“Ўзбекистонда юқори инфляция ва халқ ғалаёнлари кутилмоқда”

“Ўзбекистонда юқори инфляция ва халқ ғалаёнлари кутилмоқда”
25 views
22 January 2015 - 16:33

11Ўзбекистон миллий валютасининг қиймати долларга нисбатан пасайишда давом этмоқда. Сўнги бир ҳафта мобайнида сўм долларга нисбатан 10% қийматини йўқотди.

Ўзбекистонлик таҳлилчининг REGNUM ахборот агентлигига маълум қилишича, ўзбек сўмининг қадри янада пасайишда давом этади.

“Россиядаги инқироз ва меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ қонунчиликнинг мураккаблаштирилиши бевосита Ўзбекистон миллий валютасига таъсир қилади”, – дейди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, шу муносабат билан Ўзбекистонда “икки хонали” (жуда юқори) инфляция бўлиши кутилмоқда. Чунки мамлакатдаги махсулотларнинг кўпчилиги у ёки бу даражада импорт таркибига эгадир. Шунинг учун ҳам таҳлилчининг фикрича Ўзбекистондаги вазият янада оғирлашади.

“россияда ишлаётган юз минглаб муҳожирлар инқироз туфайли ўз уйларига қайтишга мажбур бўлишмоқда ва уларни ўз мамлакатларида ишсизлик кутмоқда. Россияда ишлаб қайтган муҳожирлар – ўз ҳуқуқи учун курашишни ўрганган одамлардир. Улар ўз фикрини баён қила олиши ва ўз ҳаққини талаб қила олиши билан аллақачон маҳаллий аҳолидан фарқ қилувчи инсонлардир”, – деб ҳисоблайди таҳлилчи.

Шундай экан Ўзбекистонда “бешинчи колонна” деб аталадиган ушбу қатлам – ғарбдаги “қора кучлар” тарафидан пул тўланадиган қандайдир либераллар эмас, балки Россияда ишлаб қайтган меҳнат муҳожирларидирлар, дея қайд қилади у.

Унинг фикрича, ушбу қатлам жуда катта халқ ғалаёнларига айланиб кетиши мумкин бўлган тартибсизликларни бошлаб бериши мумкин. Бундан эса ўзбек ҳукумати ҳар доим ҳавотир оладиган Афғонистондаги ташқи кучлар фойдаланиб қолишлари мумкин.

Шу муносабат билан таҳлилчи Ўзбекистонда “том маънодаги ҳақиқий янги иш ўринлари яратилиши ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи назорат органлари бироз жиловланиши лозим” дея таъкидлайди.

“Ўзбекистондаги вазият раҳбариятнинг сиёсий иродасига боғлиқдир. Бошқарувдаги элита назоратни сақлаб қолишни истаса эркин тадбиркорликнинг ривожланишига йўл очиб бериши, оммавий ахборот воситалар фаолиятини эркинлаштириши ҳамда жамоат назорати институтини ривожлантиришига тўғри келади”, – дейди таҳлилчи.

“Муаммони куч ишлатиш йўли билан ҳал қилиш қандайдир натижалар бериши мумкин, бироқ бу узоққа чўзилмайди”, – дея ўз сўзларига якун ясайди агентлик суҳбатдоши.

ЎХҲ ахборот бўлими