Тошкент коллежларида “гестапо”ча тинтувлар бошланди

Тошкент коллежларида “гестапо”ча тинтувлар бошланди
194 views
16 January 2015 - 15:11

13Жорий йилнинг 5 январь кунидан эътиборан Тошкент шаҳридаги МХХ, прокуратура ва ИИБ вакилларидан ташкил топган 6 кишилик гуруҳлар пойтахт коллежларида ўқувчиларни “гестапо” усулида тинтув қилишни бошлаб юборишган. Коллежларга киравериш пунктларида улар йигит-қизларнинг уяли телефонларини олиб қўйиб, ичидаги фото-, аудио- ва видеоматериалларни ўзига хос “экспертиза”дан ўтказиб, телефонлардаги файлларни Ўзбекистон қонунларига мос ёки зидлигини аниқлаш ишларини олиб боришмоқда.

“Таътидан келганимиздан кейин уч кун давомида 2 нафар милиция ходими, 2 нафар прокуратура ходими ва 2 мххчидан иборат гуруҳ коллежимиз кириш пунктида бизларни тинтиб, телефонларимизни титкилаш билдаш банд бўлишди. Ана шу уч кун давомида ўзимизни касб-хунар коллежи ўқувчилари эмас, ҳудди фашист концлагерининг маҳбусларидек хис қилдик”, – дейди Тошкент шаҳри Юнусобод тумани коллежларидан бирининг ўқувчиси. Унинг айтишича, пойтахтлик “гестапо”чилар телефонлардан диний мазмундаги материалларни қидиришган.

“Лекин улар биронта одамдан диний фото ёки видео топа олишмади. Аксинча кўпчиликнинг телефонларидан фақат порнографик материаллар топилди”, – дейди юнусободлик ўқувчи. Унинг сўзларига кўра, уч кунлик тинтувдан сўнг коллеж раҳбарияти “гестапо”чилар гуруҳига катта миқдорда пул йиғиб, уларни “рози” қилиб юборган. “300 кишилик коллежимиз талабаларининг телефонларидан уятсиз расм ва видероликлар чиққани учун кураторларимиз ҳар бир ўқувчидан уч минг сўмдан пул йиғиб, “гестапо”чиларга беришди ва улар ҳеч кимга ҳеч қандай чора кўрмасдан кетишди”, – деди коллеж ўқувчиси.

Айни шаклдаги тинтувлар пойтахтнинг Миробод, Яшнаробод, Чилонзор ва Сирғали туманидаги коллежларда ҳам ўтказилган. Баъзи ҳолларда коллеж ўқувчиларининг телефонларидан диний мазмундаги материаллар топилган. Тинтув гуруҳи бу ҳолатларда “айбдор” ўқувчиларнинг “ишлари”ни расмий экспертизага жўнатиб, уларнинг ота-оналарига нисбатан босим ўтказиш ишларини бошлаган.

ЎХҲ ахборот бўлими