Нега мусулмонлар христианлардан “христианча терроризм”ни қоралашни талаб қилишмайди?

Нега мусулмонлар христианлардан “христианча терроризм”ни қоралашни талаб қилишмайди?
110 views
26 January 2015 - 13:53
1

Норвегияда 77 та одамни ўлдирган террорчи Андерс Брейвик

Маълум бўлишича Америка Қўшма Штатларида “исломчи” экстремистлар томонидан содир қилинган террорчилик амалиётлари умумий терактларнинг атиги 6% ни ташкил қилади. Бу рақам бошқа гуруҳлар томонидан амалга оширилган террорчилик амалиётлари билан солиштирганда фавқулотда кичик кўрсаткичдир. Хусусан, Loonwatch мониторинг гуруҳи берган маълумотларга кўра, АҚШ да лотин америкалик гуруҳлар томонидан амалга оширилган терактлар даражаси умумий терактларнинг 42% ни, радикал сўллар томонидан амалга оширилган терактлар 24% ни ва иудей экстремистлари томонидан содир қилинган террорчилик амалиётлари эса умумий терактларнинг 7% ни ташкил қилади. Ушбу кўрсаткичлар ФБР базасига тегишли бўлиб истаган одам мустақил равишда текшириб кўриш имкониятига эга.

Яқинда баскетбол афсонаси Карим Абдул Жаббор ушбу масаланинг моҳиятига эътибор қаратди. Парижда амалга оширилган терактлардан сўнг у Time журналида “ҳамма вақт машҳур мусулмонлар бундай ҳодисаларда омманинг диққат марказига тушиб қолишади ҳамда улардан қайта ва қайта бундай террорчилик амалиётларининг исломга қанчалик зид эканини тушунтириш ва уларни қоралаш талаб қилинади”, – деб ёзади.

“Аммо Ку Клукс Кланлар қора танлилар оиласи ҳовлисида ҳочни ёқиб юборишса бу борада машҳур христианлардан изоҳ талаб қилинмайди. Бу ҳодиса ўз-ўзидан христианлик ақидаларига зид ўлароқ қабул қилинади. Кўпчилик Ку Клукс Кланларни христианлик таълимоти ташқарисида ҳаракат қилишган деб қабул қилишади”, – дея қайд қилади Абдул Жаббор.

TheDailyBeast муаллифларидан бири бўлган Убайдуллоҳ абортларни амалга оширадиган абортарийга нисбатан экстремистлар томонидан амалга оширилган террорчиликни мисол келтиради: “7 та қурбон, кўплаб куйиш билан жароҳат олганлар, портлашлар ва кислота тўкилишидан тан жароҳати олганлар… Лекин сиз абортарийга уюштирилган ҳужумни ОАВ христиан террорчилиги деб атаганини эшитдингизми ҳеч?”, – дея савол билан мурожаат қилади у.

“Ҳаттоки 2011 йилда Оврўпада амалга оширилган қўрқинчли терактлар – Норвегияда Андерс Брейвик ўзининг мусулмонларга, муҳожирларга қарши ва христианпараст мафкураси доирасида 77 та одамни ўлдирганини ўз оғзи билан тасдиқлаганидан сўнг ҳам оммавий ахборот воситалари бу ҳақда нечта мақола ёзишди? Биз терроризм бўйича экспертларнинг “христиан террорчилигини қандай тўхтатамиз” мазмундаги саволлар билан телеканалларга мурожаат қилишганини кўрмадик”.

Агар мусулмон шархловчилари терроризмни христианлик призмаси орқали таҳлил қилишни исташса чексиз маълумот бор.

Келинг яхшиси АҚШ ва Лотин Америкасидаги кўча безорилари томонидан содир қилинадиган зўравонликлар ва Ғарбда христианларга оидлиги тахмин қилинадиган зўравонлик актларини бир чеккага суриб турайлик. Айнан христиан террорчиларига бир назар ташласак:

Баъзи исмлар кўпчиликка маълумдир – 1996 йил Атлантадаги олимпия стадионида содир қилинган террорчиликдан сўнг бир нечта абортарийларга ҳужум уюштирган Эрик Роберт Рудольф.

Бостон Университетининг илоҳиёт ўқитувчиси Стивен Протеро томонидан “ўз нафратини христианча террорчилик ғоялари билан шакллантирган христиан террорчиси” деб аталган Брейвик.

Абортни амалга оширувчи врачларни ўлдирган Скотт Редер ва Джеймс Чарльз Копп. Христиан ҳаракатининг яна бир аъзоси бўлган Оклахомалик Тимоти Маквей.

Бошқа мисоллар ҳам келтириш мумкин. Масалан, 1999 йили Лос Анжелесдаги иудей марказини ўққа тутган ва натижада 5 одамни ярадор қилиб бир филиппинликни ўлдирган “Финеас культи” тарафдори Бафорд Ферроу. Ёки ўтган йилнинг кузида Остиндаги полиция штаб-квартираси ва давлат идораларини 100 мартадан кўп ўққа тутган ҳамда ўзини “олий руҳоний” деб эълон қилган Ларри Маккуиллиамс.

Мусулмон шархловчилари ҳам муътадил христианлардан “экстремистик христианлик”ни қоралашларини, машҳур христиан намоёндаларининг бу каби мудҳиш ҳодисаларга ўз ғазабларини ифода қилишлари ва Марказий Африка Республикасида жангарилар томонидан мусулмон аҳолининг тириклайин ёқиб юборилганини қорашларини талаб қилса бўлар эди. Ахир христианлар ҳам ҳар сафар қайта-қайталаб христианликнинг тинч дин эканлигини тушунтиришга мажбур бўлишлари керак эмасми?

Манба: The Week