МХХ ўз гўштини ўзи ея бошлади

МХХ ўз гўштини ўзи ея бошлади
21 views
18 January 2015 - 10:16
 Бир ой ичида МХХнинг икки полковниги қамоққа ташланди!
Қашқадарё вилояти МХХсининг собиқ бошлиғи полковник Иброҳим Деҳқонбоев 15 йиллик қамоққа ҳукм қилингани ҳақида “Узметроном” сайти тарқатган хабарни “Озодлик” радиосининг Қаршидаги манбалари ҳам тасдиқлади.“Деҳқонобоев устидан ҳукм бундан икки ҳафтача аввал ўқилгани тўғрисида биламиз”, деди “Озодлик” манбаси.МХХ полковниги Иброҳим Деҳқонбоев ўтган йилнинг августида, катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда айбланиб, ҳибсга олингани тўғрисида “Озодлик” ўша пайтда хабар қилган эди. У билан бирга МХХнинг бир неча ходими ҳам қўлга олинган эди.

Бу маълумотни ҳокимият тизимларидаги ишончли манбадан олганини айтган “Узметроном” нашри бош муҳаррири Сергей Ежков ҳам, “Озодлик” билан суҳбатда, Деҳқонбоев дохил гуруҳ устидан ҳукм бир неча ҳафта аввал Сурхондарёда ўқилганини билдирди.

Деҳқонбоев билан бирга МХХнинг ҳуқуқ-тартибот органларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Санжар Йўлдошев ҳам қўлга олинганини хабар қилган эди. “Ундан бир ҳафта аввалроқ эса, вилоят МХХ иқтисодий жиноятлар бўлими раҳбари ҳам ҳибсга олинган эди”, дея билдирганди “Озодлик” манбаси.

Иброҳим Деҳқонбоев етакчилик қилган гуруҳ нафақат Қашқадарё вилояти, балки ўзи туғилиб ўсган Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳам ўнлаб миллион АҚШ долларига тенг безнес тузилмаларини назорат қилиб келган.

– Бу ишда Бўстонлиқ туманидан жуда кўп одам ўтган. Чунки унинг, яъни Деҳқонбоевнинг кўплаб уйлари бўлган. Бу уйлар ижарага берилган ва баъзиларида фоҳишахоналар ташкил қилингани айтилмоқда,- деди “Озодлик” радосига Ежков.

Ўзбекистон Республикаси МХХсининг яна бир нуфузли зобити Жавдат Шарифхўжаев ҳам 4 йилга қамоққа ҳукм қилингани тўғрисида “Озодлик” радиоси хабар қилган эди.
МХХнинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи, 50 яшар полковник Шарифxўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган.

Хабарларга кўра, Иброҳим Деҳқонбоев ва Жавдат Шарифхўжаев устидан ўтказилган маҳкамалар бир-бирига боғлиқ эмас.

ЎХХ хабар бўлими