“Битта ҳамакни дея, олтмишта бегуноҳ одамни ўлдириб бўлмайди”…

“Битта ҳамакни дея, олтмишта бегуноҳ одамни ўлдириб бўлмайди”…
58 views
14 January 2015 - 15:49

4“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик туркумидан

Муҳаммад Солиҳга ўшанда, “нуфузли мулозим”нинг сени самолётдаги олтмиш атрофидаги лайчаларинг билан ҳавода портлатиб юбориш хусусидаги таклифи нима учун ёқмаганди, ҳалигача ҳам тушунмайман. У нуфузли мулозимдан: “У билан нечта кимса учяпди”, дея сўраган эди. Мулозим: “Олтмишдан ошиқроқ” деганда, Муҳаммад Солиҳ: “Битта ҳамакни дея, олтмишта бегуноҳ одамни ўлдириб бўлмайди” дея, таклифга қатъий норозилик билдирган эди.

Рости, мен бугун бу иддаони асосли бир сабаб эди, дея, ҳисобламайман. Жиддий асослар бўлса ҳам, ўтган йиллардаги миллатнинг сен туфайли “мустақилликка” берган катта талофатларидан сўнгра, Муҳаммад Солиҳнинг қарорини тан олишга бўйним ёр бермайди. Муҳаммад Солиҳ бир оғиз “келишдик” деганда эди, сен бугун дунёда йўқ бўлардинг. Ўзбек маърифатсиз амир ва хонлари мерос қолдирган руҳий тушкинликни ва Сталин қатағонларини сенинг қиёфангда қайта бошдан бошидан кечирмасди, чуқур изтироблар қуршовида, бир жойда депсиниб, замондан орқада қолиб кетмасди. “Поездни темир изларга туширган” Муҳаммад Солиҳга ҳам бир-икки муддат президентлик ўрни кифоя қиларди, мамлакатни навбатдаги президентлик сайловида ютиб чиққан шахс бошқарарди. У Бил Клинтонга ёхуд шунга ўхшаш демократ президенларга ўхшаб бугунги кунда китобини ёзиб, халқининг ҳурлиги ва мамлакатининг тараққиётидан қувониб, терисига сиғмай юрган бўларди.

Нуфузли мулозим, унга: “Сиз сиёсатни, мен эсам, иқтисодни яхши тушунамиз. Сиз мамлакат президенти, мен эсам … лавозимини эгаллаб, икковлон юртни гуллаб-яшнатишимиз керак, халқнинг елкасига офтоб тегади. Биз шунга мажбурмиз, бўлмаса, бу эшак эртага юртни чиқиндихонага, халқни тиланчига айлантиради” дея, ўшанда уни кўндиришга роса ҳаракат қилиб кўрди…

Ўшанда, сен билан битта самолётда учаётган “…олтмишта бегуноҳ”, чинданам, бегуноҳ эдими?! “Бегуноҳ” бўлса, улар нажосатга қўнган пашшалар каби бир-бирларидан сени кимса билмас талашиб, нима учун қовунчининг қанжиғига илашган кўппаклар сингари куйикиб, бир-бирларидан қизғанишиб, баланд деворлар орасидан Азимбойнинг дарвозасини тополмаётган лўлидай, кеча-кундуз атрофингда уймаланишаётган эдилар? Аслида, уларни ажалнинг домига ҳакалак отган нафслари ҳайдаб келмаган эдими? Сенга яқинлашган ҳар қандай одам учун муқаррар ажал эканлигинг, уларга ноаён эдими?

Барчаси, аён эди!

Шон-шуҳрат, мол-дунё ёнида, уларнинг кўзларига жонлари кўринмаётган эди, холос. Миллат, Ватан эҳтиёжларини инобатга олмаган, шахсий манфаати йўлида халқига, мамлакатига хиёнат қилишдан тоймайдиган у кимсалар, аслида, шунга лойиқ эмас эдиларми?! Таги суриштирилса, улар бунданда баттар, бунданда оғир жазоларга мубтало бўлиб, ўлиб кетмаганмикинлар, деган ўй қамрайди бугун ҳар қандай одамнинг бошини?! Ўша одамларнинг бугун нечтаси тирик бўлиши мумкин? Нечтаси сенинг зулмингдан, фисқи-фасодингдан, туҳматлару фитналарингдан бошини омон сақлаб қола олган бўлиши мумкин?! Албатта, буни бир Аллоҳнинг ўзи билади. Аммо, шуниси аниқ-ки, уларнинг ҳеч бири сенга эргашиб, виждону иймонини сотиб, на ҳаловат, на мол-дунё орттира олди. Улар сенгача топган обрў-эътиборларини ҳам, ҳаром-ҳалол йиққанларини ҳам, думсиз кучукдай соянгга эргашиб, сувга оқиздилар. Бугун буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Чунки, сенинг қўлингда ёпиқ картанинг ўзи қолмади…

Нуфузли мулозимнинг ўзи ҳам оловингга ёниб, бошидан не-не кўргуликларни, хору зорликларни кечирмади. Пировардида, у сендан ўлиб қутулди. Қулай фурсатни қўлдан бой бериб, унинг орзулари шамоллар совурган сомонларга, армонлари дод-фарёдга айланди. Ситамларинг ва ноҳақ берган зулмларингдан юраги қора қон боғлаб, ёруғ кунлари доғули кечаларга эврилди. Ўлаётиб ҳам, ихтиёрида сени йўқотиш имконияти нақд бўла туриб, сени ер юзидан супириб ташламагани учун у афсус ва надоматлар ичра жон таслим қилган бўлса, не ажаб…

Ҳолибуки, сен унинг ва Муҳаммад Солиҳнинг истиҳоласи эвазига жонингни асраб қолган эдинг. Тахтни тасарруфингда ушлаб қолишинг ва ҳокимиятнинг тўла жиловини қўлга олишинг ҳам, аслида, ўша мулозимнинг бошида, сенинг авровларингга ишониши ҳисобига амалга оширилган эди. Сени охирида, тўғри англагани каби у Муҳаммад Солиҳни бошида тўғри англаганда эди, барчаси бошқача бўларди…

Аслида, ўша нуфузли давлат мулозимини ҳам иложсизлик “авлиё”га айлантирганди. Англаганида эса, ҳаммасига кеч бўлганди. Орқадаги кўприклар ёндирилган, олдиндаги йўлларни қон тўкиб, ҳийла-найранг ишлатиб кечиб ўтишга тўғри келарди. Бу иш шу учун ҳам Муҳаммад Солиҳга ёқмаган бўлиши мумкин эди. У ёлғонни ва ҳийла-найрангни, шу кабилар эвазига қўлга киритилган барча нарсаларни ёмон кўрарди. Қон тўкилишини хоҳламас эди. Ҳар не ёмон ишни ҳам сулҳ ва маърифат билан яхши тарафга ўзгартириш учун интиларди. Аммо, асрлар бўйи илм-фан ва маърифатга тиш-тирноғи билан қарши бўлиб келинган бир юртда, қай бир ҳукмдор ўз-ўзидан илм-фан ва маърифатнинг ёйилишига йўл берарди? Халқнинг кўзи очилишини – фуқаронинг ўз тақдирига ўзи эга бўлишини – оддий одамларнинг давлат бошқарувида фаол иштирок этишини, бизнинг ҳудудларда қайси бир ҳукмдор хоҳларди? Ҳеч ким, албатта!

Айниқса, ана шу тузумнинг жабрдийлари бўлмиш оддий одамларнинг ичидан чиққан ҳукмдор, ҳеч бир замонда бундай бўлишини хоҳламаган бўларди. Яна, унинг насл-насаби бетайин бўлса…
Ўзбекнинг қўлидан бир замонлар инон-ихтиёри зулм билан, қон тўкиш, қирғинбаротлар ҳисобига тортиб олинган эди. Озодлик ва Эрк – яна қурбонлар бериб, қон тўкиб олиниши мумкин эди, жон бермасдан жонни асрамоқнинг имкони йўқ эди. Уруғ ташламасдан ҳосил олиб бўлмаслиги хусусида, ўшанда ҳеч ким бош қотирмасди. Ҳамма, ўзича уруғ ташланмаган ерга ишлов бериш билан овора эди. Тупроқнинг кимёвий таркиби – халқнинг хоҳиш-истаги ҳам улар учун аҳамиятсиз эди. Улар, умрида қўлига кетмон олиб кўрмаган деҳқонга ўхшар эдилар.

Иккинчи томондан, мухолифат ич-ичидан бир-бирини ейишга тушганди. Ошкораликнинг – етмиш йил зичлаб ёпилган эшиклари олдида, қўққисдан пайдо бўлиши – “Миллий Озодлик” нима, ухлаб тушларида ҳам кўрмаган кўп одамларни мансаб ёхуд шон-шуҳрат васвасасига солиб қўйди. Улар поездан кечиккан йўловчиларга ўхшардилар. Ўпкалари шишиб, тиллари оғизларидан бир қарич чиқиб кетганидан, на эшитишга, на фикрлашга тоқат қила олардилар. Ҳозироқ эга бўлмасалар, бир нимадан қолиб кетадигандай, мансаб ва мартаба бўлашишга шошардилар. Ҳеч ниманинг шунчаки осонлик билан қўлга киритилмаслиги, уларни ўйлантирмас, уларга бетийиқ эҳтирослари ва ҳавойи ҳиссиётлари йўлбошловчи, раҳнамо эди. Улар, шу чоғгача ҳам қуруқ қўл билан ҳаёт сўқмоқларида адашиб юриган бир соя эканликларини, бундан кейин ҳам ақлу ҳушларини йиғиштириб олмасалар, қуруқ қўл билан қолаверишларини ночор ва қоронғи тасаввурларига сиғдиришга ожиз эдилар. Улардан кўпчиликлари, орадан йигирма йил вақт ўтиб ҳам, буни англаб етмади.

Йигирма йил аввал дунёга келган йигит-қизларнинг аксарияти эса, бугун оилали бўлди, фарзандлар кўриб, турли касб эгаларига айландилар. Президент Каримов билан улар, ҳали, бундан чорак аср олдин бошланган катта ўзгаришлар бекатида, ёмон туш кўриб уйғонган жинни каби нима қилишларини билмасдан, карахт, бошларини ушлаб ўтирибдилар. Ҳалигача, улар бекатдан замонни ва маконни ортиб, ҳар икки томонга қатнаётган уловларнинг қайсиси қаерга боришидан бехабарлар.  Шунинг учун ҳам ҳеч бирига чиқишга юраклари дов бермайди, улар адашиб, бошқа манзилларга кетиб қолишдан, қайтиб, изларини топа олмасликларидан қўрқадилар. Шунинг учун ҳам, уларнинг ҳалигача Муҳаммад Солиҳни кўрарга кўзлари бўлмаса ҳам, шуурлари унинг бир кун Ватанга ўзгаришлар олиб киришига умид боғлаб, юраклари Ўзбекистонга талпинади. Улар, аслан ичларида, ўзлари билан ўзлари ҳам чиқиша олмайдилар. Шунинг учун ҳам президент Каримов каби пойма-пой гапирадилар, кечаги айтган гаплари бугунги кунларига мос тушмайди…

Эргаш Сулаймон