Конституция ва қонун талабини бузганлар устидан арз қилайлик унда…

Конституция ва қонун талабини бузганлар устидан арз қилайлик унда…
188 views
26 January 2015 - 14:04

2Умуман олганда, Ўзбекистонда “Сайлов” номли ўткир сюжетли фильм “суратга олинмоқда”.

Мазкур кўп қиррали фильмнинг сценарий муаллифи қалами ўткир серқирра “ижодкор” Каримов, режиссёри бетакрор истеъдод эгаси Ислом ота, Картина Директори Абдуғаниевич, дережёри Ислом Абдуғани ўғли. Бош ролда салоҳиятли санъаткор, халқда хизмат кўрсатган артист Ислом Абдуғаниевич Каримов.

Ана у “Либерал” деганлари эса “сайлов” фильмининг продюсерлари, реклама агентлиги ҳам ўшалар.

Ишонмайсизми?

Мана, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида:

“Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас” дея кўрга ҳасса қилиб ёзиб қўйилган дейди “Озодлик”даги ҳамкасблар.
Ислом Каримовнинг тўртинчи бор президентликка номзоди қўйилиши мамлакат бош қонуни – Конституцияга зид, мисоли бир тажовуз дея таъкидлашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддасида Конституцияга зид иш қилиш, тажовуз этиш жиноят саналади. Ҳатто 5 йилгача озодликдан маҳрум этилади дея эслатиб ҳам қўйишмоқда.
Хўш, сизу биз билган ана шу оддий ҳақиқатни МАМЛАКАТ ҚОНУНЛАРИНИ, АЙНАН КОНСТИТУЦИЯНИ ҲАМ ИЖОД ҚИЛГАН ЎША ҚОНУН ИЖОДКОРЛАРИНИНГ ЎЗЛАРИ, ДЕПУТАТУ СЕНАТОРЛАР, Каримовнинг номзодини қайта кўрсатган “Либерал..” лўттибозлар билмас эканми?

Нима эмиш, беш йилдан бери бир бора қораси кўринмаган қандайдир номи “Либерал…” деган партия мамлакат қонунини поллатта қилиб, оёғини артиб қўйиб, Каримов номзодини тўртинчи карра илгари сурганмиш!

Каримовнинг номзодини президентликка тўртинчи бор қўйишга ишқибоз бўлаётган ўша “Либерал” деган лўттибозлар Конституциянинг 90-моддасига кўзи тушмаганми, саводи йўқ эканми?
Қонунни билишмайдими, ўзлари чиқарган қонунни менсишмайдими, демак улар партия аъзолари эмас, шунчаки фильм продюсерлари бўлмай ким?

Бу – трагедия жанридаги фильм бўлмай нима сизга?

Бу сермаҳсул ижодкорлар бугун трагедияга қўл уришади, эртага эса триллер жанрида “ижод” қилишни истаб қолишади….

“Сайлов” сценарийининг муаллифи билан бирга, балки, ўзларини элга ПАРТИЯ деб таништираётган бу фильм продюсерларини ҳам қўшиб судга тортиш керакдир?
“Қонунга зид, қонунга зид” деб зорланганимиз билан иш битмайди….

“Сайлов” фильми сценарийсини “Бадиий Кенгаш” муҳокамасига ташлаш – қозилар маҳкамасига топшириш, арз қилиш керакдир?…

Барибир “Сайлов” борасидаги савобли ишни эртами-кечми кимдир қилиши керак-ку. Хайрли юмушни кечиктириб нима қилдик?

Маҳкамага арз қилувчи давогарлардан бири бўлиш мен учун шараф, шеригим ким бўлади?

Орангизда қонунни кучли биладиганлар, даъво аризани ўринлатиб битадиганлар борми?

Балки амалий қадамларга ўтармиз?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист