Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Каримов дамини олсин!”

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Каримов дамини олсин!”
95 views
25 January 2015 - 14:09

9ЧАҚИРИҚ

Каримов дамини олсин!

Отага овоз бериб, овора қилиб қўйманг!

Ҳой, ҳалойиқ!

Мен сизларни Президентлик лавозимига яна қайта ўз номзодларини қўйган Ислом Абдуғаниевич КАРИМОВ номзодига овоз бермасликка чақираман!

Маълумки, 2015 йил инсонпарвар ҳукуматимиз томонидан “ҚАРИЯЛАРНИ ҚАДИРЛАШ ЙИЛИ” деб эълон қилинди. Адашмасам, 30 январ куни қадрли Ислом Абдуғаниевич ўзларининг муборак 78 ёшларини қаршилайдилар!

Умрнинг нақд етмиш саккизинчи баҳори! (Нима, бир йил қўшиб ёзиб қўйдимми? Ўзбекистонда шу-ууунча қўшиб ёзиш қалашиб ётганида, бизам “Қўшнинг кўр бўлса, қўзингни қис” деган гапга амал қиламиз-да) Ўзбекистонда неча ёшга кирган инсон қария ҳисобланади ўзи? – 90 гами, ва ё 95 ёшгами? Эҳтимол… Эҳтимол, Каримовнинг наздида 105 ёш кексалик даври ҳисобланар!
Балки қария деганда Каримовнинг кўз ўнгида соқоли киндигига тушган, ҳасса таянган, хиёл букилган букри чол гавдаланар?!

Бироқ менинг билишимча, бизнинг ўзбекларда 78 ёшни кўриш – қария дейиш учун етарли муддат! Бунинг учун кекса қўлида албатта ҳасса бўлиши шарт эмас! Эҳ-ҳе, юртимизда қанчадан-қанча банда бу ёшга етолмай, жони узилиб, армонда кетаяпти-ку!

Балки Каримов камтарлик қилса қилар, элга, сизу бизга яна ва яна хизмат қилишни хоҳласа – хоҳлар!

Аммо, лекин, бироқ….

Сизу биз энг аввало ўзбекмиз!

Ҳар бир воқеликка ўз менталитетимиздан, азалий қадриятларимиз, миллий анъаналаримиздан келиб чиқан ҳолда ёндашмоғимиз, ўз ақидаларимиз асосида хулоса чиқармоғимиз лозим.

Бизда азал-азалдан қариялар, оналар, айниқса, нуроний оталар улуғланган. Кексалар қадрланган, кўкларга кўтарилган, эъзоз, ҳурматга сазавор бўлган. Ҳатто ўғил қор кураш учун ота ўтирган уйнинг томига чиқишни ҳам падари бузрикворига нисбатан ҳурматсизлик, ҳақорат деб билган.

Нега энди биз – ана шундай оқил ўзбекнинг авлодлари кекса Каримовни яна “халқ хизмати”ни қилишига йўл қўйиб беришимиз керак? Нега энди кексарган чоғида Каримовни ҳамма қариялар қатори тинчгина нафақага кузатиб қўймаслигимиз керак? Мўйсафидларимизнинг жойи президентлик трибунасидами? Чойхонада эмасми?

Ҳой, баракатопгурлар! Яна такрорлайман, буни ўнг қулоғингизга ҳам, сўл қўлоғингизга ҳам қўрғошиндек қуйиб олинг: Биринчидан, Ўзбек дегани ҳамиша кексаларини бошига кўтарган, ардоқлаган. Каттаси қариганида етти қават кўрпачага ўтқазиб қўйиб, ҳурмат бажо келтирган. Қарияларининг қўлини совуқ сувга ҳам урдирмаган.

Иккинчидан, биз, ўзбеклар итоаткор халқмиз. Айниқса, ҳукуматимиз қонун, қарорларига алоҳида ҳурмат билан қараймиз. Фармонлар талабини жону тан ила бажо келтирамиз…

Ана энди айтингчи, “Қарияларни қадирлаш” йилида ҳукумат қарорини емирилган пошнамиз-ла топтаб ўтсак, бечора Каримовнинг зиммасига яна масъулият юклаб қўйсак, қарияга халқ хизматини қилишдек залворли юмуш буюрсак, бўладими? Инсофдан, одамгарчиликдан бўлмас-ов дейман-да….

Ислом отанинг кўнгли элга камарбаста бўлишни истаса, истар. Бироқ биз уларни ортиқ урунтириб қўймаслигимиз керак!
Негаки… Инсоф билан ўзингиз айтингчи, биз 78 ёшини қаршилаётган Каримовни қачонгача ишлатамиз?! Қачонгача шўрлик Ислом отанинг ортига халқнинг олтинини ортиб – елкасини яғир қиламиз?!

Эҳ, бугуннинг ёшлари шунақанги бебош, ўзимбилармон бўлиб кетишганки, қарияларга кўпдан бери қулоқ осмай қўйган…. Шунгами… Кекса Каримовнинг ҳукмат тизгинини тутишга ҳам қурби етмай қолган…

Тўрт томонингизни қуршаб олган ҳақсизлик, ҳуқуқсизлик, порахўрлик, бошбошдоқлик, иқтисодий танглик, таъмагирлик каби жамики аччиқ, таъми талх, тахир “мева”ларнинг илдизи – Каримов, танаси ҳам Ислом Ота бўлиб қолди….

Шунча айблов биттагина одамга оғирлик қилади! Бир банданинг қайта ва қайта гуноҳга ботишига сабабчи бўлиб қолмайлик, шафқат қилайлик!

Халойиқ, шунинг учун айтаманки, мабодо, кўксингизда ўз-бек – ўз-ўзига бекликдан заррача асар қолган бўлса, мўйсафидларга ҳурмат бажо келтиринг, кекса елкаларга кўпам ўлигингизни ортиб олманг, Ислом отани тинч қўйинг, сизу бизнинг шарофатимиз билан Каримов қариганида дамини олсин!

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист

ЎХҲ таҳририяти почтасидан