Холдор Равшан: “Бундан жамики ҳуррият-адолат истовчилар ҳам ютқазишади…”

Холдор Равшан: “Бундан жамики ҳуррият-адолат истовчилар ҳам ютқазишади…”
102 views
20 January 2015 - 13:15

Мусобақа қилишмоқчисиз – рейтинг  талашмоқчисиз,

бўлмоқчимисиз; – тарафлар йиғиб рейтингда энг зўр?

Мен бир ожиз банданинг, сизга айтар сўзим, гарчи ғўр,

Хақиқий халқ сайловида кўринар;- аслида ким бўлар зўр…

Минг афсуски, биз ўзимизни онгли инсон, деб кўкларга кўтарувчи ожиз мавжудотлар, табиат ва унинг қонунларидан йироқлашиб кетганмиз…

Сабабики, мухолифат ҳали хеч бир кўзлаган олий мақсад-маслакка етиб, ғалаба нашидасини сура олмасдан, рейтинг талашишга ўтиб кетмаяптимикан, ахир йиртқичлар султони мардлик тимсоли шерлар овига бир назар солинг, улар ўзидан 30-40 баробар ҳайбатли ва кучли филга ов бошлашганларида ҳам, ўзаро бир-бирови билан талашмасдан-бўкиришмасдан, ҳеч бир иккиликсиз барча куч ва эътиборини филни йиқитишга қаратадилар ва ниҳоят филни тўлиқ йиқитиб енгишганларидан кейингина, уларда йиртқичлик инстинклари жорий бўлиб, тўш талашиб бир-бирига ўкирикларини намоён эта бошлайдилар.

Нега энди, биз ҳур фикр инсонлар, ҳеч бўлмаганида, бизнинг наздимизда онгсиз ҳисобланмиш йиртқич шерлардек бирдамликда ҳаракат қила олмаймиз?

Ахир бугунги кунда, хоҳ у Ўзбекистон ичида ўз сўзи ва эркига эга бўлмаган, хоҳ Ўзбекистондан ташқарида, маълум маънода ўз сўзи ва эркига эга, аммо ватанига эга бўлмаган ҳуррият ва адолат истовчи жамики Ўзбекистонликларнинг ягона ва Олий мақсадлари: – ҳеч қачон ва ҳеч бир давлатда бўлмаган, яъни аниқ бир юзини-сиймосини топиш имкони бўлмаган алдаркўса сифат-буқаламун мижоз еттиюзламачи ҳукуматнинг тазйиқу қатағонларидан қутулиш ва Ўзбекистонда, том маънода ҳақиқий, қонун устиворлиги таъминланган ва унга барча бирдек итоат қиладиган ҳур ва эркин жамиятни қуриш  эмасмиди?

Мен ҳеч бир сайтнинг ёки ҳаракатнинг расмий вакили эмасман, шунинг учун бир холис киши сифатида, аниқ мақсад сари йўлдан адашмасликни истаб ушбу фикрларни ёзмоқдаман холос, ҳеч кимни ёнини олиш, ёки қоралаш мақсадим йўқ.

Мен, “Дунё ўзбеклари” сайтини унинг асосчиси Исмат ака Хушевни ҳурмат қиламан ва доимо ўқиб бораман, сабаби, у гарчанд вафодорлиги эвазига баттол эгасидан тепки еган итдек азоблар кўрган, меҳр кўрсатиб эвазига қаҳр олган ва жон сақлаш учун ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган бўлсада, аммо уст башарасининг қони ва кўз ёшини артиб, ўпкаси тўлиб, қалбида не-не нафрат ва аламлар билан меҳр ҳам топа билганлиги учун, оқни –оқ, қорани-қора дейишга ўзида матонат топа билганлиги ва фикрлари xолис бўлганлиги учун учун  ҳам ҳурмат қиламан…

Ўз нафсидан, манфаату мақсадларидан воз кеча билиш ва бунинг учун  жуда катта куч – қувват ва қатъият-матонат талаб этилади, бир сўз билан айтганда имон-инсоф ва диёнат талаб этилади, минг афсуски бизда айнан шу хислатларнинг етишмаслиги сабабли ҳам халқимиз ва ҳукуматимиз бугунги кунда аянчли ва шармандали  ахволга тушиб қолган ,  ахир : халқнинг онги қандай бўлса  –ҳукуматнинг чанги  ҳам худди шундай  чиқади …

Бизнинг Президентда ҳамма нарса муҳайё, қош қоқишига инсон жони садақа, аммо минг афсуски, озроққина имон-инсоф ва диёнат ҳам қалбидан жой олганда эди, бугун  Мухаммад Солиҳ Туркияда ватани ва вафодори фироғида ёлғизланиб қолмаган, Исмат Хушев Канада музликларида эскимослик қилмаган ва не-не ҳуррият истовчи инсонлар ўз ватанинин гуллаб яшнашига ўз ҳиссаларини қўшган бўлишмасмиди, минг афсуски орзуга айб йўқ, бироқ бу ҳолга ҳаммамиз биргаликда айбдор эмасмизми?

Мен худди шунингдек, Отабек Тошевнинг ҳам Дунё узбекларида берадиган фикрларини ўқиб бораман ҳамда сайтларнинг рейтинглари учун бемаврид курашганлигини ҳам ҳурмат қилса бўлади, яъни садоқатни…

Аммо, шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай фикр, хоҳ у мақтов, хоҳ у қоралов бўлсин,  xолис ва асосланган бўлмоғи лозим.

Дунё узбеклари сайтида: -Отабек Тошевнинг 16.01.2015 йилда, -«Ўқиса беш – ўнта одам ўқийдиган “Ўзбекистон Халқ ҳаракати”сайтида – ўн минглаб одам ташриф буюрадиган “дунё ўзбеклари” рейтинггини  «ичиқоралик»   билан атайлаб пасайтирган антиқа бир “кашфиёт” эълон қилинди.  Биз бу ҳаракат лидерини  «кўролмаслик касалига»  мубтало бўлганини яхши билардик»-деган ва шунга ўхшаш бир қанча  хақоротомуз  иғволарни ёзганлигини, xолис қоралайман.

Сабаб:

Биринчидан: Майли, Отабек Тошев Дунё узбекларининг ҳақиқий жонкуяри экан ва унга сайтнинг рейтинги сунъий пасайтирилгандай кўриниб, унга алам қилибди экан. У ҳолда, айнан рейтинг белгиловчи халқаро миқёсда веб-саҳифаларнинг ҳақиқий ҳолати ва рейтингини кўрсатувчи обрўли интернет ресурсларнинг кундалик қайд қилиб борувчи кўрсаткичларига асосланиб, ўзи ҳам объектив таҳлил тайёрлашлиги ва ундан кейингина агарда ҳақиқатдан ҳам Ўз.Х.Ҳ. рейтинг белгилашда сохталикка йўл қўйган бўлса, ана шуни муомала маданиятини йўқотмаган ҳолда, ўзга кишиларнинг шаънига номуносиб сўзлар ишлатмасдан, чиройли ва асослантирилган эътирознома ёзиши лозим эди.

Иккинчидан: Билингки, сиёсатда тийилиш принципи мавжуд, унутмаслигимиз лозимки, биз агарки тингловчимиз икки кишидан ошган ҳар қандай минбардан фикр билдираётган бўлсак, демак биз ўз-ўзидан сиёсатга кириб қолдик, демак сиёсатнинг  тийилиш принципига ва бошқа қоидаларига ҳам риоя этмоқлик лозим, акс холда сиёсат жаҳолатга айланиб кетмоқлиги мумкин.

Учинчидан: Бугунги кунда, рейтинг талашишга ҳеч қандай зарурият ва асоснинг ўзи йўқ, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳали эрта яъни “ни  к чему”.

Тўртинчидан ва асосийси: Агарки, бизнинг назаримиздаги «онгсиз шерлар» ҳам «биздек онгли» бўлишганларида ва ов олдидан биздек вазифа талашишганида эди, ишонтириб айтаманки, бизнинг авлод кишилари тирик шерларни кўришмаган бўлишар эди, улар очликдан аллақачон ўлиб кетишган бўлишар эдилар, хулоса чиқариш эса сизлардан…

Шунинг билан бирга xолисона таъкидлашим лозимки, Ўз.Х.Ҳ сайтида, -«Ким ёлғончи» сарлавҳали раддияда:  Бу саҳифа (Дунё узбеклари назарда тутилган)Ўзбекистонда очиқ бўлишига қарамасдан, унинг «муридлари» сонини 10 баравар кўп қилиб кўрсатишга мажбур бўлаётган бу кимсалар ўз рейтингларини бошқа бировларга тош отиб кўтармоқчи бўлсалар янглишади.-деган мақоласида ҳам ноxолислик кўзга ташланади, сабабики “Дунё узбеклари” сайти ҳам блокировка қилинади ва унга ҳам махсус очувчи “Бровзер”лар орқалигина киришлик мумкин..

Мен ушбу фикрларимни ёзиб, ҳаммамиз ўзбекона лутф бирла тилсиз-забонсиз бўлиб қолайлик, курашмаслик лозим демоқчи эмасман, аксинча аниқ мақсад ва манзилни кўзлаб, чалғимасдан ўз мақсадимиз сари интилмоқлик лозим демоқчиман, яъни қуйидаги кишилардан ўрнак олайлик:

Ўз.Х.Ҳ сайтида 14.12.2014 йилда босилган, Мустақил иқтисодчи  Ж.Шосалимов ва  Ҳуқуқ химоячиси  Ш.Рустамовларнинг: -«И. Каримов режимининг “қора” мероси» -сарлавҳали мақола-материалга этибор   қаратишингизни сўрайман:

1. Ўзбекистон ижроия хукуматини , қонунчилик хокимияти кўмагида, Республика Марказий Банкининг олтин валюта захиралари билан таъминланмаган 60- 80 триллион сўм миқдоридаги қоғоз пулларни муомалага киритиши оқибатларида, бизнинг ҳисобимиз бўйича ҳозирги хукуматнинг ички қарзи 60- 80 триллон сўмни ташкил этади.   Ушбу қарздорликни ҳукумат яна ҳам халқнинг ҳисобига ва гарданига ташламоқчими?

2. Узоқни ва адолатни кўзламаган нафақа тизимининг барбод бўлиши оқибатларида, ишга яроқли аҳолининг тенг ярми мавжуд пенсия жамғармаси доирасидан четда қолиб кетаётганлиги ва уларга кексалик нафақа пулини тўлаш муаммоси кейинги хукуматга “бош оғриғи” сифатида қолдирилмоқда.

3. Мустақил ва одил суд тизимининг шаклланмаганлиги оқибатида,  судларнинг мустақил эмаслиги, Ўзбекистон давлати номидан чиқарилаётган аксарият суд қарорларини Конституция нормаларига ва қонун асосларига , хукуматнинг халқаро мажбуриятларига мос келмаётганлиги ва натижада жамиятда адолат принципи издан чиқиб кетганлиги  муаммоси оқибатлари кейинги хукумат ечимига қолдирилмоқдами?

4. И.Каримовнинг кўз ўнгида қинғир ишларга мойил ҳокимиятпараст, нопок амалдорлар ватанимиз иқтисодиёти остига гуёки даҳшатли “Атом” бомбасини ўрнатишга муваффақ бўлдилар. Бу “Атом” бомбасини зарарсизлантирмасдан туриб, Ўзбекистон на Ғарбга- халқаро валюта жамғармаси,   Жаҳон савдо ташкилоти билан музокараларга бора олади, на Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан тенг хуқуқли икки томонлама очиқ алоқаларни ўрната олади, на коррупцияни жиловлай олади.

5. Ўзбекистон олтинига кимлар кўз тикмоқда?” Мустақиллик йилларида қазиб чиқарилган 1400 тоннадан ортиқ олтин қаерда? Наҳотки нопок амалдорлар Ўзбекистон олтинини 1992 йилги давлат қарзлари (облигациялар) каби “туя” қилиб юбордилар ?

6. Марказий Банк балансида бўлган пул фабрикасидан янги чиқарилаётган пуллар Марказий Банкнинг кредит хисобидан чиқарилади ва уни қарзга олаётган субъектларнинг кредит хисобига ёзилади. Оддий бухгалтерия амалиёти кредиторлик ва дебиторлик қарзлари вужудга келади. Молия вазирлиги, республика хукумати амалдорлари бошчилигида,  розилигида  ва  иштирокида Марказий Банкдан олинган барча қарзлар Ўзбекистон хукуматининг ички қарзи ҳисобланади, яъни 60-80 триллион сўм.

7. Ушбу қарзлар ва ечиб бўлмас муаммолар, кейинги ҳукуматга қора мерос бўлиб ўтаётган кўринади. Хўш кейинги ҳукумат ушбу мислсиз оғир масалаларни қай йўсинда ва кимнинг ҳисобига  ечимини топади, яна ҳам барча оғирлик ва қийинчилик худди 1992 йилдагидек халқнинг ҳисобидан ва унинг яғир босган  гарданида  ечим топадими ?.

Худди шунингдек 15 январь, 2015 йилда дунё узбеклари сайтида босилган Исмат Хушевнинг ушбу мақоласига эътибор қаратишларингизни сўрайман:

Биз устозимиз Ислом Каримовни бағри кенг, меҳрибон ва меҳр-оқбатли раҳбар деб айтишга ўрганиб қолганмиз.  Лекин мана бу сурат, ундаги давлат ва жамоат арбобларининг кейинги аянчли тақдири – устоз ҳақидаги бу ижобий фикрларни бир оз шубҳа остига олиши мумкин. Фикримиз исботи сифатида суратда тасвирланган давлат ва жамоат арбобларининг кейинги аянчли қисматига бир назар солсак, кўп нарса ойдинлашади деб ўйлайман…

Ҳеч шубҳасиз улар мустақиллик йилларидаги Президент командаси аъзолари эди. Улар отасига ишонмаса ишонмас, лекин Президент этагини маҳкам ушлаган, унга астойдил эътиқод қўйган, унинг ҳар бир қадамини олқишлаган, мустақиллик байроғини баланд кўтариш учун бор куч ғайратини сарфлаган арбоблар эди. Муҳтарам Президент ўз командасига қанчалик меҳр шафқат кўрсатганлиги – суратдагиларнинг кейинги аянчли тақдири ва аччиқ қисматида мана ман деб яққол кўриниб турибди. Президентнинг ўз командасига бўлган марҳамати бу деб: . -яъни ушбу вафодор мулозимларнинг энг енгили уйда ишсиз, қолган аксарияти қувғин-қийноқ ва қамоқлардан сўнгра чет элларга бош олиб кетганлиги, ёки қора ерга кириб кетганлиги ҳақида аниқ далиллар келтиради, яъни мухтарам Президентимизнинг марҳаматининг қанчалар чек-чегараси йўқлигини қўштирноқ ичида моҳирона тасвирлаб беради…

Президент ғазабининг сарҳадлари кенглигига қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Ўзбекистон чегарасига қаноат қилмай, ҳатто Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон раҳбарларини ҳам вақт бевақт ёқасидан олиб, чалпиб турамиз. Улар ҳам бизнинг феъли хуйимизга аллақачон кўникиб кетишган, миқ этишмайди. Фақат Қирғизтоннинг ёш раҳбари бу сукунатни бузиб, эндиликда бир тош отсак, иккита қилиб қайтариб турибди. Унинг хушомадига Акаев ва Бақиев даврида узиб ташланган газни қайтадан улаб ва қўшқўллаб етказиб берсак ҳам, унинг жўнбўшга келган ғазабини юмшатолмай оворамиз. У эса туяга чаппа минган манасдай ғазаб отига миниб: “Каримов узоққа бормайди!” деб жар солгани солган…Лекин Қозоғистон билан Тожикистон раҳбарлари ҳам қараб туришгани йўқ. Президентга қасдма қасд – улар ҳам Ўзбекистоннинг оёғидан чалгани чалган.  Бири – қарийб 400 метрлик Роғунни қуриб, Амударёга тўғон соляпти. Иккинчиси эса – Қозоғистон йўлларида Ўзбекистон карвонларига ҳар қадамда бож хирожни оширгани боис, Ўзбекистонда нарх наво кун сайин гувиллаб осмонга кўтариляпти.  Хуллас, “Ўзбекистонни урма сўкма – йўлини тўс, дарёсини бўғ” деганларидек, Роғун билан Кампирравот тўғонларининг баландлиги салкам осмонга етай деб қолди. « Демак, Президентимиз “марҳамати”дан келажак авлод – набираю чевараларимизгача ҳам баҳраманд бўлиб ётиши аниқ бўлиб қолди…     Марҳаматингизга балли, устоз!»

Мана сизга ҳақиқий мусобақа қилиш учун мавзу ва майдон, ҳурматли халқ дарди билан ёнаётган сайт-харакат ва мухолифат.

Бунинг билан мен нима демоқчиман:

Ҳақиқатни мардоновор тан олмоқ лозимки, Ўзбекистон халқининг маълум бир қисми, ҳали-хануз, Ўзбекистонда тинчлик борига шукроналар айтишиб ва бундан Президентдан миннатдорлар. Ҳамда тан олмоқ лозимки, айнан ҳукумат матбуоти ҳар қандай йўл ва усул билан тинмай ёлғон-яшиқ бўлсада ва мажбурлов бирла ишонтириш бўлсада, хуллас халқни миясини қоқиб бўлсада кишиларни зомбиларча ишонишга ва шукроналар айтишга боғлаб ташлаганлар.

Аммо минг афсуски, ушбу масалада мухолифат турли сабаб ва ҳолатларга кўра анча суст ва тарқоқ, рейтинг талашиш ва бир-бировларига қора чаплаш билан оворадирлар.

Мана шу нуқтаи назардан ҳам, бугунги тинчликка шукроналар айтаётган кишиларнинг эртасини, яъни авлодларини нима синовлар кутаётганлигини, бугун тинч кўринаётган сувнинг остида не-не синов ва азоб уқубатлар борлигини, ҳудди шуларга ўхшаган долзарб ва ҳаётий материаллар асосида халққа тинмай етказиш, яъни сув остига халқнинг ҳам кўз нурини, ҳам онг шуурини етказиш – очиш   лозим бўлади.

Бунинг учун нима қилмоқ лозим:

Биринчидан: Айнан халқнинг бугунги аянчли кунини асослаб изоҳлаб бераётган  халқ жонкуярларининг мақолалари ёзилди-ўқилди-унитилди бўлмаслиги лозим. Омонaтга хиёнат-4 га ўхшаган материаллар асосида таҳлилий ишлар ташкил этилмоқлиги лозим, яъни  неча минг ёки ўн минг кишилар, неча миллион балки юзлаб миллионлаб ҳукуматга қарз берганликлари ва 20 йил ўтиб, Ўзбекистон ҳукумати ўз халқининг неча миллион ёки миллиард пулини ўғирлаб кетганлигини аниқлаш бўйича  маълум бир марказ очилмоқлиги  ва сўров ва таҳлилий ишлар олиб борилмоқлиги лозим бўлади;

Иккинчидан: Айнан шу ва шунга ўхшаган асосли материаллар асосида, Ўзбекистон ҳукуматининг бугунги ҳамманинг ғашини келтираётган уйдирма ва ёлғон иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг ҳақиқий ҳолатини синчиклаб ўрганиш ва бу ҳақда бутун дунё ҳамжамиятини огоҳ этиш билан Ўзбекистоннинг бугунги ҳукуматининг ҳақиқий башарасини очиб ташлаш мақсадга мувофиқ бўлади;

Ахир сиёсий ҳокимият учун курашувчи мухолифатнинг олий мақсади ҳам, айнан амалдаги ҳукуматнинг найранглари ва ғирромликларини халққа очиб ташлаш эмасми?

Учинчидан: Президентимизнинг қўштирноқ ичидаги марҳаматлари (чўп билан кавлаш  касали) оқибатида нафақат бугун, балки келажак авлодларимиз ҳам сувсизлик, қурғоқчилик ва тақчиллик азобида қолишлари мумкинлигини, бугун тинмай президентидан миннатдор бўлиб юришган  авомнинг онги-шуурига етказиш лозим бўлади

Тўртинчидан: Бунинг билан, Исмат Хушевдек қанчалар вафодор  бўлишмасинлар, тақдир тақозоси билан Президент планетасига урилган ҳар қандай инсон, гуёки комета мисоли тубсиз жарга равона бўлишлиги муқаррар эканлигини кишилар онгига сингдириш лозим бўлади;

Бешинчидан: Ушбу тадбирларни бажаришлик осон эмас, аммо бошқа иложиси ҳам мавжуд эмас. Мен авом халқнинг бир вакили сифатида халқ дардини оқ қоғозга баён этмоқдаман холос, агарки сиз ҳам халқ дарди билан яшаётган бўлсангизлар ўйлаб кўрингизлар, акс ҳолда нима бўлганида ҳам, рейтинг талашиш курашини, Ўзбекистонда ҳақиқий халқ сайловидагина холисона ўтказишларингизни, унгача халқ манфаати учун адолат ва ҳуррият курашида шерлардек бўлишликни Оллоҳдан сўрайман.

Холдор Равшан

ЎХҲ таҳририяти почтасидан