ИШИД Фарғона водийсида терактлар режалаштирган

ИШИД Фарғона водийсида терактлар режалаштирган
77 views
21 January 2015 - 13:32

3“Ироқ ва Шом ислом давлати” террорчи ташкилоти Фарғона водийсида террорчилик ҳаракатларини уюштириш учун 70 миллион доллар миқдорида маблағ ажратди. Бу ҳақда, 21 январь куни Бишкекдаги “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” маркази директори Қодир Маликов матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар берди Vesti.kg.

Унинг сўзларига кўра, ИШИД террорчилари ажратилган пулни Ўрта Осиёда фаолият олиб борувчи “Моварауннаҳр” номли шўъбаси – террорчи ташкилотга тақдим этган ва бу пул эвазига “Моварауннаҳр” террорчилари Фарғона водийсида террор уюштиришлари керак.

Мустақил ҳарбий эксперт Сатибек Молдалиев ушбу маълумотни эътиборсиз қолдирмаслик керак деб ҳисоблайди.

“Бу маълумот эҳтимолга яқин бўлиши мумкин ва уни эътиборсиз қолдириш ярамайди. Сўнги 25 йил мобайнида Фарғона водийси кўпгина давлатлар ва ташкилотлар учун катта геосиёсий аҳамият касб этиб келмоқда. ИШИД нинг назари биринчи навбатда Ўзбекистонга йўналтирилган бўлиши мумкин. Бу давлатда авторитар режим ҳукм сурмоқда. Тез орада президентлик сайловлари бўлиб ўтади ва амалдаги раҳбар яна ўз номзодини қўйган. Ўтган йиллар тажрибасига назар солсак, мен бу ерда Андижон воқеаларини назарда тутмоқдаман, минтақамизда содир бўладиган ҳар қандай салбий ҳодиса бутун Марказий Осиё давлатлари учун оқибатлар келтириб чиқаради. Шунингдек Ўзбекистон 2012 йилда КХШТ даги аъзолигини тўхтатган. Шунинг учун ҳам қандайдир кучларнинг Фарғона водийсида вазиятни беқарорлаштиришга уриниши ақидаги маълумотни эътиборсиз қолдирмаслик лозим”, – дея қайд этади ҳарбий эксперт.

Хулоса ўрнида Сатибек Молдалиев террорчилик ҳужумларининг олдини олиш учун Қирғизистон ҳукуматининг хавфсизлик чораларини кучайтириши, айниқса ҳарбий тузилмаларни молиявий ва техник жиҳатдан доимий қўллаб-қувватлаши лозимлигини таъкидлайди.

ЎХҲ ахборот бўлими