Foreign Policy: Россиядан қайтган муҳожирлар ички режимларни ағдариши мумкин

Foreign Policy: Россиядан қайтган муҳожирлар ички режимларни ағдариши мумкин
99 views
15 January 2015 - 19:05

3Россиядаги иқтисодий инқирознинг мамлакат ичидаги беқарор ички сиёсий вазиятга жиддий таъсир кўрсатувчи томонлари ҳам бор, деб ҳисоблайди Foreign Policy шархловчиси Рейд Стэндиш.

Федерал миграция хизмати маълумотларига кўра, Россиядаги меҳнат муҳожирларининг сони ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 70% га қисқарган.

“Бу эса Россияда зўравонликни касб қилган миллатчилик ҳаракатлари учун ўзига хос бир совға бўлди дейиш мумкин”, – дейилади мақолада.

Йиллар давомида Россияда меҳнат муҳожирлари сонининг ортиб бориши, аксарияти Марказий Осиёлик бўлган муҳожирлар ва маҳаллий этник славянлар ўртасида тўқнашувларни келтириб чиқарди. Бироқ шунга қарамасдан муҳожирлар Россияга интилишди. Чунки Россиядаги меҳнат шароитлари ва имкониятлари ўз ватанларидаги шароитлардан анча яхшироқ эди. Натижада эса, Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон иқтисодиёти ҳорижда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмаларига қаттиқ боғланиб қолди, деб ёзади Инопресса.ру.

2014 йилда бошланган рубль инқирозидан сўнг эса, ушбу пул жўнатмалари қиймати қарийб икки баробарга қадрсизланди. Кўпгина муҳожирлар Россияга боришдан кўра ўз уйларида қолишни афзал кўришмоқда.

Унинг устига россия ҳукумати мамлакатнинг бир қатор минтақаларида ксенофобиянинг кучайиши шароитда меҳнат муҳожирларига нисбатан назорат режимини янада кучайтирди. Сўнги ярим йил ичида қонуний асосларда ишлаётган меҳнат муҳожирларига нисбатан ҳам бир қатор янги чекловлар жорий қилинди.

Фуқароларнинг ишлаш учун ҳорижга чиқишдан воз кечишлари Марказий Осиёда сиёсий беқарорликларни келтириб чиқариш мумкин, деб ҳисоблайди муаллиф.

2008 йилдаги иқтисодий инқироздан сўнг Россияда қурилиш соҳаси буткул ўтириб қолганди ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ўз юртларига қайтиб келишганди, дея эслатади у. “Норозилар иқтисодий имкониятларнинг йўқлигидан ва сиёсатчиларнинг тутуруқсизлиги натижасида 2010 йилнинг апрель ойида норозилик намойишларини бошлаб юборишганди ва Бакиевнинг коррупциялашган ҳукуматини ағдариб ташлашганди”, – деб ёзади муаллиф.

Эндиликда эса, ишсизларнинг янги авлоди коррупция ботқоғига ботган ва иқтисоди турғун ҳолдаги Марказий Осиё давлатларига қайтиб келишмоқда. Бу эса Россия атрофидаги яна бир қатор ҳукуматнинг ағдарилишига олиб келиши мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими