Каримов тузумининг қонунсизликка асосланганлигини яна ва яна амалда исботлаб қўйишимиз керак!

Каримов тузумининг қонунсизликка асосланганлигини яна ва яна  амалда исботлаб қўйишимиз керак!
50 views
27 January 2015 - 18:02

9(Фейсбук тармоғи деворидаги «Конституция ва қонун талабини бузганлар устидан арз қилайлик унда» сарлавҳали чиқишим тагига қолдирилган изоҳларга муносабат…)

Каримовни ўзининг қўл остидидаги унинг бир имосига маҳтал маҳкамага бериш айни дамда ахмоқликдек туюлишини мен ҳам жуда яхши  биламан…

Аммо, биласизми, “Либерал”лар ва улар тўртинчи бор илгари сурган номзодни судга судраклаш нима беради бизга?

Бу амалдаги ҳукуматнинг қонунсизлигини исботлаш учун керак!

Мана, биз “Конституциянинг 90- моддасини қўпол равишда бузиб, Каримовнинг ўз номзодини 4-бор илгари суриши қонунсизлик, дод, бу қонуни паймол қилиш, қонунга итоатсизлик” демоқдамиз. Томоғимизни йиртмоқдамиз.

Қани исботи?

Бунингдек бедодликка қарши қаршилигимизнинг исботи қани?!

Тўғри, бунингдек қонунбузарликка Каримов номзодининг тўртинчи бор Президентлик сайловига қўйилишининг ўзиёқ инкор этиб бўлмайдиган далил, албатта.

Бироқ…

Гап бошқа ёқда.

Масаланинг ўзга жиҳатида:

Биринчидан, бор муаммо, ягона мақсад Каримовнинг қоннунни менсимаслигини исботлашдагина ҳам эмас, унинг ана шундай яккаҳукмронлик истаги билан халқ ҳечам муроса қила олмаслигининг амалий исботини кўрсатиб қўйишда!

Яхши, бугун Каримовнинг кўнгли яккаҳукмронликка суст кетган экан, бироқ, эртага биз келажак авлоднинг “Каримовнинг қонунсизлигига қарши амалда сиз қанчай чора қўлладингиз?” деган саволига ҳам жавоб  беришимиз керак эмасми?

Каримов тузумининг қонунсизликка асосланганлигини қайта ва қайта далиллар, инкор қилиб бўлмайдиган фактлар асосида иботлаб қўймоғимиз зарур эмасми?

Хўп, дейлик, бугун Каримов яна ва яна президентликка ўз номзодини кўрсатмоқда.

Биз эса чурқ этмай ўтирамизми?

Аммо кези келиб ўша, сизу биз билган Каримов “Яхши, мен қонунга оёқ қўйган эканман, қани, қай бирингиз мени тўхтатишга уриндингиз? Халқ ичидан “Бу ишингиз ноқонуний!” дейдиган, мени тўхтатадиган, эл норозилигини айтадиган бирорта мард топилдими, даъвогар чиқдими? Йўқ. Ана, Ўзбекистонда адолатли, бир-биридан мустақил суд ҳокимияти бор, Конституциявий суд ҳукмрон, қонунни назорат этувчи ҳуқуқ-тартибод идоралари ишлаб турибди! Нега устимдан арз қилиб судга бормадингиз? Нега “Каримов тутган йўл ноқонуний” демадингиз? Судга арз қилсангиз, маҳкамага бориб, “Биз Каримовнинг номзоди қўйилишини, унинг қайта президент бўлишини истамаймиз. Тўртинчи бор номзоди қўйилиши қонунни оёқ ости қилиниши” демадингиз? Ҳақ бўлсангиз, адолатни талаб қилсангиз, тилингиздан ҳакка чўқирмиди? Бу нимадан далолат? Амалда халқим, элим мени қўллашидан, қувватлашидан, менга муҳтожлигидан далолатдир! Сукут аломати – ризо! Қолаверса, менинг ноқонуний иш тутишимга қани исбот? Далилингиз, арзингиз борми? Бўлса, ўз вақтида айтинг эди, акс ҳолда тилингизни тийиб, туҳмат қилмасдан ўтиринг. Бизда туҳмат учун жазо муқаррар” демаслигига, кўкрак кермаслигига ишонасизми?

“Қози онангни жазмани бўлса, арзингни кимга айтасан” дея тушкунликка тушиш билан иш битмайди.

Биз айни дамда Каримов ҳаракатининг мутлақо ноқонуний эканлигини унинг ўзи асос солган қозихоналарининг қўли, Конституциявий судининг қарори билан исбот қилиб қўйишимиз шарт!

Биласиз, кишилик жамияти инсониятдан кўра қоғозларга кўпроқ бовар қилади.

Бизга суд ҳокимиятининг жавоби, қоралаган қоғози керак! Исбот, инкор қилиб бўлмайдиган далил даркор!

Халқимиз “Темирни қизиғида бос” дейишади!

Бу – ноқонуний ҳукматнинг ҳақиқий башарасини дунё ҳамжамияти олдида ошкор қилиш учун зарур. Буни эса уларнинг ўз қўллари, суд ҳокимиятининг қарори – қоғози орқали амалга оширишимиз лозим бўлади. Бу борада бизга фақат ва фақат Каримовнинг Конституциявий суди кўмак бериши мумкин….

Биламан, маҳкамабозлик қилиб бугун қўлимиз баланд келмаслиги аниқ. Бироқ, аминманки, бу амалий урунишларимиз эртами-кеч албатта ўз самарасини бериши муқаррар.

Лоақал келажак авлод олдида юзимиз ёруғ бўлади-ку:

“Аждодларимиз нуқул “вой-дод-эй” дея айланиб олиб садир тушишдан бошқасига ярамаган экан-ку…” деган мазмундаги таъналардан фарқли ўлароқ, “Диктаторлик тузумида амалий ишгаям қўл уришга уринишлар бўлган экан. Уларниям Каримовни ноҳақликлари учун маҳкамага беришга қурблари етган экан” дея болаларимизнинг биз ила фахрланишига, кўкрак керишига бундоқ имкон ҳам яратайлик ахир!

Ҳали Максуд Махмудий исмлли бир ҳамюртимиз: Бу – “Ajdar yoniga gugurt chup kutarib chişga uxşaydi…” дея сифатлабдилар.

Ҳақсиз, биродар. Эътирозим йўқ. Ростанам бу йўл аждар комига қурол-аслаҳасиз рўпару бўлиш билан баробар….

Бироқ, шусиз ҳам биз ҳар кун, ҳар сония хатар комида, аждар оғзидамиз… Шахсан мен ўз сиёсий қарашларим ортидан қариндошларимдан, тор қориндан талашиб тушган туғишганларимдан тамомила жудо бўлиб қолдим. Ота уйимдан бадарға этилдим. Болалигим ўтган қишлоғим кўчаларида юриш бахтидан мосуво этилдим. Икки гапни бирида “Онамнинг ўлигига ҳам келтирмайман” деган таҳқир танамни қиймалаб кетади.

Айни балоғат ёшида болаларим келажагини, тақдирини савол остига қўйиб қўйдим…. Бошқа тенгдошлари қатори беўй, бехавотир, беғаму беташвиш яшаш бахтидан мосуво этиб қўйдим. Ёшгина дилбандларимни, қўчага чиқса, “Биров тортқилаб кетмасмикин, бирорта машина туртиб ўтмасмикин” деган ҳадикда,  уй эшиги “тиқ” этса, “Суд ижрочилари ташрифимикин, ё онамни олиб кетишга келишдимикин?” дея юраклари така-пука бўлиб яшашга маҳкум қилиб қўйдим….

Молим билан бирга жоним – жигарларимдан ҳам айрилдим, бошпанасиз қолиш хафти хатар солмоқда…

Йўқотишнинг бундан ортиғи бўлмайди…

Айни дамда Ўзбекистон ичкарисидаги ҳар бир мухолифатчиман, инсон ҳуқуқларининг фаолиман деганининг бошида бор савдо бу: ҳар қадамида хавфу хатар ҳамроҳлик қилади, энг аввало оила пароканда этилади….

Ваҳоланки, мухолиф фикрдаги фуқаролар ҳамма давлатларда, ҳатто энг ривожланган, демократик юртларда ҳам бор. Бироқ, уларнинг ҳеч бири  Ўзбекистондаги каби қўрқув исканжасига олинмайди….

Ҳақсиз, шусиз ҳам мамлакат ичида Каримовга, диктаторлик тузумига, ҳукуматга қарши гап айтаётган одамни мен биргина белкуракча билан  қато-ооор тоғ тизмалари тепасидаги қорларни курашга бел боғлаган кишига – савдойига ўхшатаман: “Точно томи кетиб қопти!”

Бироқ, бироқ… Шусиз ҳам Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон… лар каби умр асосини тутқунликда ўтказишдек қамоқхона қўрқуви қалбингга ҳар сонияда соя солиб туради… Тўхтовсиз таъқиб қилади…. Мамлакат ичидаги мухолифатчиларнинг барчаси, инсон ҳуқуқлари фаолларининг ҳаммаси бунингдек таҳликани ҳар дақиқада юрак-юрагидан ўтказиб туради!

Бу тузум қамоқхонаси қадамидан ўт чақнайдиган Мамадали Маҳмудовдек адиб қаддини камон қилибгина қамоқдан қўйиб юборди!

Бекзод Темиров исмли инимиз “ундан кура четга чикиб кетиш керакка ухщайди ҳеч қанақа умид қолмади” дея умидсизликка берилади…

Ҳаммасига қўл силтаб кетгим келади…. Деярли ҳар куни сафархалтамни бир бора елкамга олишим рост…. Аммо қўрқаман. Мени ҳорижга чиқиб кета олмаслик чўчитмайди. Она юртимга қайта қадам қўя олмаслик алами кўпроқ изтиробга солади… Қўрқаман. Эртага қизларим, “Нимага биз учун тақдиримизни ҳал қилиб қўйдингиз? Ўзингизга қўшиб бизниям ватангадо қилдингиз?” дея савол бериб қолишидан, таъна қилишларидан, армонда қолишларидан ҳайиқаман….

Узоқларга кетиб қолишдан осони бор эканми? Юртни ташлаб кетишдан азоби бор эканми?!….

…. Мамлакат ичидаги қалтис вазият мени қанчалик таҳликага солса, ҳориждаги ҳамюртларимизнинг ўзимбилармонлиги, бир-бирларига қайнаса қонлари қўшилмаслиги мени шунчалар изтиробга солади.

“Ҳой, яхшилар, сиз у ёқда бир бирингизга чоҳ қазиб, сендан мен камми дея кўкрак кериб, камига бир-бирингизни еб-ютиб бўлгунингизга қадар, бу ерда биз ҳам ютқазиб, бой бериб қўямиз-ку!” вой-дод-ей дегим келади….

Бу ўпка-гиналар ҳориждаги барча ҳамюртларимиз шаънига айтилган “ашъор” эмас… Гап эгасини топади. Мусофирчиликдаги ватандошларимиз ичида эл-юрт дардида дили дарз кетаётганлар талайгина. Бунингдек бетгачопарлигим учун миллатпарварлардан узр сўрайман. Фақат сизу биз ўзаро олишмасак бўлгани…” дея зорлангим келади…

Хафа қилиб қўйдимми? Шунақа, ростлигига ишониб айтилган таъналарнинг тахир таъмини ҳазм қилиш ҳазил иш эмас….

Йўқми, ундай эмасми? У ҳолда менинг ноҳақлигимни исботланг, бир-бирингизга тан бериш, кенг феъллик қилиш, қучоқ очиш, ҳар қандай ғаразларга чек қўйиш амалингиз орқали оғзимга уриб қўйинг, қани, қурбингиз етармикин?

Билмадим… балки мен адашаётгандирман, лекин аниқ билган яна бир ҳақиқатим шуки, мени айнан ана шундай шафқатсизлигим учун ҳам суйишмайди….

Яна “ўтлаб” кетдимми?….

Қиссадан ҳисса шуки, ўз юртингда еганинг ичингга тушмай, “прописка” қилолмай, ўз уйингда, ўз ватанингда сиғинди бўлиб, сиқилиб, рангинг сомондай сарғайиб, бир чўқиб-ўн қараб, чўчиб, қўрқиб-писиб…чор-атрофингдан ихоталаниб…. (ягона айбинг сиёсий қарашларинг. Биргина гуноҳинг мухолиф фикрлашинг… Ҳукуматга “тил теккизганинг”, ҳақсизликларга норозилик билрдирганинг учунгина!) имконсизлик, иложсизлик занжири-ла занжирбанд этилгач…. ҳали айтганимдек, оддийгина белкуракча билан бутун бир бошли тоғлар бошидаги қорларни курашга ҳам рози бўлиб кетаркансан-да киши!

Сиз бекорчи ҳаёлларда ташвиш чекманг, тушкунликка ҳам тушманг. Яхшиси, ўз Конституциявий суди орқали Каримов билан «ҳисоб-китоб» қилиш ҳақида ўйланг.

Ҳар қандай тахмину таъналарни тахмонга тахлаб қўйиб, ундан кўра судга даъво киритиш учун ариза матни битиш хусусида бош қотирсак, қандай бўларкин?….

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист