Кексаларни эъзозлаш йилида уларнинг пенсиялари кечиктирилмоқда

Кексаларни эъзозлаш йилида уларнинг пенсиялари кечиктирилмоқда
84 views
21 January 2015 - 13:58

4Тошкент шаҳрининг Олмазор, Шайҳонтоҳур ва Учтепа туманларидан пенсионерлар ва ногиронларнинг бир гуруҳи йигирма кундир ўз пенсияларини ва нафақа пулларини олишолмаяпти, деб хабар берди Фарғона ахборот агентлиги.

Шу сабабли улар Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига ёрдам сўраб мурожаат қилишган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбарининг Фарғона агентлигига маълум қилишича, сўнги икки ҳафта давомида Тошкентнинг турли почта хизмати бўлимларида пенсия ва нафақа олиш учун эрталабдан келиб навбат кутишаётган кексалар ва ногиронларни кузатиш мумкин. Почта бўлимлари раҳбарлари эса банкдан олиб келинган пуллар пенсионерлар ва нафақа олувчиларнинг барчасига етмаслигини айтишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Каримовнинг таклифига кўра 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганди. Бироқ шунга қарамасдан сунъий равишда кексаларга муаммолар яратилмоқда. Масалан, бу йилдан бошлаб баъзи пенсионерларга 8-10 йил мобайнида пенсияларнинг нотўғри ҳисобланганини айтиб пенсия пуллари қисқартириб ташланди.

Қайд этиш лозимки, пенсионерларнинг кўпчилиги дори-дармонга ва даволанишга муҳтождир. Нафақа пулларнинг ўз вақтида берилмаслиги уларнинг саломатлиги ёмонлашишига ва ундан ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бироқ масъул шахслар бу ҳақда бош қотиришмаяпти ва кексалар ҳамда ногиронларга нисбатан жиноят содир қилишмоқда, дейди Икромов.

Пенсия ва нафақа пулларининг ўз вақтида берилмаслиги Ўзбекистон фуқароларини илк маротаба қийнаётган муаммо эмас. Бу ҳақда йиллар давомида мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари бонг уриб келишмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими