчалар азиз бўлса акангиз учун ҳам фарзанди азиз эмасми, қолаверса акангиз, ўзингизнинг ёзишингиз бўйича, сизнинг уйингизга кўз тикмаган, аксинча ўғли сиз туфайли 8 йилга озодликдан маҳрум бўлган – деган фикрда сиздан аламзада экан, холис фикрланг, бечора отани ҳам тўғри тушунинг…

Демак нима қилмоқлигингиз керак:
Аваломбор аниқлашга ҳаракат қилиб кўрингчи, акангизнинг ўғли, айнан сизнинг мардонавор ҳақиқатпарастлигингиз қурбони бўлдими, ё ўзи билиб билмай қонун бузиб жазога тортилдими, унутмангки, жиноят процессуал қонунининг принципи: –«Жиноятга жазо муқаррарлиги», худди шунингдек  «айбсиз киши жазоланмаслиги шартлиги»дадир. Бу ҳар қандай кишилик жамиятидаги муҳим ва муқим адолат тарозими бўлмоқлиги лозим!…

Агарки, акангизнинг ўғли ўз айбига муносиб жазога тортилган бўлса, буни ҳам инкор этмаслик лозим. У ҳолда акангизнинг аҳволини тўғри тушунишга ҳаракат қилиб, эхтиёткорлик билан унга тушунтиришга ва далда бўлишга ҳаракат қилинг, бу йўлда жаҳлга эрк бериш ярамайди, зеро; жаҳл келганда – ақл тарк этар бизни…  Сиз сўз устаси-меъморисиз, акангиз балким …

Агарки, акангизнинг ўғли, айнан сизнинг ҳақиқат ва адолат куйчиси бўлганлигингиз муносабати билан ноҳақ жазога тортилган бўлса, буни ҳам инкор этмаслигингиз лозим, гарчанд аччиқ бўлсада, демак, сизда бошқа йўл йўқ, айнан битта йўл: Акангиз билан судлашиш ва ўз ҳақ –ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш ва фарзандларингизнинг бошпанасини-ёпинчиғини асраб қолиш. Аммо бу ҳақда 90 яшар оналаримиз билишлари шарт эмас ва энг асосийси сиз ушбу ҳаракатингиз билан акангизнинг ўғлининг аҳволини ҳам енгиллаштиришга эришасиз. Унутманг, сарлавха остига кўз ташлаб қўйинг…

Учинчидан: Унутманг, битта-ю –битта акангиз билан мулк талашиш жанглари қалбингизнинг жуда ҳам тўридан жой олмасин, кейинчалик тиш суғургандек оғриқли бўлмасин, ёруғ кунлар келганида жигарлар ўз жигарлик фаолиятини қайта тикласинлар, тиббиётда ҳам энг тез ўзини тиклайдиган организм жигар эканлигини унутманг, кесиб отиб юборманг…

Тўртинчидан: Сиз исёнкор журналист эмассиз, ишонманг ва ўзингизга исёнкор деган баланд баҳо қўйиб юборманг, сиз бор-йўғи адолатсизлик уруғи авж олган тузумга нисбатан норозилик кайфиятига, адоғсиз адолатсизликларга нисбатан нафрат туйғуси ила “яшаётган”, ҳадсиз-ҳисобсиз ҳақсизликларга қарши мардоновор кураша олаётган бир ожизасиз холос. Аммо кўпгина ўзларини эркакман деб ўз-ўзларига маҳлиё юрганлардан ортиқроқ жойингиз ҳам бор ишонаверинг…

Бешинчидан ва асосийси: Энг аваламбор соғ-омон бўлинг, ўз соғлиғингизни асранг, билингки сизнинг соғлиғингиз фақат ва фақат ўзингизга керак, сизни қалбдан севган инсонингизга ҳам, ҳаттоки жонингиздан азиз бўлган фарзандларингизга ҳам соғлиғингизнинг копияси бўлса ҳам асқотавериши мумкин, зеро: тани бўлак-дарди бошқа. Шунга кўра ўзингизни асранг, сиздай оташқалб ҳақиқат посбонлари бечора ўзбек халқига ҳам керак, ҳеч бўлмаганида копияси…

Холдор Равшан