Маънавий нурашлар, турмушга келди…

Маънавий нурашлар, турмушга келди…
58 views
19 January 2015 - 15:19

1290-йиллар шеърияти туркумидан

Динга хуруж бўлди…    
Динга хуруж бўлди, жон танда толон,
Миллат қонлар қусди, ичидан нолон,
Мўрмалахдек босди, ишқ боғин ёлғон,
Дарёлар тортилиб, жумбушга келди.

Тутнинг кавагидек, ўртанар жигар,
Кўпдан ташламайди ой нури гавҳар,
Қуёшнинг нурлари сочади заҳар,
Маънавий нурашлар, турмушга келди.

Миллатнинг бирикмас бир ерда боши,
Хорижда мардикор, қариси, ёши,
Ҳар куни келади, тобути, лоши,
Донолар камайиб, ҳуш тушга келди.

Топтадилар, табиатни беаёв,
Қанот боғлаб учган хаёллар яёв,
Бу элларга керак эмас ортиқ ёв,
Ота билан ўғил, жиқ-муштга келди.

Сафо, Аллоҳдандир, балки бу фармон,
Бўлмаса, ношудлар, бунчалар кордон,
Миллатнинг устида тўрт юз йил нодон,
Шердек, наъра тортиб, хуружга келди.

Ишонгим, шунда мен…
Баҳорда уйғонган куртакни ногоҳ,
Чирт узса, бандидан совуқ бир томчи.
Бўлолмаса, ранглар хазондан паноҳ,
Руҳимда акс этган нурлар, алдамчи.

Жилоларда ҳаёт айтмаса, қўшиқ,
Бекорга сузмоқда, кўкнинг ойлари.
Ёлғондан кўксингга муштлама, ошиқ,
Йиғлангиз, садоқат фидойилари.

Жинлар, қарсга тушинг, сизники даврон,
Шайтонлар измида экан бу дунё.
Қалбларни ўртасин, майлига армон,
Кўзланган манзиллар, бўлса гар рўё.

Бўлмаса, ердаги ҳар битта гиёҳ,
Руҳдаги ранглардан топсин, ҳаловат.
Боғларни чалмасин, совуқ ел ногоҳ,
Ишонгим шунда мен, бор деб, муҳаббат!

Очун      
Кўзларимда товланма, очун,
Жодулама, дилни бу қадар.
Мен биламан, сени инчинун,
Юзинг кулар, ичингда кадар.

Неча ботирларнинг бошини,
Қумга кўмган фоҳиша, тулсан.
Подшоларнинг тўкиб, ёшини,
Элантирган, бераҳм қулсан.

Бойқарога нозланган малак,
Оғу тутдинг, бода деб ногоҳ.
Тескарига айланди, фалак,
Мўминмирзо, бўғизланди, воҳ.

Насимийни оздириб йўлдан,
Товонидан дарё этдинг, қон,
Ғозлар учди, ишқнинг кўлидан,
Эшкакларсиз, қалқиди имон.

Фош этиб сўнг Мансур ҳолини,
Мўминларга айладинг, бадном.
Ол алвондек тўкиб қонини,
Қонга ёздинг, тўқсон тўққиз ном.

Толстойни юз йил аврадинг,
Бу дунёда, дея бахтни, нақд.
Мужда берди, қайтиб, овладинг,
Жилвасини, кўрсатганда Ҳақ.

Чингиз каби қонхўр дастида,
Мусулмонни этдинг, хор, беҳад.
Яратган ҳам недир, қасдида,
Мазлумларга бермади мадад.

Шоҳ Машрабнинг оёқларидан,
Ечиб олдинг, чориқларини.
Сўнгра, тахтга ўтқаздинг бирдан,
У бутлади, ёриқларини.

“Осинг”, дея шоҳ этди ҳукм,
Ёлғондакам, сиёсат учун.
Вазирлари эди жуда шум,
Ўтказмадинг, имконни очун.

Тонгда туриб Маҳмуд Қатағон,
Шоҳ Машрабнинг билди, ўлганин.
Юрагига жойлаб, пушаймон,
Гум айладинг, уни ҳам ботин.

Улуғбекнинг олтин бошини,
Кўк қаъридан, уздирдинг, юлдуз.
Ўз ўғлининг зангли қиличи,
Ота бошин қонга қорди юз.

Кўзларимда товланма, очун,
Жодулама, дилни бу қадар.
Мен биламан, сени инчинун,
Юзинг кулар, ичингда кадар.

Мени ҳам тинч қўймайсан, ҳеч чоқ,
Фикри-ёдинг тузоқ ҳамиша.
Қўлларингда бор эгри ўроқ,
Қонли бошлар, сенга бир пеша.

Сафо Турон