Қирғиз депутати: “Динимиз устидан кулишса жим турмаслик керак”

Қирғиз депутати: “Динимиз устидан кулишса жим турмаслик керак”
51 views
15 January 2015 - 16:43

2“Муҳаммад алайҳиссалом карикатуралари бутун дунёга тарқалди ва мусулмонларда норозилик келтириб чиқарди”, дейди Қирғизистон парламенти депутати Ўмурбек Бакиров 15 январь куни Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган мажлис чоғида.

Миллат вакилининг фикрича, диний раҳнамолар ва республика ҳокимияти вакиллари Оврўпада мусулмонларнинг озорланишига нисбатан ўз муносабатларини билдиришлари ва бу борада расмий позицияни эълон қилишлари лозим.

“Французлар демократия учун курашмоқда. Бироқ “Шарли Эбдо”да амалга оширилган террорчиликдан сўнг мусулмонларга нисбатан босим ва таъқиблар бошланди”, – дея ўз позициясига аниқлик киритади депутат.

Шунингдек, у Қирғизистон аҳолисининг 80%и мусулмонлардан иборатлигини ва шунинг учун ҳам қирғизистонликлар “Шарли Эбдо” эълон қилган карикатураларга нисбатан ўз муносабатларини билдиришлари кераклигини қайд этди.

“Яқинда бир нечта одам Франция элчихонаси олдида намойиш ўтказишди. Улар “Шарли Эбдо” журналига нисбатан ўз норозиликларини билдиришди. Динимиз устидан кулишса биз жим турмаслигимиз керак”, – дея Бакировнинг сўзларидан иқтибос келдиради “Вечерний Бишкек”.

ЎХҲ ахборот бўлими