Збигнев Бжезинский: Дунё янада мураккаблашди (“Nikkei”, Япония)

Збигнев Бжезинский: Дунё янада мураккаблашди (“Nikkei”, Япония)
34 views
13 January 2015 - 17:51

122014 йили совуқ урушдан сўнги даврнинг тугаганлигини ифодаловчи турли ҳодисалар содир бўлди: Россиянинг Украинага кириб бориши ва Қиримни қўшиб олиши, Ироқ ва Суриядаги бошбошдоқлик, Хитойнинг денгиздаги ўз таъсирини мустаҳкамлаши. Совуқ уруш давридан сўнг дунё иккита буюк давлатнинг ўзаро қарама-қаршилигидан аста-секинлик билан янада мураккаброқ бўлган дунё тартиботига ўтди. Хитой ва АҚШ ўртасидаги рақобатни совуқ уруш давридаги рақобатдан фарқловчи иккита муҳим факт мавжуд. Иккала томон ҳам мафкуравий курашга зўр бераётгани йўқ ва ўзаро муросанинг муҳимлигини тўғри англаб етишмоқда.

Осиёга нисбатан АҚШ режаларининг жуда ноаниқлиги ва бу эса унинг Осиёдаги иттифоқчилари ва Хитой ўртасидаги кескинликни кучайтираётгани ҳақида фикрлар бор. Мен бунга қўшила олмайман. Агар давлатлар низодан қанчалик йироқлашадиган бўлса бу иккала томон учун ҳам фойдали бўлишини Вашингтон жуда яхши ифода қилди.

Хитой ва Ҳиндистон ҳамда Япония ва Хитой ўртасидаги мулоқотнинг бошланиши Пекиннинг ўтмишдаги келишмовчиликларни ўтмишда қолдириш лозимлигини англаганига ишорат қилади. Унинг устига, бундай низолардан Хитойнинг ўзи ҳам жиддий зарар кўради.

Яна битта масала – нефт нархларининг пасайиб бориши ва ғарб санкциялари фонида Путин маъмуриятининг қанчалик бардош бера олишидан иборат. Агар россия иқтисодиётининг ўсиш суратлари пасайишда давом этса бу қандай хатарларга олиб келиши мумкин?

Шубҳасиз, президент Владимир Путиннинг кенг қамровли жаҳон инқирозини келтириб чиқариш ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасида тўғридан-тўғри уруш бошлаш хавфи бор. Воқеаларнинг бундай ривожланиши оқибатларини олдиндан башорат қилиш имкони йўқ, бироқ ҳар қандай ҳолатда Россия жиддий зарар кўради.

Агар россия иқтисодиёти инқирозда қолишда давом этадиган бўлса ва Ғарб Россиянинг қарши чораларига муносиб жавоб бера оладиган бўлса муаммони ҳал қилишнинг бир нечта йўллари мавжуд. Улардан бири ўзим яратган “Украинанинг финляндиялашуви” концепциясидир. Унинг амалга ошиши бевосита Украинанинг мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларига нисбатан Ғарбнинг кучли қўллаб-қувватловига боғлиқдир.

Ҳозир АҚШ учун Вьетнамдаги урушда бўлгани сингари “чекиниш даври” эмас. Ҳақиқат шундан иборатки, кучларнинг глобал тақсимланиши натижасида АҚШ ҳегемонлигини тўхтатди. Улар дунёнинг янада мураккаблашганини тушунишлари лозим.

Яқин Шарқда низоларнинг чуқурлашиб бориши АҚШ нинг фаол аралашуви туфайли эмас, диний қарама-қаршиликлар туфайли рўй берди. Бундай беқарор вазиятларда Туркия, Эрон, Саудия Арабистони, Миср ва Исроилнинг ҳам манфаатларига эътибор қаратиш лозим. Қўшма Штатлар фақат биргина давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилмагани маъқул.

Америка-хитой алоқалари ҳақида ижобий гапиришнинг иложи йўқ.

Америкалик таҳлилчилар ХХР ва АҚШ алоқаларининг иккита сйенарий бўйича ривожланиши мумкинлигини тилга олишади. Биринчиси шундан иборатки, мамлакатлар тинч ҳолда алоқаларни давом эттиришади ва Хитой АҚШ нинг ҳегемонлигига қарши чиқмайди. Менинг нуқтаи назарим ҳам ушбу прогнозга яқиндир. Гап шундаки, материкдаги кучнинг денгиз кучига айлана олиши мушкулдир. Бироқ, бунга қарама-қарши нуқтаи назар ҳам мавжуддир. Унинг тарафдорлари эса “ривожланаётган давлат йирик ва кучли давлатга айланса бошқа йирик давлатлар билан рақобатлаша бошлайди”, деган тарихий тажрибага таянишади. Агар Жанубий-Хитой денгизидаги вазиятга қарайдиган бўлсак, афсуски иккинчи нуқтаи назарнинг ҳақиқатга кўпроқ яқинлигига гувоҳ бўламиз.

Эслатма:

Збигнев Бжезинский (86 ёш) Поьшада туғилди ва Канадада улғайди. Ҳарвард Университетида сиёсат фанлари доктори даражасини олди. Картер маъмурияти пайтида миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчи лавозимида ишлади.
 
ЎХҲ ахборот бўлими

Мақоланинг асл матни: 米ジョンズ・ホプキンス大教授ズビグニュー・ブレジンスキー氏――世界秩序の複雑化認識を(グローバルオピニオン)