Холдор Равшан: “Каримов президентликка номзод бўлиши учун биргина йўл бор…”

Холдор Равшан: “Каримов президентликка номзод бўлиши учун биргина йўл бор…”
46 views
26 January 2015 - 16:08

5

Ягона қонуний йўл Каримовнинг ПЛАСТИК жарроҳлик амалиётини қилдириши ва фамилиясининг охирига ягона «а» ҳарфини қўшиб қўйиш орқали ўзга шахсга айланишидир. Фақат шу йўл билангина “Каримова хоним” сифатида сайловда қатнашиш имконига эга бўлади, бошқа қонуний йўл мавжуд эмас!!!…

 

Эх, Ўзбекистонимизнинг Президентлик сайлови ,
Нозик еримизга чиққан, битмас ёмон яра мисоли .
Аччиқ гапларимдан – асло аччиқланмангиз азизлар ,
Бу сайлов-ғаламисликларининг, кўпдир халққа заволи…

Озодлик радиоси ташкил этган очиқ мулоқот кўринишидаги қурултойни эшитдим ва айнан долзарб мавзу кўтарилган деб ҳисоблайман ва мазкур руҳда ишни давом этказмоқлик ва халқнинг руҳиятини кўтармоқлик, келажакда ўзгаришларга умид ўйғотмоқлик лозим деб ўйлайман, ҳамда ҳозирча қурултойда шахсан иштирок эта олмаётганимдан афсусдаман…

Аммо, мазкур қурултой бўйича холис фикр-мулоҳаза юритишимга ижозат берасизлар деб умид қиламан:

Қурултойда, -«И.Каримовнинг 4-бора Президентликка номзодини қўйишини, Ўз.Р.ЖКнинг 159-моддаси бўйича жавобгарликка тортиш мумкинми?» -деган мавзу асос қилиб олинганлигига бир оз эътироз билдирмоқчиман.

Сабаб: Кўтарилаётган савол ёки муаммо, ечимини топиш мумкин бўлмоқлиги лозим, яъни ҳаммамиз ҳам ер фарзандлари – ерда юрайлик(оёқ ерда бўлсин) ва ерда фикр-мулоҳаза юритайлик,   демоқчиманки ечимини топишлик мумкин бўлган савол ва муаммоларни кенг халқ оммасига кўтариб чиқиб, уларнинг мақбул ечимларини биргаликда излайлик, қўйилган савол эса осмондаги етиб бўлмас орзу-хавас бўлиши мумкин холос, зеро кичик қирлик забт этилмасдан, унинг ортидаги тоғ чўққиси кўринмас, яъни қўл етмас-кўзга кўринмас манзилни орзу қилмайлик…

Шунга кўра, менинг назаримда И.Каримов 4-бора Президентликка номзод қўйиши қонунийми – деган савол қўйилмоқлиги;

-Қонуний бўлмаса, у холда қандай ҳолатда қонуний бўлишлиги мумкин эди – деган савол қўйилмоқлиги;

-Агарки, 4-бора Президентликка номзод қўйилиши авваламбор Конституция нормасига зид бўлса, у ҳолда, Конституциявий Президентни сайлаш учун ким нима (авваломбор Ўзбекистон халқи) қилмоқликлари керак – деган саволларни устивор қилиб қўйишлик маъқул бўлар эди – деб ўйлайман ва ўз эътирозларим асосида, ўз фикр мулохазаларим билан ҳам ўртоқлашмоқчиман.

Онгли мавжудот-инсон сифатида фикрлаганда, (лаганбардор-лўттивозлар нима баҳона-ю сабаб кўрсатишмасинлар) Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 4-бора Президентликка номзодини қўйишлиги, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормасига зид эканлиги, хеч бир эътироз ва саволга ўрин йўқ!

Бунга асос, гарчанд, Конституциянинг аксарият моддалари ўтган шу даврлар ичида неча бора ўзгартирилган бўлишлигига қарамасдан, Президентлик ваколат муддатлари резинкадек у ёқдан бу ёққа чўзилганига қарамасдан, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 08 декабрда қабул қилинган Конституцияси бекор қилинган эмас, ҳамда «Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас» эканлигини белгиловчи Конституциянинг 90-моддаси бугунги кунгача ўзгартирилмаган ва амалда эканлигидир.

Қурултойда, бу ҳақда етарлича фикрлар жаранглаганлиги сабабли, мен ушбу масалага ортиқча тўхталиб ўтирмасдан, қурултойдаги икки фикрга ўз муносабатимни билдиришни жоиз билдим:

Биринчидан: Авваломбор, ҳар қандай қонун, (Конституция эса Жамиятда асосий қонун ҳисобланади), ҳамма томонидан бир ҳилда талқин этилиши ва қатъий риоя этилмоғи шартлигини талаб қилади. Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасида, «Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас»лиги қатъий белгилаб қўйилгандир. Демак, сурункасигами йўқми аҳамияти йўқ дейишга хуқуқий жиҳатдан ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Бундан да мухим жиҳати шундаки, Конституция нормаси, бу нафақат чеклов, балки ҳуқуқ ва мажбуриятни – чеклов ва имкониятни бирдай қатъий белгилайдиган нормадир, демак Конституцияни чеклов деб талқин қилмоқлик ҳам хуқуқ нормаларига тўғри эмасдир.

Агарки, Конституциянинг 90-моддасидан «сурункасига» сўзини олиб талқин қилинса, нафақат булғуси Президентнинг, балки халқнинг ҳам имконияти – Конституциявий хуқуқи чекланган бўлади.

Сабаб: Сурункасига икки мартадан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмаслиги хақидаги чеклов, маълумки АҚШ Коституциясидан олинган андоза бўлиб, айнан демократик тамойилларнинг ёрқин ифодаси ҳисобланади. Бу чекловга сабаб эса, айнан бир шахс узоқ муддат давлатни бошқариши ва у томонидан автократлик намоён бўлиши натижада авторитар тузум барпо этилишининг олдини олишдир.

Бир муддат 4 йилми ёки 5 йил, бутун жамиятда ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ва натижасини намоён этмоқлик учун камлик қилишлиги нуқтаи назаридан айнан сурункасига икки муддат белгиланганлигини назардан қочирмаган ҳолда шуни ҳам таъкидлаш лозимки, учинчи муддатда сайланган бошқа Президент фаолиятидан келиб чиқиб, олдинги икки муддат фаолият кўрсатган Президентга холисона баҳо бериш учун халқда реал имконият туғилиши ва сиёсий фаол бўлган ҳуқуқий билимдон жамият лозим топса, халқ учун ижобий фаолият кўрсатган бурунги Президентни кейинги сайловларда яна сурункасига икки марта сайлаш имкониятини беради, акс ҳолда халқ ушбу имкониятдан махрум этилади.

Демак Конституцияни, нафақат мустақил фикр соҳиблари, балки Ўзбекистон расмийлари ҳам тўғри ва қатъий талқин этишлари ва унга бирдек риоя этишлари шарт ва зарурдир.
Шу ўринда, Россия Президентлик сайловлари бўйича, Путин–Медведев сценарийсими ёки бошқа қораловчи фикрлар айтиладими, қатъий назар, шуни аниқ айтаманки, қонун нуқтаи назаридан хеч кимда хеч қанақанги эътироз бўлмаслиги лозим, яъни Конституция нормасига қатъий риоя этилган ҳолатда сайловлар ўтказилган. Қанийди Ўзбекистон ҳам ҳеч бўлмаганда ўзининг катта оғасидан ўрнак олганида эди…

Россия Президенти В.В. Путиннинг фаолиятига баҳони бўлса, фақат ва фақат Россия халқи бериши лозим ва ишонаманки, Россия халқи етарлича сиёсий фаол ва ҳуқуқий билимдондирлар …

Иккинчидан: Стив Свердлов, барча фикрлари билан бир қаторда, -«ушбу масалага айнан ўзбек халқи муносабат билдирмоқлиги лозимлигини, лозим топишса Конституция нормасига зид эканлиги бўйича Ўзбекистоннинг сиёсий партиялари эътироз билдиришлари лозим» -дея, Агарки, 4-бора Президентликка номзод қўйилиши авваламбор Конституция нормасига зид бўлса, у ҳолда, Конституциявий Президентни сайлаш учун ким нима (авваломбор Ўзбекистон халқи) қилмоқликлари керак – деган саволга тўғри ва мантиқли жавоб қайтарди деб ўйлайман.

Тўғри, хуқуқшуносми ёки сиёсатшуносми барибир ўзбек халқи ичидан чиқмаган ва у билан ёнма-ён яшамаган кишилар, бизнинг ҳаётимиз ва муаммоларимиз хақида тўлиқ тасаввурга эга бўла олмайдилар, шунинг учун ҳам Стив Свердловнинг ўзбек сиёсий (чўнтак)партияларидан умид қилишлигини, улардан қатъий фикр чиқмаслигини англаб ета олмаслигини тушунса бўлади.

Ха, айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормасига тўғри келадими ёки Ўзбекистон Конституцияси нормасига зидми, бу ҳақда айнан Ўзбекистон халқи муносиб баҳо беришлари лозим.

Умид қиламанки, Ўз.Л.Д.П.нинг И.А.Каримовни 4-марта президентликка номзод қилиб кўрсатиши ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси И.А.Каримовни 4-бора президентликка номзод этиб рўйхатга олиши оқибатида, сайлов натижалари бўйича, Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига зид бўлган Президент сайланиши мумкинлиги юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига даъво аризаси тақдим этадиган жонкуяр Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари чиқадилар деган умиддаман, фақат кенг омма уларни қўллаб-қуввтлашлари лозим…

Учинчидан: Юқоридан кўриниб турибдики, Президент командаси ҳар қанча важ карсонлар кўрсатишмасинлар, барибир И.А.Каримовнинг 4-бора Президентлик сайловида номзоди қўйилиши  Конституция нормасига зиддир, ҳаттоки Қозоғистон йўлидан бориб икки муддатлик чекловни Конституциядан чиқариб ташлашга ҳам энди вақт ўтиб бўлди.

Вахоланки, тинмасдан дунёдаги энг демократик жамиятга даъво қилаётган Ўзбекистон ҳукумати бундай қалтис йул тутишга, халқаро демократик ҳамжамиятдан қўрқишлари ҳам тайин эди.

Демак, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддаси; -«Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас» деган норма асосида И.А.Каримовни Президент этиб сайлашнинг ягона ва оғриқли усули қолмоқда:

Бу эса ПЛАСТИК жарроҳлик амалиётини қилдириш ва фамилиясининг охирига ягона «а» ҳарфини қўшиб қўйиш орқали ўзга шахсга айланишидир. Фақат шу йўл билангина “Каримова хоним” сифатида сайловда қатнашиш имконига эга бўлади, бошқа қонуний йўл мавжуд эмас!!!…

Тўғри тушунасизлар деган умиддаман, бу хақорат эмас – хақиқатга ишорат холос.

Ҳар қандай кишилик жамияти фаровонлигининг калити эса, айнан жамиятда қонун устиворлигидадир, яъни қонунга ҳамма томонидан бир хилда ва қатъий риоя этилишидадир, у Президент бўладими ёки ишсиз фуқароми қатъи назар…

Холдор Равшан