Холдор Равшан: «Номзодларга мурожаат» учун Сайфуллаев Низомиддин Қаҳҳоровичга рахмат…

Холдор Равшан: «Номзодларга мурожаат» учун Сайфуллаев Низомиддин Қаҳҳоровичга рахмат…
162 views
28 January 2015 - 13:39

22015 йилнинг 20 январ куни мазкур сайтда Сайфуллаев Низомиддин Қаҳҳоровичнинг, Президентликка номзодларга мурожаати босилган эди, жумладан:

-2015 йил 29 март қадим Туркистоннинг бугунда бир қисми бўлган Ўзбекистон ўз юртбошисини сайлайдиган кун. Бу кун яқинлашиб келар экан, мен бефарқ қола олмаслигимни сездим ва ушбу мақола орқали сайлов кампаниясига фуқаролик бурчимдан келиб чиқиб ўз ҳиссамни қўшишга қарор этдим. Албатта мен унга овоз беришим мумкин бўлган ҳақиқий муносиб инсон Марказсайловкўм рўйхатида йўқ, шу билан бирга сайлов хусусида ўртоқлашмоқчи бўлган фикримни Ўзбекистондаги мавжуд журнал ёки газеталарнинг бирортасида ҳам чоп этиш мумкин эмас. Бу факт!

Мен, Сайфуллаев Низомиддин Қаҳҳорович зиёлилар оиласида вояга етган фуқаро, ҳуқуқшунос сифатида сизларга мурожаат қилмоқчиман: – Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич, Сиз қачон, қаерга ва қандай ҳолатда кетасиз? Сизда виждон, ор-номус ёки фаросат  борми, жаноб?

Менинг фикрим: Бу хақорат эмас-аччиқ хақиқатдир…

Конституциянинг 93 моддасида Президент, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир дейилган. Кафил экансиз, нега Конституциянинг 90-моддасида “Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас” деб белгиланган нормани ўзингиз бузаяпсиз ва сурункали бузиб келмоқдасиз? Конституциянинг 7-моддасида “Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади” дейилганлиги эътиборга олинса, Сиз томондан 90-моддани бузиш орқали Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш ҳаракатига Жиноят кодексининг 159-моддасини квалификациялаш мумкинлигини биласизми? Албатта биласиз! 90-моддани олдин ҳам бузгансиз. Шу маънода, аллақачон рецидивист ҳам бўлиб қўйгансиз. Бундан ташқари ушбу моддани ўзингизнинг ғоявий рақибларингизга сурункали равишда қўллаб келмоқдасиз. Халқ севган ва ҳамон ҳурматдаги инсонлар ҳорижда, муҳожиротда, сургунда. Уялмайсизми, минглаб талантли, иқтидорли, ёш, ватанпарвар ҳамюртларимнинг ва жумладан менинг ҳам йўлимни тўсиб ўтиришга?…

Сиз яратган коррупция ва порахўрлик, иқтисоднинг аянчли аҳволи, ночор ҳолатдаги қишлоқ хўжалиги, сўмнинг бир чақачалик қадр-қимматининг йўқлиги, 2 хоналик йиллик инфляция, ишсизлик, чет элларда изғиб юрган 5-8  миллион фуқаролар, турмаларда чириётган эркин журналистлар, ЖКнинг 159 “резина” моддаси квалификацияланган оддий намозхон эркак ва аёллар, “подстава” қилиб у ерларга ташланган, лекин Сиз доимо реал ҳуқуқий мақомларини тан олмай келаётган сиёсий тутқунлар… Мана Сиз бундан 20 йил олдин ваъда берган “Ўзбекистоннинг Буюк Келажаги”.  

Мен ўшанда 20 ёшда эдим, 20 йилдан кейин Сизнинг деструктив, мақтанчоқлик, ёлғон ва дабдабабозликка қурилган ички ва ташқи сиёсатингиз туфайли Ўзбекистоннинг пешанасига шундай фожиавий ҳолат битажагини энг ёмон ҳаёлларимда ҳам тасаввур қила олмаган бўлардим. Афсус!

Мана Сиз бизни қаерларга олиб келдингиз. Сиздан кейин бизни қанчалик қийинчиликлар кутётганини биласизми Сиз?.

Менинг фикрим: Ростда, ахир ўлим хақдир, қачондир ҳамма ўлади ва қурт-қумурсқаларга ем бўлади.

Энди бизга қўйиб беринг! Бизга ҳалақит қилманг! Биз энди Сизга ишонмаймиз! Энди бизни турли “ўйинчи найранглар” билан алдай олмайсиз!

Ўзбекистон аҳолиси чарчади, бундан буён бундай яшашни истамай қолди. Шундай бўлса ҳам Сизга сабр-тоқати тоғ ўзбекдан яна бир яхшилик: “… вақтида кетиш кераклигини билган киши ҳурматга лойиқ (Елцинни олинг), кет деганда ит кетса, кет деганда кетмаган одамни нима дейиш мумкин?” Ҳали ҳам имконингиз бор, ўз сўзингиз билан айтганда “барака топгур” кетинг!!!

Дарҳол ўз номзодингизни қайтариб олишга Сизни чақираман!   -Рахмат, Низомиддинбек!

Ҳ. Кетмонов – Халқ демократик партияси, Н. Умаров – “Адолат” социал-демократик партияси, А. Саидов – “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка қўйилган номзодларга Мурожаат:   -Бугун Сизни майдонга чиқаришган ёки чиққан экансизлар сўппайиб келиб сўппайиб кетишингизни асло истамасдим. Жанобингиз И. Каримовнинг сайлов билан боғлиқ бўлган ҳаракатида жиноят таркиби мавжудлигини (буни сиз мендан ҳам яхшироқ билишингизга аминман Акмал ака) ўзбек халқининг эътиборига жонли эфирда етказишларингизни илтимос қиламан. Бу Сизнинг фуқаровий ва президентликка номзод сифатидаги бурчларингиздир. Шундан фойдаланиб қолинг. Президент бўлолмасангиз ҳам бурчингизни адо этиб бир инсондек енгил нафас олганингиз яхшироқ эмасми? Балки фавқулодда бурилиш ясаш сизнинг зиммангиздадир. Биз ва мен жон-жон деб сизларга овоз берардик.

Бир-бирларингни эмас, балки И. Каримовни танқид остига олишингизни яна олдинги сайловдаги қўғирчоқ номзодга ўхшаб И. Каримовга овоз бериб шармисор бўлиб қолмасликларингизни истайман. Сизларга ўз инсонлик бурчларингизни адо этишда омад тилайман…

Сизга эса Низомиддинбек, мен Оллоҳдан тану-сихатлик ва барокат тилайман ..

Мен мазкур мурожаатни ўта қизиқиш, ҳаяжон ва мамнуният билан ўқидим ва шу захотиёқ муносабат билдириш хоҳиши пайдо бўлган эди, аммо мендан бошқалар ҳам ўқиётганлигини англаб турганлигим учун, бир оз сабр қилиб бошқалардан муносабат билдиришларини кутдим.

Мазкур мурожаат бўйича фақат мен муносабат билдирдим десам нотўғри бўлар эди, ишонаманки кўпчилик ўқиганлар ҳам ўзларича муносабат билдиришганлар, аммо минг афсус, яъни: Ўқиб, ҳеч қандай фойдаси йўқ деб ўйловчилар;

Барибир на Президент, на қолганлари ҳеч қандай муносабат билдирмайдилар деб ўйловчилар;

Эй, бошқа кимни ҳам сайлар эдик деб қўл силтаб қуювчи пессимистик кайфиятдагилар;

Дарди ва айтар сўзи бисёр, аммо соясидан ҳам қўрқиб мум тишловчилар ва бошқалар;

Яна ҳам такрорлайман, минг афсус, агарки барчамиз шундай мутелик ниқобидан чиқа олмас эканмиз, ҳа, минг афсуски сизлар тўғри ўйлаяпсизлар, аммо нотўғри хулоса қиляпсизлар…

Мен, шу ўринда, 2014 йилнинг 01 августида мазкур сайтда босилган, Ўзбекистонда хақиқат ва адолат учун курашаётган  Бахром Абдурахимовнинг, -«Мақсуд Бекжоннинг мақоласини ўқиб, фикр қилдим-зикр қилдим»  -сарлавҳали мақоласидан иқтибос келтирмоқчиман:

-Буюк илму-мутаффаккирларни етиштирган улуғ юртнинг авлодлари-ўзбек интелекти-онг-тафаккур соҳиблари қайдасиз,   ақлу-донишлар қайдасиз,   нега сукутдасиз,   нега жимсиз,   нега ўз фикру мулоҳазангиз билан бўлсада руҳи синган халқнинг руҳиятини кўтариш ва адолат туйғусини ўйғотиш учун фикр билдирмайсиз, қачонгача «НАС» уйқуда ётмоқчисиз?

Афсуски, халқимизнинг умум кайфияти ҳам шундай, жамиятдаги ҳар қандай хақсизлик ва адолатсизликни, энг асосийси қонуний ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишини ва бошқа коммунал-ижтимоий муаммолаларни ҳам,   фақат жамиятнинг энг юқори поғонаси Президентни изми билан деб тушунадилар ва ҳеч қандай ҳаракат қилишга на собитлик на қатъият сезмайдилар.  Ваҳоланки, инсон авваломбор ўз қалбида шахс бўлиб шаклланмоғи даркор, шахс эса ўз ҳақ-хуқуқини, айнан ҳақсизлик бўлган жойнинг ўзида ва қилган мансабдорнинг ўзига қарши собитлик билан адолат учун курашмоғи лозим,  тушунаман бу жуда қийин,   аммо ҳақ йўлидаги адолат кураши осон кечмаслиги тайин.   Бунинг учун авваломбор, ҳар бир шахснинг шахс сифатидаги ўз ғурури ва шунинг билан бирга муомала маданияти ҳамда хақ-хуқуқини танишга имкон берадиган даражадаги ҳуқуқ маданияти шаклланган бўлиши лозим. Яъни демоқчиманки, ҳақ талашиб шантажлик қилиш, лозимасини ечиб бировнинг юзига ёпаётган айрим андишасиз-онгсиз аёлларга ўхшаб шармандакорона курашиш мутлақо ярамайди!

Ростдан ҳам бундай воқеликлар бизнинг миллат ичида бўлиб турсада, аммо маданий дунёда ҳеч қачон ва хеч қаерда бундайин онгсизлик,   аёллар томонидан намоён этилмайди,   ахир биз ҳам ривожланган маданий ҳамжамиятга киришни хохлаймизку!

Минг афсуски халқимизда, адолат учун собитлик билан кураш туйғуси йўқлиги, қатъият ва билим етишмаслиги учун ҳам,  барча айбни кимгадир ағдаришга харакат қилиб  умидсизликка тушиб қолганмиз!

Кошкийди, бир И. Каримов вазифадан кетиши заҳотиёқ, жамият гуллаб-яшнаб кетса эди, йўқ азизлар ҳаттоки Каримов борлигида ҳам ва Оллоҳнинг иродаси бирлан йўқ бўлганида ҳам, ҳаммаси айнан сиз ва бизга, яъни фақат ва фақат Ўзбекистон халқига, унинг онг тафаккурига ва имон-эътиқодига, қатъиятига, ҳамда муомала маданияти бирлан хуқуқий саводхонлигига, айнан Низомиддинбекка ўхшаган саводхон юристларга ҳам боғлиқдир…

Кимлардир эътироз билдириши тайин, диктатура, зулм ва бошқалар ҳақида, аммо айтингчи ушбу зулмга гирифтор бўлишимизга ўзимиз сабабчи эмасми, нега кавказ халқлари, чеченлар ёки доғистонликлар ёҳуд грузинлар бизнинг аҳволимизга тушмайдилар, сабабики уларда шахс сифатида ғурур мавжуд!

Агарда, ҳар бир инсон шахс сифатида ўз жойида, ишда, кўчада, уйда, ошхонасида ва керак бўлса ҳаммому –ҳожатхонасида ҳам ўз хақ-хуқуқи билан бир қаторда ўз бурчини англаб етиб яшаганда эди, биз ҳам ҳеч бир муболағасиз, бизнинг ҳаётимиз ҳам Швецарияникидан кам бўлмас эди!!!.

Мақсуд Бекжон шу мавзудаги:

Ўлкамизда махкумлик, тақдирга тан бериш туйғуси устувордир. Нега “халқ – кучдир” деган ибора бизда ўз исботини топгани йўқ?  Чунки, ўлкамизда ҳозир халқнинг ўзи йўқдир, унинг ўрнида 30 миллион ёлгиз одам бор, холос.   Халқ қачон пайдо булади?

Дин, миллий урф-одатлар, анъаналар, маънавият тикланган пайтда. Хўш, бу нарсалар қачон тикланади? Адолат туйғуси тикланганида, чунки, бутун бу қадриятлар адолат туйғуси устига қурилгандир. Адолат бўлмаган жойда, яъний, бутун қадриятларнинг пойдевори бўлмаган жойда на дин, на урф-одат ва анъаналар ва на маънавият бўлади. Демак, адолат бўлмаган, адолат туйғуси яксон қилинган жойда халқнинг ўзи ҳам бўлмайди, у тарқаб кетади.   Халқнинг ўрнида бир-бири билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган миллионлаб ёлғиз одамларгина қолади, холос. Демак, халқнинг халққа айланиши учун, яъний, бугун унинг бошига келаётган бутун кулфатлардан қутилишнинг ягона йўли – адолат туйғусининг тикланишидадир-деган.

Адолат туйғуси авваломбор ҳар бир инсоннинг қалбида бўлмоғи лозим ва кейин ушбу дардман қалблар бир-бирини тушуниб бирлашишга мойиллик сезиши мумкин, аммо бизнинг халқда ҳозирча бундай дея олмайман. Менинг фикрларим исботини, “Мақсуд Бекжон”нинг ушбу мақоласига бўлган халқнинг «0» муносабатида кўриш мумкин…

Минг афсуски 2014 йилнинг август ойида, Мақсуд Бекжоннинг мақоласига қандай сукут бирла жавоб қайтарилган бўлса, 2015 йилнинг 20 январ куни ҳам, Сайфуллаев Низомиддиннинг ҳам, Президентликка давогарларга мурожаатига шундай сукут давом этмоқда, минг афсус, аммо бу сиз ва бизнинг, ҳамда фарзандларимиз ва авлодларимизнинг ҳаётидир, сукут сақлаш ва совуққонлик қилишга ҳеч кимнинг хаққи йўқ…

Авваламбор, И.А.Каримовни биз ёмон кўрганлигимиз учунгина эмас, аксинча айнан Конституция нормасига хилоф равишда Президент бўлишининг олдини олиш учун ҳам ҳаракат қилмоқлигимиз шарт. Каримов Конституция нормасига зид равишда яна Президент бўлса, у ҳолда қандай қилиб ўнг қўлини Конституция ва Қуръонга бир вақтда қўйиб, Конституцияга кафил бўлишликка қасамёд этишлари мумкин? Ахир бу ҳолда Қуръон урмайдими муҳтарам Президентни, ахир шунча уриб қўйганлиги ҳам етар, энди Қуръонга қасам ҳам урсинми, ё алхазар?

Албатта, ушбу мурожаатга Президент бошчилигидаги номзодлар муносабат билдирадилар, ёки узр сўрайдилар деган фикрдан йироқдаман. Акс ҳолда учига чиққан лақмалик-руҳий етишмовчилик бўлган бўлар эди, аммо ушбу муносабатга айнан жамики ҳур ниятли кишилар баҳоли қудрат муносабат билдиришлари шарт. Ҳеч бўлмаганида Конституция нормасига зид эканлиги учун ҳам қарши турмоқлигимиз лозим, акс ҳолда қонун устиворлиги ҳеч қачон таъминланмайди.

Шунга кўра, хар бир инсон авваламбор ўзини шахс сифатида ҳурмат қилишлиги ва ўзлигини англаши, яъни нима исташи, нима қилмоқчилиги ва қандай яшамоқчилигини англаши ва ҳеч бўлмаса

Ҳеч нарса қилмагандан –ҳеч нарса қилган афзалроқдир
Ҳеч нарса қилмаган, хеч қачон ҳеч нарсага эриша олмайди,
Ҳеч бўлмаганида, ҳеч нарса бўлсада қилмоқчи бўлган,
Албатта, қачондир — нимагадир эришмоқлиги мумкин!!!

– деган мазмунда, сайлов номли кўпкарига ўз ҳиссасини қўшмоқлиги лозим, бунинг учун долзарб масалалар ёритилган мақолаларни ўқиши билан бирга барча яқинлари билан бахам кўрмоқлиги ва имконият даражасида тарқатмоқлик ва муносабат билдирмоқлиги лозимдир. Бу хақда кейин бафуржа юзлашиш насиб этсин.

Ахир кўпкарида ҳам ёлғиз от улоқни ажрата олмайди, ота боболаримиз бежизга, ёлғиз отнинг чанги чиқмас –чанги чиқсада донғи чиқмас –демаганлар, халқ дарди билан ёнаётган жонкуяр ва билимдон Низомиддинбекларни ёлғизлатиб қўймайлик, акс ҳолда уволига қоламиз…

Ҳамда, Ўз.Х.Ҳ. тахририяти ва бошқа ҳур фикрли сайтлар ҳам, мазкур мурожаатларни, имкон қадар кенг тарқатишга қатъий бел боғламоқликлари ва Ўзбекистон Президенти ва барча сиёсий партияларнинг сайтларига электрон манзилларига ҳам, ҳеч бир иккиланмасдан ва андиша қилмасдан узлуксиз юбориб туришлари лозим бўлади, яъни бундай долзарб ҳаёт-мамот масалалари, ёзилди-ўқилди-унутилди бўлмаслиги керак, бу ишда халқаро сайтлар ўртасида сан-манга бориш ва иззат талаблик қилишлик ярашмайди -деб ўйлайман.

Холдор Равшан