Урганчда Россиядан қайтган меҳнат муҳожирлари экстремизмда айбланиб қамалди

Урганчда Россиядан қайтган меҳнат муҳожирлари экстремизмда айбланиб қамалди
95 views
19 January 2015 - 16:42

12Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди 12 январь куни Россиядан қайтган тўртта шахсни конституцион тузумга тажовуз, таъқиқланган диний экстремистик гуруҳлар фаолиятида иштирок этганлик ва ноқонуний диний адабиётларни тарқатганлик айби билан саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди Озодлик радиоси ўзбек хизмати.

Судланувчилар 42 яшар Шерназар Норбоев, 31 ёшли Базиргон Сафаев, 30 ёшли Дилмурод Ўринов ва 27 ёшли Алишер Сайфуллаевлардир. Уларнинг яқинлари ва танишларининг айтишича муҳожирлар Россияда ишлаган вақтларида давомли масжидга боришган.

“Акам 2005 йилда ишсизлик туфайли Россияга кетиб қолган эди. 2014 йилгача Россияда ишлади. Ўзбекистонга келиб турар эди. Сўнгги бор ўтган йилни август ойида келганида уни майда безорилик айби билан милицияга олиб кетишди. Кўчада бир қизга тегажоғлик қилдинг, деб милицияга олиб кетишди. Ҳибс учун сабабни ўйлаб топишди. Борса¸ у билан Россияда бирга ишлаган бошқа йигитлар ҳам ўтирибди. Уларни ўн кун сўроқ қилиб, диний фундаментализм билан боғлиқ айбловларни қўйишиб, қамаворишди. Уйингдан диний адабиёт чиқди, Россияда масжидга боргансан, таниқли имомларни ваъзларини тарқатгансан, деб шунақа айблов қўйишди”, – дейди маҳкумлардан бирининг қариндоши.

“Бу йигитлар билан бирга ишлаганман. Шерназар Хонқанинг Қирқёп қишлоғидан. Ўқитувчи бўлган. Ишсизликдан шу ерда тирикчилик қилиб юрганди. Базиргонни ҳам биламан, у ҳунарманд йигит. Дилмурод ва Алишерлар диндан умуман йироқ йигитлар эди. Россияга келганидан сўнг нaмоз ўқишни бошлашган. Москва чеккасидаги Зенигород шаҳарчасидаги масжидга бориб туришар эди. Лекин уларда экстремистик ёки фундаменталистик ўй-фикр йўқ эди. Ҳамма қатори нaмозга келишар эди. Менимча, бу йигитлар ҳақида нотўғри маълумот етиб борган ва уларни ноҳақдан қамашган”, -дейди қамалган йигитларнинг Москвада яшовчи таниши.

Қайд этиш лозимки, аввалроқ Норвегиядан қайтган олтита Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи муҳожирлар ҳам юқоридаги айбловлар билан 12-13 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

“Озодлик”нинг маълум қилишича сўнги йилларда Россия ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари терроризмга қарши кураш борасида фаол ҳамкорликни амал оширишмоқда. Хусусан, россия махсус хизматлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига қидирувдаги муҳожирларнинг расмлари ва видеоматериалларини етказиб беришмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими