“Жоҳил ва Қонхўр”

“Жоҳил ва Қонхўр”
200 views
19 January 2015 - 17:00

12

“Шаҳидлар хиёбонидаги масхарабозлик” туркумидан

Ўшанда, Муҳаммад Солиҳ Республикадаги энг нуфузли давлат мулозими таклифига қўшилганда, Ўзбекистон ва Туркистон ҳудудларидаги қолган мустақил республикаларда, қандай ўзгаришлар содир бўлиши мумкин эди? – деган ҳар бир одамда ҳақли савол туғилиши табиий.

Аввалло, шуни айтиш жойиз, ҳар нарсани билгувчи биргина Аллоҳнинг ўзидир. Биз ожиз бандалар, бўлиб ўтган ҳар қандай воқеа ва ҳодисадан мантиқий хулосалар чиқариб, сиёсий ва иқтисодий йўналишларни минг бора ҳисоб-китоб қилиб, ҳукумат бошидаги раҳбарларнинг билим савияси, феъл-атворини ўргана туриб, эртанги кун хусусида эҳтимолий тахминларни ўртага ташлашимиз мумкин, холос. Натижаларнинг не чоғли ҳаққонийлиги эса, ақл-фаросатимизнинг не қадар дунёни идрок эта билишига боғлиқ. Ҳар не деганда ҳам, ўзини содиқ фуқаро ҳисоблайдиган ҳар қандай кимса учун ўртача бўлсада, мустақил фикр билдириш ёмон иш эмас…

Жавоб шуки, сен бартараф қилинганингда: биринчи навбатда, халқ сеники, дея кўриладиган Голищев ва Бронштейнлар қоралаган 20 томга яқин алжираганларингни эшитиб, кўнгли айниб ёхуд мажбурлаб сотилган китобларингни қаерга ишлатишни билмасдан, ҳожатга ишлатиб, яроқсизлигидан кетига путур етказиб овора бўлиб юримасди. Иккинчидан ўзбек жамиятининг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи Болтиқбўйи Республикалари фуқаролариникидан паст бўлмасди. Ўзбекистон иқтисоди эса, уларникидан бир неча баробар юксакроқ бўларди. Қўшнилар билан Оврупо иттифоқига ўхшаш қанақангидир сиёсий-иқтисодий маконга, масалан: Турон Иттифоқига асос солиниши мумкин эди. Чегараларни тиканли симлар билан ўраб олишга ҳожат қолмас эди. Азалий қадрятлар ва муштарак тарихга эга халқлар бемалол бир-бирлариникига бориб-келиб, қўлни-қўлга бериб елкама-елка туриб, яшайверардилар. Уларнинг ўзаро муаммолари бўлмагани каби, дунёда бирликларига рахна солувчи бошқа бир куч ҳам топилмас, топилгудек бўлса, Турон бирлиги ҳар қандай ҳамлага зарба беришга ҳозиру нозир турарди. Марказий осиёликлар умумий уйлари бўлмиш Туркистонни тараққий эттириш ва уни дунёдаги илғор давлатлар сафига қўшиш учун биргаликда куйиб-пишардилар. Омонсиз ва таҳликали замонда, ҳали Россиянинг феъли ўзгариб қолса, қайта босиб олмасмикин, Хитой бу кетишида, аждарҳо чувалчангни ютиб юборгандек, бир кун бизни ютиб юбормаса гўрга эди, дея юрак ҳовучлаб, яшамас эдилар. Қозоқ қардошларнинг ихтиёридаги ядро қуроллари, уларнинг тасарруфида қолиб кетганда эди, нур устига аъло нур бўлар эди. Русларнинг украинлар бошида синаб кўрган амалиётларини, бизнинг бошимизда синашларига юраклари бетламас эди.

Ўша замонларда, битта иттифоққа бирлашиш учун Тошкент ҳукуматидан бошқа, қолган тўрт республиканинг бошида турган раҳбарларнинг иштиёқи баланд, интилишлари самимий эди. Улар Туркистоннинг юраги Ўзбекистон эканлигига ҳамиша ишониб келган эдилар. Сенинг бетутруқлигинг ва кейинроқ ошкор бўлган махфий, боз устига учига чиққан тирсиллама раққосалигинг, Турон бирлигига рахна солиб турарди. Тилингда бошқа гап, дилингда бошқа режалиги ҳаммага аён эди. Сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларнинг марказида турган Ўзбекистон қолганларнинг фикрларини ва таклифларини жиддий қабул қилса, олам гулистон бўларди. Албатта, шундай бўлиши, йўқса, шунга ўхшаш бирор тизим ўйлаб топилиши – замон ва тарих тақозоси эди. Сен йўқ бўлгач, бошқа Туркистон Республикалари раҳбарлари “сиёсатни – ўйин” дея, англаб, найранглар зоҳир қилишингдан ҳадиксирамас эдилар. Шунингдек, қирғизлар билан ўзбекларнинг орасида ҳеч қачон низо келиб чиқмас, Тожикистондаги ур-тўполонлар содир этилмас эди. Чунки, кейинги ўртага чиқадиган вазиятлар, сенинг манфаатларинг ва қарашларингга тескари бир ҳолатда ривожланарди. Ҳар икки Республиканинг Ўзбекистоннинг тажовузидан қўрқиб, Россиянинг пинжига тиқилишига эҳтиёж қолмасди.

Нуфузли мулозимнинг некбин нияти ижобат бўлганида, яъни бахтли тасодиф туфайли ҳавода самолёт портлаб, жасадинг тилка-пора бўлиб, ерга тушгунча, ёниб кулга айланарди. Кулингни Зелимхон билан Исмоил Жўрабеков йиғиб олиб, жизғанаги чиққан туфлинг билан мадипаланингга қўшиб, қутичага жойлардида “Биродарлар қабристони”га кўмарди. Сўнгра бюстингни мармартошга ўйиб, тагига номингни ёзардиларда, тунукадан қирқилган гулчамбарни ҳар хил ранглар билан бўяб, бўйнингга осиб қўярдилар.

“Бахтли тасодиф” деётганимнинг сабаби, ўшанда сен портлатиб юборилганингда, биринчи галда, оилангнинг бошига қанчадан-қанча бахтсизликларни келтирмаган бўлардинг. Улар сен ўлган кунингнинг эртасига кўч-кўронларини йиғиштириб, Ўзбекистонни “елкамизнинг чуқури кўрсин” дея, Исроилга кўчиб кетардилар. Ўша ёқларда, феълларига монанд турмуш кечириб, ўзларига мос бирор касбнинг эгаси ўлароқ, “Борса-келмас”даги “Жаслиқ” қамоқхонасига тушган аксар маҳкумлар сингари ном-нишонсиз гумдон бўлардилар. Ўзбек уларнинг овозини эшитмагани каби қизларинг ҳам халқнинг ичган ошига оғу сололмас эди. Невараларинг ҳам кун келиб, сенинг фитналаринг ва фисқ-фасодларингдан холи, униб-ўсиб, қўлида қурол, Фаластинга қарши тиш қайраб юрган бўлардилар. На қизларинг, на невараларинг на мусулмонларга, на ўзбекистонликларга нафратини яшириб ўтирмасди… Ҳар ҳолда, номинг яхшилик билан эсланмагани каби ёмонлик билан ҳам эсланмасди. Усмон Хўжаев, Рафиқ Нишоновлар қаторидаги ўртамиёна раҳбар сифатида, Ўзбекистон тарихида қолардинг. Ҳавода портлаб ўлиб кетганингда, чинданам бахтинг куларди, нобакорликларинг ёппасига фош бўлмас эди. Энди, Сталин, Берия, Муссолини ва Пиночетлар каби қонхўр ва мустабид ҳукмдор сифатида, халқнинг хотирасида ёзилиб қолиб, ўлганингдан кейин ҳам ҳар дақиқада шаънингга лаънатлар ёғиладиган бўлди.

Аллоҳ на тирик пайтингда, на ўлганингдан кейин номинг шараф билан йўқланишини, сенга насиб этмаган экан, нуфузли давлат мулозими билан Муҳаммад Солиҳнинг бу жойда ҳеч қанақа айби йўқ. Улардан хафа бўлмасанг ҳам бўлади. Уларнинг қўлидан келгани, шу экан. Уларнинг ўрнида, сен, сенинг ўрнингда, улар бўлганда эди, сен бунақа имконни ҳеч бир замонда қўлдан чиқармас эдинг. Иккаласига қўшиб олтмиш “бегуноҳ”нинг тагига бахмалдан кўрпача тўшардингда, макр-ҳийла билан кўзларини боғлаб, осмону фалакларда арғимчоқ учирардинг. Учувчилар билан етмишга яқин йўловчи дунёнинг минг бир бурчагига бориб тушарди. Ўлганларидан сўнгра, уларнинг ҳар бирини Ўзбекистон халқ қаҳрамони унвони билан сийлардинг. Куйиб-пишиб, боз устига уларни олий минбарлардан мақтаганинг таъсирида, бениҳоят тўлқинланиб кетган  мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, йигирма икки йилдан буён ер юзи бўйлаб, ҳалигача уларнинг суякларини териб юриган бўлардилар…

Бахтсиз тасодиф туфайли, бугун номинг дунё тарихига катта ҳарфлар билан: “Жоҳил ва Қонхўр” дея, битилди. Пешонанг шўр экан, бадбахт. Энди, бу нарсаларни на йўқотиб, на ўзгартириб бўлади…

Яна, сен бахтли тасодиф рўй бериб осмонда портлаб ўлиб кетганингда эдинг, Ўрта Осиё Республикалари президентлари тақдири ҳам бошқача кечган бўлиши мумкин эди. Уларнинг ичида, энг маърифатлиси ва олижаноби ҳисобланган Асқар Ақаев, сен каби ўз халқини қирғинбарот этишдан қочиб, мамлакатдан чиқиб кетмаган бўларди. Чунки, баъзи бир шовинист тўдаларнинг ваҳшийлашишига эҳтиёж туғилмасди. Қирғизистон ҳақиқатан ҳам дунёда, “Демократия оролчаси” деган номга охиригача содиқ қолиши мумкин эди. Ур-тўполонлар рўй бермаган Тожикистонда эса, Имомали Раҳмон ҳукумат бошига келмасди. Келса ҳам, муддатини ўтаб, ўрнини бошқа бировга бўшатиб берарди. Фалон ёшда ҳам сочини чаппа тараб, ўн саккиз яшар йигитча, бўламан, дея чираниб, ортиқ ўзини қийнаб юримасди. Тилида: “Аллоҳ”, “Аллоҳ” деса ҳам, ошкора худоланадиган Туркманбоши “ғафлат оти”дан йиқилиб, қирчиллама ёшида йигит ўлмасди. Ҳали, жони узилганидан бехабар, нариги дунёда: “Сен кимсан, ўзи? Менинг жонимни оладиган фаришта, ҳали онасидан туғилмаган. Бошингга Абди Қулиев билан Борис Шейхназаровнинг кунини соламан. Ёки ҳозироқ, Туркманистондан чиқиб қочасан, ё қамаласан” дея, Азроил билан ади-бади айтишиб, ўлганидан бехабар, Яратганнинг олдида юзи қора бўлмасди. Марказий Осиёда энг қудратли ва демократик кўринишга эга деб кўрилган Қозоғистон, ҳозирги ҳолатига нисбатан, дунёда икки баробар юқори поғанани эгалларди. Сендан, ўзи, қизларингдан қизлари ўрнак олмаган нуктадон ва мўътадил сиёсатчи Нурсултон Назарбоевнинг президентлик муддатини ўтаганига йиллар кечарди. Оиласи тинч, қизлари билан куёвлари бахтли ҳаёт кечираётган бўлишлари мумкин эди. Унинг обрў-эътибори ҳозиргига қараганда, бир неча баробар юксак бўларди…

Муҳаммад Солиҳнинг Хоразмийлар, Бухорийлару Фарғонийлар йўлини тутганига, аллақанча замонлар ўтди. Унинг суъний воситалар – ароқ ва шу каби бошқа инсоннинг нормал ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган – динда ҳаром қилинган нарсалар билан руҳиятини кўтаришга ҳожатманд эмаслигига ҳам қарийиб, яқинда йигирма йил тўлади. У бугун мусулмоннинг бу дунёда йўқотадиган ҳеч бир нарсаси йўқлигини, уларнинг сен ва сенга ўхшаган Худонинг ва халқнинг душманларига қарши бориб, ўлса – шаҳид, ўлдирса – ғозий бўлишини, ҳар икки ҳолатда ҳам Аллоҳнинг мукофотига сазовар бўлишини – ғолиб бўлишини яхши билади. Наинки, яхши билади, у бутун фитрати, шуури ва руҳияти билан исломни ҳис қилади, ҳар бир нафасини Ватан ва Миллат озодлиги ва Эрки йўлида олиб, шу мақсад билан чиқаради…

Аммо, атрофида, сенинг зулминг ва истибдодингдан қочиб қутилган неча олий тоифали ҳарбий мутахассислар, минглаган мужоҳидлар ва қўлида етарли маблағи бўла туриб ҳам, Миллатни ва Ватанни сенинг асирлигингдан, чорак асрлик истибдодингдан халос этишга шошмайди.

Мен унинг бу мақсади тагида ҳам нима ётганини билмайман. Англашга тиришаману, нима учундир идроким кўп нарсаларга етмайди. Энг асосийси, халқнинг кўзи унинг йўлида тўрт бўлиб, ярим ишорага зор бўлиб турган бўлсаю, у нима учун уни зориқтириш кераклиги, мен учун қоронғу…

Эргаш Сулаймон