Башарият устози

Башарият устози
29 views
21 January 2015 - 11:43

2Инглиз адабиётининг атоқли намояндаси Бернард Шоу “Агар пайғамбар Муҳаммад (а. с.) тирик бўлганларида замонамизнинг асл муаммоларини бир пиёла чой устидаёқ ҳал қилиб қўярди” деганида у исломнинг тарихий ролини назарда тутган бўлса керак.

Буюк Олмон шоири Волфганг Гёте пайғамбаримизга шундай таъриф беради: “Мен жаҳон тарихини ўрганиб шундай хулосага келдим: дунё ҳукмдорлари тўплаган жамики бойлигу салтанат, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқли яктакларига ҳам арзимас экан. Биз Оврупо миллатининг вакиллари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (а. с.) сўнгги поғонасигача кўтарила олган зинанинг биринчи пиллапоясида турибмиз, холос. Шубҳа йўқки, бирон кимса ул зотдан юқорироқ кўтарила олмайди”.

Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад алайҳиссаломдек бир зот ҳозирги дунёни бошқарганида, ҳойнаҳой, унинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўларди ва бу эса ўз навбатида инсониятга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келарди”, деган эди.

Томис Карлайлнинг эътироф этишича: “Муҳаммад (а. с.) маданияти қолоқ ҳисобланган халқ (араб)ларни зиё ва илм ташувчилар даражасига юксалтирди. Араб халқи учун бу зулматдан ёруғликка чиқиш эди. Бор-йўғи уч юз йил ичида араблар ғарбда Гранадагача, шарқда Деҳлигача етиб боришди; жасорат ва улуғворлик ўз нури ила Арабистон олами кенгликларини ёритмоқда”.

Инглиз олими Жон Довенпиртнинг мулоҳазаларига қўшиладиган бўлсак: “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида Муҳаммад алайҳиссаломнинг тарихидек энг кўп ва барча нуқталаргача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқ” экан.

Атоқли файласуф Шебел эса: “Муҳаммад алайҳиссаломнинг одам боласи экани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки у зот аслида ўқиш, ёзишни билмаган бўлса-да, ўн тўрт аср илгари шундай қонун ва асосларни келтирадики, биз овруполиклар икки минг йиллик санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етолсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз” дейди.

Франсиянинг машҳур алломаларидан ҳисобланмиш Ламартининг мана бундай эътирофи бор: “Агар инсоннинг буюклиги унинг қилган ишларига, эришган зафарларига, оз имконияти бўла туриб, катта ишлар қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад (а. с.) инсонларнинг энг буюгидир. Ул зот ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, ҳам сиёсатчи, жангчи, қалблар ҳикоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, раҳбар, давлат арбоби, ер юзининг йигирмата минтақасида исломий салтанат қура олган доҳий эди. Унга бу буюкликда ҳеч бир инсон боласи тенглаша олмайди. Наҳотки, шундай салоҳиятнинг ўлчови бўлса.”

Франсиянинг машҳур арбоби ва саркардаси Напалеон у зотга бундай баҳо беради: “Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигини  Мусо (а. с.) ўз миллатига, Исо (а. с.) умматига, Муҳаммад (а. с.) эса бутун инсониятга билдирди.”

Амриқолик тарихчи олим Мишел Харт бундай дейди: “Дунёдаги таъсири энг кучли шахслар рўйхатининг бошига Муҳаммад (а. с.)ни ёзиб қўйсам, эҳтимол айрим мухлисларим таажжубланишар. Бошқалари балки буни ўзларича тушунар. Нима бўлганда ҳам, ул зот дунёвий ва диний соҳалардаги самарали ишлари билан тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир.”

Оксфирд дорилфунуни профессори Вилям Мантгаперигг: “Муҳаммад (а. с.)нинг зафарли ютуқлари унинг буюклигидан далолатдир. Бундай мақому рутбага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. У зотни сеҳргарликда айблаш ўз мақсадига эриша олмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир”, дейди.

1974 йил 15 июлги “Тайм” ҳафталик журналида ҳар турли тарихчилар, ёзувчилар, ҳарбийлар ва бошқа касб вакилларининг “Тарихнинг буюк доҳийлари” мавзусидаги муҳокама мақолалари ўрин олган. Баъзилар шундай шахс деб – Гитлерни, бошқалари – Гандини, Буддани, Менкисенни эътироф этишган (Ленин билан Марксга бу рўйхатда жой йўқлигини айтмаса ҳам бўлаверади).

Амриқонинг Чикаго университети профессори, яҳудий миллатига мансуб Жюл Моссерман масалага аниқ мезон, ўлчовлар билан ёндошишни таклиф этади. Унинг фикрича доҳий уч вазифани бажариши:

1. Ўзлари бошқарган халқни тинч ва фаровон ҳаёт билан таъминлаши;
2. Одамлар ўзларини хавф-хатарсиз, хотиржам сеза оладиган жамиятга асос солиши ва…
3. Одамларни иймон – эътиқод йўлига бошлаши лозимдир.

Шу учта мезон асосида тарихни ўрганиб чиққан профессор Моссерман Гитлер, Пастер, Сезар, Мусо (а. с.), Конфусий ва бошқалар хусусидаги баҳсларини шарҳлаб, Пастер ва Сали каби доҳийларни биринчи мезонга, Ганди, Конфусий, Искандар Зулқарнайн, Сезар ва Гитлер иккинчи ёки учинчи талабларни қондиришини;

Исо (а. с.) билан Будда эса фақат учинчи тоифага мансублигини айтади.

Муҳаммад (а. с.) эса барча замонларнинг энг буюк доҳийси, йўлбошчиси бўлса керак, чунки ул зот учала мезон бўйича ҳам барча талабларга жавоб беради, дейди…

Алихон Тўра Соғуний ёзади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка  тушган кунларида бутун аскарга қарата бир хутба ўқидиларким, бу ўқиган хутбада инсонлар учун дунё ва охиратлик энг керакли сўзлар келтирилган эди. Агар биз мусулмонларга шу хутбадан бошқа ҳеч сўз Расулуллоҳдан қолмаган тақдирда ҳам, ёлғиз шу хутбанинг ўзи икки дунёда бизга раҳбарлик учун етарлик бўлур эди. Бу қутлуғ хутбани ҳадис олимларининг алломаларидан бир неча зотлар ўз китобларида келтирмишдурлар.

Мен фақир китоб ёзувчиси бу хутбанинг асли арабчасини ислом оламининг алломаси Ибн Қаййим Жавзийнинг “Зодулмаъод” деган китобидан кўчириб ёздим. Буни ўқиганлар тушуниб, унинг мазмунидан фойдалансинлар, деб ўз тилимга таржима қилдим. Хутбанинг таржимаси қуйидагича:

“Ҳамд санодан сўнгра айтадурманки: – сўзларнинг энг тўғриси Қуръон сўзидир. Инсоннинг энг ишончли нарсаси унинг иймонидур. Динларнинг яхшиси Иброҳим Халилуллоҳ тутган Ислом динидур. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидур. Сўзларнинг шарофатлиги Аллоҳнинг зикридур.

Эргашмоққа энг лойиқ нарса шу Қуръондур. Дин ишларининг улуғи фарзларидур, энг ёмони анинг қўшимчаларидур. Ўлимларнинг яхшиси шаҳидлар ўлимидур. Кўрларнинг кўри – Ислом динидан чиққанларидур. Ишнинг яхшиси охиратда фойдалигидур. Бошлашнинг яхшиси эргашилганидур. Кўрликнинг энг ёмони – дил кўрлигидур. Устинги қўл остингдаги қўлдан яхшидур. Узрларнинг энг ёмони ўлим етгандаги айтилганидур. Пушаймонлар ёмони охират пушаймонидур. Баъзи бир ихлоси йўқ киши намозга кеч келур. Қайси бирлари ёлғондан Аллоҳ зикрини тилида қилур. Тил ёлғони – гуноҳларнинг зўридир. Бойликнинг энг яхшиси – кўнгил бойлигидур. Озуқларнинг энг яхшиси – тақво – ибодатдур. Барча яхшилик боши Худодан қўрқмоқдур. Кўнгил сақлаган нарсаларнинг энг яхшиси – Аллоҳга ишонмоқдур. Дин ишларида гумон қилмоқ – куфрдур. Ёқа йиртиб, соч юлиб йиғламоқ жоҳилият одатларидир. Яширин хиёнатлар – тамуғ тошларидур. Закотсиз йиғилган олтин-кумушлар – дўзах тамғасидур. Ёмон қўшиқлар айтиш – шайтон сурнайидур. Чағир (ароқ) ичиш барча бузуқлик онасидур. Хотунлар (ёмонлари) шайтон тузоғидур. Ёшлик – телбаликнинг бир бутоғидур. Касбларнинг энг ёмони – судхўрликдур. Шаққий (ёмон) онасидан туғилгандаёқ шаққий туғилур. Ҳар бир кишининг борар жойи тўрт газ ердур. Ҳар ишга охирида баҳо берилур. Барча ишнинг асоси туганчисидур. Тушларнинг ёмони – ёлғончининг тушидур. Ҳар келгувчи бизга яқиндур. Мусулмонни сўкмоқ – гуноҳдир, унга қурол кўтармоқ – куфрдур, уни ғийбат қилмоқ – улуғ ёзуқдир (гуноҳдир). Мўъминнинг қони ҳаромдур. Шунга ўхшаш анинг моли ҳам ҳаромдур. Бир ишни қилурман деб қасам ичганлар уни қилолмайдилар, Аллоҳ уни ёлғончи қилур. Киши хатосини кечирганни Аллоҳ кечирур, уни афв қилганни афв қилур. Аччиғини ютган кишиларга Аллоҳ улуғ ажр бурур. Мусибат кўриб сабр этгувчиларни ўрнини тўлдирур. Риё қилгувчи кишиларга Аллоҳ ҳам риё қилур. Кўплаб сабр қилгувчиларга савоб қатма-қат бўлур. Амрини тутмаганларни Аллоҳ азоб қилур.

Эй бори Худоё, менинг ва ҳам умматларимнинг гуноҳини кечиргил”, деб уч марта айтдилар.

Сўнгра халққа қараб:

– Ўзим учун, сизлар учун Аллоҳдан афв ўтинаман, – деб сўзни тўхтаттилар”.

Мақсуд Асрор тайёрлади