Каримов руҳан мурдага айланган бўлса ҳам, жисмонан бугун бор…

Каримов руҳан мурдага айланган бўлса ҳам, жисмонан бугун бор…
145 views
12 January 2015 - 15:20

1

“Фитратга мактуб ёҳуд руҳ билан суҳбат” туркумидан

“Ўша зот барча жуфт нарсаларни яратди ва сизлар учун кемалар ва чорва ҳайвонларидан уловларни пайдо қилди. Токи сизлар уларнинг устига мингайсиз, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Раббингиз неъматини эслаб айтурсиз: Бизларга бу уловни бўйсундириб қўйган Зотга тасбиҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар барчамиз Раббимиз ҳузурига қайтгувчидирмиз” (43:12-14).

“Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик масофани босиб ўтадиган шамолни бўйсундирдик (34:12); Бас, тилагини бажо қилиб, унга у истаган томонга унинг амри билан майин эсадиган шамолни бўйсундирдик” (38:36).

Бу неъматларга муносабатда художўйлар билан миракизмчилар, яъни худосизлар ўртасида катта фарқ бор. Художўй улардан фойдаланаркан, қалбида чуқур шукурона туйғусини ҳис қилади, чунки билади: фақат Тангрининг марҳамати унга ҳайвонларни, ёғочни, пўлатни бўйсундирди, акс ҳолда у ожизу нотавон бўлиб қолаверарди. Художўй яна билади: шундай кун келадики, у ўз кучи ва имкониятларидан қандай фойдалангани ҳақида ҳисоб беради:

Миракизмчилар: тинчлик ва тўкин-сочинчиликлари сабабчиси, дея президент Каримовни кўрадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ бандаси нимани тиласа, ўшани етказади. Дину диёнатнинг, миллатнинг инқирози ҳисобига шоқол базм қилаётган каримизмчилар билмайдиларки, Аллоҳ уларнинг ниятларини ижобат этяпди. Улар мунофиқона ҳаётни хуш кўряптиларми, бировларнинг қайғу-ғами, азоб-уқибатлари ҳисобига тўй-томошалар қилишни истаяпдиларми? Уялмаяптиларми, ёлғон гапиришдан ўзларини тия олмаяптилар, уялмасинлар, ёлғон гапираверсинлар. Марҳамат… Шундай кун келадики, улар ҳам ўз кучи ва имкониятларидан қандай фойдалангани ҳақида ҳисоб берадилар.

“Дарҳақиқат, биз Раббимизга қайтамиз” (43:14).

Сулаймон алайҳиссалом шундай деган эди:

“Мен Раббимга шукур қиламанми ёки ношукурлик қиламанми, бу имтиҳон этиш учун берган фазлидандир. Ким шукур қилса, бас, албатта, у фақат ўзи учун шукур қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим ҳамма нарсадан беҳожат ва кароматлидир” (27:40).

Художўй киши асбоб-ускунаси ва табиат кучидан унумли фойдаланади. Уларни имон, адолат ва ҳақиқат йўлида ишлатади, зотан, уларнинг яратилишидан асл мақсад ҳам мана шу.
“Биз темирни туширдик. Унда қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Тангри Ўзига ва пайғамбарларига ғойибона ёрдам берадиган кишиларни билиш учун темирни яратди. Албатта, Тангри кучли ва қудратлидир” (57:25).

Тангрига ишониб, Тангридан қўрққанлар ҳеч қачон ёмонликка қайишмайди. Мусо алайҳиссалом айтган эдиким: “Эй Раббим, менга қилган инъоминг ҳаққи, ҳеч қачон жиноятчилар (гуноҳкорлар)нинг ёнини олмайман” (28:17).

Хуллас, чинакам эътиқод инсонни шуҳратпараст ва исрофгар бўлмасликка ундайди ва унга уқтирадиким, у – оламни тўлдирган бойликларнинг эгаси эмас, қўриқчисидир, уларнинг Яратувчиси ва ягона эгаси Тангри таолодир, бас, улардан қандай фойдалангани ҳақида у Парвардигор ҳузурида жавоб беради. Дунё бойликларига художўй, тақводорлар қандай муносабатда бўладию худосиз, миракизмчиларга ўхшаган бетавфиқлар қандай ёндашади, бу ҳақда Қуръони каримда мисолллар кўп. Бир томонда Юсуф алайҳиссаломни кўрамиз, у дунёвий шон-шуҳратнинг чўққисида туриб, Яратганга шукурона айтади:

“Эй Раббим, менга подшолик ато этдинг, яна барча тушларнинг таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва ерни бунёд этган Зот! Дунё ва охиратда ўзинг Эгамдирсан. Ажалим етганда мусулмон ҳолимда вафот этдир ва мени солиҳлар қаторига қўшгил” (12:101).

Сулаймон алайҳиссалом юксак улуғворлик чўққисига етишганда ҳам тақводорлик ила Тангри олдида бош эгади ва дейдики:

“Ё Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукур қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин” (27:19).

Бошқа томонда имон-эътиқоддан маҳрум, бойлик ва ҳокимият туфайли масту аласт миракизмчилар кўзга ташланади, улар бирор кимсанинг ўзларидан устун ёки кучли бўлишини тасаввур этолмайдилар.

“Бас, Од қабиласи ерда ноҳақ кибрландилар ва “Куч-қувватда бизлардан ким зўрроқ?” – дедилар. Ахир, улар ўзларини яратган Тангри куч-қувватда улардан зўр эканини билмадиларми? Улар Бизнинг оятларимизни инкор этувчи бўлдилар” (41:15).

Шундайлардан бири Қорун эди. У ўз даврининг энг бой-бадавлат кишиси эди. Қавми унга танбеҳ берди: “Мағрурланмагин! Чунки Тангри мағрурланганларни севмас. Тангри сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Тангри сенга эҳсон қилгани каби сен одамларга эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Тангри бузғунчиларни севмас” (28:76-77).

Каримов ким бўлибди?! У ҳам биз каби бир ожиз ва гуноҳкор инсон…

Ўз куч-қудрати билан мағрурланиш, Абадий Мислсиз Қудрат ҳам башар, ҳам табиат устидан назорат қилишини инкор этиш шундай қабоҳатларни келтириб чиқардики, энди улар олдида барча ахлоқ қонун-қоидалари, жумла гуманизм, инсонпарварлик талаблари писанд бўлмай қолди. Дарвоқе, дунёнинг тараққиёти ва бахту саодати илму фан, ҳокимият ва бойликлар дину диёнтанинг қаттиқ назорати остида бўлишини тақозо этади.

Каримов руҳан мурдага айланган бўлса ҳам, жисмонан бугун бор, эртага йўқ. Ислом режаси – абадий режа. Замонлар кечаркан, у ўз кучини йўқотмайди, устувор бўлиб тураверади. Мусулмонлар ана шу дину диёнатлари билан инсоният ахлоқининг посбонларидир. Улар уйқудан уйғонишса, ўз мажбуриятларини бажаришга киришадилар, ўша кун дунё халқлари учун тарихий кун бўлади. Уларда учқун бор, бир кун у аланга олиб, жаҳолат иморатини ёндиради. Ана шу ҳақиқатни ифодалаш учун шоир ва мутафаккир Муҳаммад Иқбол “Иблиснинг маслаҳат кенгаши, 1936” достонида Шайтони лаин тимсолини чизади. Дунёнинг ёвуз руҳлари тўпланишиб, уларнинг ҳукмронлигига хавф-хатар солаётган таҳдид ва таҳликалар ҳақида гапиришади. Маслаҳатчилардан бири демократияни янги дунёнинг энг янги иллати деб атайди. Бошқаси коммунизмни эслатади. У дейди:

“Ўсиб, улғайиб бораётган бу таҳдид шу қадар қўрқув уйғотдики, дарёлар, тепалар, олис тоғларни ҳам титроқ бости. Эй ҳукмдорим, ҳадемай дунё қулайди, Сенинг қўл остингдаги дунё!”
Иблис уларни юпатади, хавф-хатарларни бартараф этиш учун тузган режаларини баён этади. Кейин у ҳақиқий таҳдид, таҳлика ҳақида сўзлайди. Гарчи унга қарши барча чораларни кўриб қўйганман, аммо унинг имкониятлари шу қадар улканки, баъзида ўйлаб, ўйимга етолмайман, дейди Лаин.

У яна қўшимча қилади:

“Мен шундай одамлардан қўрқаманки, уларнинг ҳатто кулида ҳам ҳақиқат учқуни бор… гоҳида уларнинг орасида саҳарлаб кўз ёши тўкиб, таҳорат олганларни кўраман…”

Тарих асроридан огоҳ бўлганлар билур,
Коммунизм хатарлимас, хатарли ислом.
(Ёки, миракизм хатарлимас, хатарли ислом)
Мен биламан, тарк этишди Қуръонни улар
Ва уларга имон бугун – сармоя, сарват.
Шарқни қуршаб олган зулмат қўйнида бу дам
Донишмандлар дини ислом нуридан маҳрум.
Аммо қўрқаманки, аср эҳтиёжидин
Ислом қонунлари яна бўлгуси пайдо.
Қўрқинг Пайғамбарнинг ўша қонунларидан,
Аёлларнинг номусига суянчдир улар,
Эркакларнинг мардлигига таянчдир улар
Ва ҳар қандай қулликка ҳам беришар барҳам.
Улар учун тенгдир ҳоким билан фуқаро,
Бойликларни аритади ахлат, ғубордан,
Бойлигига посбон қилур давлатмандларни,
Бундан ортиқ муҳим нарса бўлгаймидир, бас,
Ер Худога тегишлидир, подшоларгамас!..
Бундай қонун йироқ бўлсин кўзлардин, йироқ,
Хайриятки, эътиқоддан маҳрум мусулмон,
Майлига, у майда-чуйда талқинлар ила
Илоҳиёт зулматида юрсин саргардон…
Кейин Иблис ўз кенгаши аъзоларига шундай маслаҳат беради:
Тонготарга уланмасин тушкунлик туни,
Йўқса, гумбурлаган ўша дуо, такбирлар
Замонлару маконларни ағдариб, йиқар.
Мен дейманки, йўл бермангиз дини исломга,
Босган қадамлари бўлсин беҳуда, абас.
Яшайверсин шеърияту тасаввуф билан,
Улар тўсиб турсин уни ҳаёт саҳнидан.
Қалтирайман, уйғонмагай, уйғонса, илло
Шу дунёга бўлмагай деб яна раҳнамо…

Эргаш Сулаймон