Ўзбекистоннинг янги Сенати: ким бу одамлар?

Ўзбекистоннинг янги Сенати: ким бу одамлар?
32 views
24 January 2015 - 15:00

4Янги сайланган ва қисман тайинланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўз ваколатларини бажаришга киришди. Шу ўринда адолатли бир савол туғилади: ким бу одамлар, аҳолининг қайси қатламига мансуб?

CA-Dialog нашри томонидан эълон қилинган мақолада янги сайланган Сенат таркиби вакиллари соҳалар бўйича таснифланган ҳолда таҳлил қилинади.

Ҳаттоки одийгина арифметик ҳисоб-китоблар ҳам кўп нарсадан далолат беради, дейилади мақолада.

Аҳолининг энг зўр вакиллари саналган 100 таликнинг 36 тасини вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ташкил қилса шулардан 5 таси айни пайтда ўз минтақаларида хотин қизлар Қўмиталарининг раислари ҳисобланадиган ҳоким ўринбосарларидан иборат.

Иккинчи ўринда эса кутилганидек турли хил таълим муассасалари вакилларидир. Улар мактаблар ва ўқув марказларидан бошлаб олий ўқув юртларигача бўлган турли муассаса вакилларидан иборат бўлиб жами 14 та одамни ташкил қилади. 9 киши, шу жумладан шахсан президентнинг ўзи томонидан тайинланган 4 та йирик корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш соҳасига мансуб одамлардир.

Сенаторлар орасида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари эса 8 тани ташкил қилади. 7 киши фермер ва ширкат хўжаликлари вакиллари. Улардан 1 таси қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган бошқарув аппарати ишчисидир.

Сенаторларнинг яна 7 таси йирик мансабдорлардан иборат. Улардан бештаси рўйхат бўйича бевосита давлат раҳбари томонидан тайинланадиган шахслардир.

4 киши маҳалла қўмиталаридан сайланган бўлса 2 киши илмий соҳа вакилларидир. Илмий соҳа вакилларининг ҳам биттаси бевосита давлат раҳбари томонидан тайинланадиган Фанлар Академияси президентидир.

Сенатнинг янги таркибида жамоат ташкилотларидан (“Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари) 2 та вакил бор. 2 та ёзувчи (аммо ҳамма таниган адиблар эмас албатта), 2 та оммавий ахборот воситалари вакиллари ва 1 та хизмат кўрсатиш соҳаси вакили ҳам янги Сенат таркибидан ўрин олган.

Кўриб турганимиздек, давлатнинг олий органи ҳисобланган Сенатда энг кам вакиллик асосан илм-фан ва ижод соҳалари ҳамда жамоат ташкилотларига оиддир. Табиийки ишчи қатлам ва майда тадбиркорлик соҳаси вакилларидан биронта вакил йўқ. Олдинги Сенат таркибидан фарқли равишда бу сафар янги Сенатда миллий диаспора вакиллари жуда озчиликни ташкил қилади: атиги 2 та корейц ва бир нечта қорақалпоқдан иборат.

Бу Олий Мажлис юқори Палатасининг расмий кўринишидир. Аммо унинг сифати қандай бўлишини келажакдаги фаолияти белгилаб беради.

ЎХҲ ахборот бўлими