Ўзбекистонда пенсионерлар давлатдан қарздорга айлантирилди

Ўзбекистонда пенсионерлар давлатдан қарздорга айлантирилди
126 views
28 January 2015 - 12:48

1Ўзбекистонда кўпгина кексаларнинг пенсиялари бир неча маротаба қисқартирилди ва эндиликда улардан олдин тўланган пулларни ҳам давлатга қайтариш талаб қилинмоқда. Бунинг сабаби илгари олинган пенсиялар миқдори нотўғри ҳисоблангани билан изоҳланмоқда. Натижада эса миллиардлаб пул давлатга қайтариш шарти билан пенсионерларнинг бўйнига илиб қўйилган. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи берган маълумотга таяниб Фарғона агентлиги хабар тарқатди.

Хусусан, ўтган бир неча кун олдин ҳуқуқ ҳимоячиларига пойтахтнинг Олмазор туманида яшовчи беш фарзанднинг онаси, 56 ёшли Мастура Ҳакимова ёрдам сўраб мурожаат қилган. 2010 йилнинг январь ойида унинг 25 йилу 1 ойлик иш стажи инобатга олиниб 175 минг (ўша вақтда расмий курс бўйича $115) сўм пенсия тайинланган. 2014 йилнинг январь ойида йиллик индексациядан кейин Ҳакимованинг пенсияси миқдори 487 минг ($221) сўмга кўтарилган. Аммо шу йилнинг декабрь ойида унга 283,700 ($118) сўм пенсия берилган. Ҳакимованинг нима сабабдан пенсияси камайтирилгани ҳақидаги саволига жавоб бераркан масъуллар илгари унинг пенсияси нотўғри ҳисобланганини ва бу факт Ўзбекистон молия вазирлиги назорат-ревизия бошқармаси томонидан аниқланганини таъкидлашган.

Шунингдек Ҳакимова пенсия оладиган №69 почта бўлинмаси масъули бўлган пенсия жамғармаси инспектори Хуршид Сиддиқов аёлга давлатдан 16 миллион ($6653) сўм қардор эканлигини айтган. Инспектор саросимага тушган аёлни Олмазор туманининг ўзида давлатдан қарздор бўлган 500 та пенсионер борлиги билан гўёки “тинчлантирган”.

2015 йилнинг январь ойида Ҳакимованинг пенсияси яна қисқартирилган ва 27 январь куни унга атиги 141,8 минг ($58,5) сўм беришган.

Олмазор туманининг пенсия жамғармаси пенсионерларда бундай йирик миқдордаги қарздорликнинг қаердан келиб қолгани ҳақида ҳеч қандай изоҳ ёки тушунтириш бермаяпти. Пенсионерларнинг ўзлари эса ушбу ҳолат бўйича порахўр амалдорларни айблашмоқда. Уларнинг фикрича, порахўр амалдорлар пенсия жамғармаларини ўмаришган ва йўқолган миллиардлаб пулни чорасиз пенсионерларнинг бўйнига илиб қўйишган. Баъзи пенсионерлар ўз пенсияларининг олдинги миқдорини қайта тиклаш ва ўзлари ноқонуний деб ҳисоблаётган қарзлардан қутилиш мақсадида пенсия жамғармасини судга бериш ниятида.

Аввалроқ пенсионерларнинг пенсиялари кечиктирилаётгани ҳақида хабар бергандик.

Эслатиб ўтамиз, Каримовнинг таклифи билан 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганди.

ЎХҲ ахборот бўлими