Эргаш Сулаймон: “Инсониятни, унинг виждонини абадий алдаб бўлмайди…”

Эргаш Сулаймон: “Инсониятни, унинг виждонини абадий алдаб бўлмайди…”
121 views
24 January 2015 - 14:58

5“Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат” туркумидан

Ислом, якка ҳолдами ёки жамият ҳолидами, ўз-ўзига мафтунлик ва ўз-ўзидан мамнунлик билан келиша олмайди. Бу ҳодиса шарқ ва мусулмон мамлакатларида кузатилганидек, оилавий ё сектантлик  ғурури шаклида бўладими ёки ғарб дунёсидаги Британия империализми, Амриқо капитализми ёхуд рус коммунизми қиёфасига кирадими, ёки миракизм ислом тарафида деб алжирашлар замирида пайдо бўладими, барибир, уларнинг исломга алоқаси йўқ. Бу системалар ўз умрини чўзиши мумкин, аммо эртами-кечми тарих саҳнасидан кетиши муқаррар. Инсониятни, унинг виждонини абадий алдаб бўлмайди. Дунё келажаги ислом таклиф этган ижтимоий адолат билан чамбарчас боғлиқдир.

Ислом дунёсидаги, шу жумладан Ўзбекистондаги таълим тизимини ислом идеаллари ва йўл-йўриқлари асосида тубдан қайта қуриш лозим. Фани ва технологияси юксак тараққий этган ғарб мамлакатларидан ўрганиш – ғоят муҳим масала. Аммо ўша тараққиёт илдизлари Қуръони каримда эканлигини унутмайлик. Буни унутганлар бошқаларнинг интеллектуал малайларига айланиб, ижодий фаолликдан маҳрум бўлиб қолишади. Президент Каримов каби бошини йўқотиб, халқни қаёққа бошлаётганини ўзи ҳам билмайди. Ўтмиш замонларда мусулмонларнинг интеллектуал раҳнамолигини бутун дунё тан олган. Уларнинг илму фани, маданияти ер юзи бўйлаб инсон ҳаётининг барча соҳаларига сингиб кирган. Асрлар давомида дунё ислом йўналишида ўйлаган ва ислом ҳаётидан баҳра олган.

Араб тили ғарб дунёсида илму фан тили эди. Ҳар бир эътиборга лойиқ адиб шу тилда ёзиб, юракда борини китобхонга шу тилда тақдим этар эди. Баъзида аслият араб тилида ёзилиб, унинг қисқа мазмуни бошқа тилда баён этилар эди. Имом ал-Ғаззолийнинг “Кимёйи саодат” китоби бунга мисол. Аббосийлар томонидан жорий этилган таълим ўз моҳиятига кўра кўпроқ юноний ва эроний тизим бўлиб, назарий жиҳатдан кўплаб нуқсонларга эга бўлса-да, деярли ҳамма ёққа тарқалган эди.

Кейин замонлар ўзгарди, Ғарб ҳукмронлиги даври бошланди. Илму фанга Оврупо маданий тажрибаси ва эҳтиёжлари натижаси ўлароқ, янгича муносабат пайдо бўлди. Дунё ана шу тизимга кўр-кўрона эргашди, бунга мусулмон мамлакатлари ҳам қўшилди, ғарб ва унинг таълим тизимига қулларча бош эгиш билан нажот топмоқчи бўлишди.

Шундай қилиб, мусулмон зиёлилари орасида ғарб тамаддунига фақат қойил қолиш эмас, тақлид этиш учун ҳам замин ҳозирланди. Ғарб турмуш тарзининг диний бепарволик, манманлик, ношукурлик каби хусусиятлари ёш мусулмонлар қиёфасида ҳам намоён бўлди. Исломнинг маънавий тамаддуни ўрнини Оврупонинг моддий маданияти эгаллай бошлади.

Бугун ислом тамаддуни илгариги устун мақомини тиклаши учун илтеллектуал салоҳиятини ошириши зарур. Бунинг учун илму фаннинг барча соҳаларига эътибор қаратиш лозим. Бу бир гуруҳ кишилар ёки илмий жамиятлар бажарадиган иш эмас. Мусулмон давлатлари интеллектуал янгиланиш ишига жиддий ёндашишлари керак. Қуръон ва Суннанинг руҳига суяниб, замонавий илму техника ютуқларига таяниб, янги таълим тизимини йўлга қўйиш – муҳим вазифа. Мусулмон муаллимлари ва олимлари саъй-ҳаракат этсинлар, токи ёш наслларда ўтмишга нафрат, истиқболга ишончсизлик бўлмасин. Шу йўсинда ислом қайта туғилади. Шу йўсинда мусулмонлар ислом нурини оламга ёйиб, инсониятни келажакда ҳалокатдан сақлаб қолишлари мумкин.

Дунёга раҳанмолик қилиш – осон иш эмас. У буюк эътиқод, заҳмат-машаққат чекиш ва чексиз фидойиликни талаб қилади.

Бугун биз Сурия, Ироқ ва Миср ҳақида фахрланиб гапирамиз. Агар ислом Пайғамбари ва унинг пайғоми бўлмаганда, бугунги Сурия ҳам, Ироқ ҳам, Миср ҳам, борингки, араб дунёси ҳам бўлмас эди. Бундан ташқари, бутун дунё маданияти бу даражага етмас, илму фан, адабиёт ва санъат бу қадар юксалмас эди. Бироқ, бугун мусулмон оламидаги бу ўлкаларнинг ҳам илдизларига фитна ва фисқу фасодлар билан болта урилди. Бундан президент Каримов каби мустабидларнинг қувончи чексиз, уларга исломни камситиш ва мусулмонларни зулм остида бошқариш учун сабаб топилди. Аммо, бу ўткинчи бир нарса…

Агар бу мамлакатлардан бирортаси исломдан юз буриб, Ғарбга юз ўгирса, ўзининг исломгача бўлган ўтмишини қўмсаб ёхуд Ғарбнинг турмуш тарзи, қонунлари, бошқарув усулига тақлид этиб, Пайғамбар алайҳиссаломни ўз устози, раҳнамоси, нажоткори ўрнида кўрмаса, у бахш этган неъматлардан воз кечиши ва ўзининг аввалги, ибтидоий ҳолатига қайтиши керак бўлади.
Миракизмчиларларнинг бу манзилларга тўлиғича қайтганига йигирма беш йил кечди. У шундай давр эдиким, унда Рим ва Эрон империализми ҳукмрон бўлиб, зулму зўравонлик, таъқибу таъзйиқ ҳукм сурар, халқлар жаҳолат ва зулматга ботган, арабларни ҳеч ким танимас, улар ночор ва абгор кун кечиришар эди.

Араб дунёси, унинг муҳташам тарихи, маданият ва санъат, илму фан ва адабиётда эришган улкан ютуқлари, хуллас, ҳамма-ҳаммаси Муҳаммад пайғамбар ва унинг пайғоми туфайли рўёбга чиқди. Бизнинг-чи? Бизлар ҳам шу унсурлар сабаб барча мувафаққиятларга эришмаганмидик? Барча ғалабалар, қувончли йиллар сурури бизларга ҳам ислом туфайли келмаганмиди?!

Тарих гувоҳлик берадики, ҳар гал бирор қавм мардлик, матонатни қўлдан бой бериб, ахлоқий тартиб-интизоми, ор-номус туйғусини йўқотса, аёллари бузуқчиликка берилиб, оналик мажбуриятини унутса, бундай халқ ҳалокатга дучор бўлади. Унинг улуғворлигидан нишон ҳам қолмайди. Юнонлар, римликлар, эронийларнинг қисмати бунга далил. Афтидан, ҳозирги Оврупони, балки бутун дунёни ана шу қислмат кутаяпти. Миракизмнинг эрларнинг ор-номуси, таълим-тарбиянинг шон-шарафи бўлган ўзбек аёлларини бу ботқоққа итарганига йигирма йил бўляпти. Миллатнинг ўғил-қизлари одобсиз, таълим-тарбиясиз оми тўдага айланиб бормоқда…

Афсуски, турли омиллар таъсири остида ўзбек бойлари дабдабали, серҳашам ҳаёт кечиришни одат қилишяпти. Ана шу рангин ва зангин турмуш билан ёнма-ён йўқсиллик ва гадолик, очлик ва муҳтожлик ҳам ҳукм сурмоқда.

Шаҳарлар қиёфасига кўз ташлаб, юрагинг ачишиб, хафа бўлиб кетасан киши. Уларда синфлар, табақалар турмуш тарзидаги тафовут яққол кўзга ташланади. Бир ёқда зийнат, ҳашаматга ботиб, пул совураётган бой-бадавлатлар, иккинчи ёқда бир бурда нонга зор, усти юпун, қашшоқ, бева-бечоралар… Давлатмандлар ярқираган қимматбаҳо автомобилларда ўтишаркан, ранг-рўйлари бир ҳол қишлоқлардан пул ишлагани келган мардикор болалар мактаб партасида ўтириб билим ўрганиш ўрнига уларнинг машиналарини ювадилар… Улар бир бурда ноннинг пулини ишлаб, ота-оналарига жўнатиб турмасалар, укалари ва сингиллари оч қолиб кетади. Қишлоқдаги ўзбек болалари боғча ёшига тўлмасдан ота-оналари томонидан қулларча меҳнатга жалб қилинадилар. Боғча нималигини билмасдан мактаб партасига бориб ўтирарканлар, миракизмчилар назорати остида, пахта сафарбарлигининг бошидан охиригача оғир меҳнатга мажбурланадилар.

Токи шаҳарлардаги ҳашаматли саройларга бақамти хароб, чолдевор қишлоқлар, давлату сарват билан ёнма-ён очлик, муҳтожлик мавжуд экан, ҳар турли қўпорувчи кучларга эшиклар ҳамиша очиқ бўлади. Ҳеч қандай ташвиқоту тарғибот, ҳеч қандай қудратли ҳокимият уларнинг йўлини тўсолмайди.

Эргаш Сулаймон