Барчаси, бизнинг миллат сифатида ўзимизни қандай тутишимизга боғлиқ…

Барчаси, бизнинг миллат сифатида ўзимизни қандай тутишимизга боғлиқ…
162 views
29 January 2015 - 8:45

abc«Шаҳидлар хиёбонидаги масхарабозлик» туркумидан

Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?! Бизнинг диний идорамиз бу масалада қандай ишларни қиляпти?!

Ниҳоят, дурбинни кўзларидан олган президент тилга кирди. Термулавериб, унинг башараси Амир Темур минган отнинг чотини ораси билан битта бўлган эди. Жиноятлардан қорайган икки ёноғи қайроқтош сингари таранг, бурни теша чопган бармоқдек ликиллар, оғзи таппи ташлаган қари сигирники каби йиғирилмасди. Миллатнинг ичидан бир мард отилиб чиқиб, икки қўли билан унинг икки қулоғидан ушласа, олам гулистон эди. Вазият ўктамликни тақазо қилар, аҳвол шунга келиб қолганди. Чунки, у шу кунни кутиб яшар, уни кимдир мажбурламаса, ўзини бошқара олмайдиган бўлиб қолганига йиллар кечган эди. У қилмишларига лойиқ жазога тортилган кунда – чорак асрдан буён тўши билан қумга ботиб қолган кемадек депсинаётган мамлакат – саёзликдан сувга ғарқ уммонга кечиб ўтган наҳангдек, шиддат билан тараққиёт мавж уриб турган уфқлар томон сузиб кетарди. Фуқаронинг танасига тоза шамоллар тегиб, фикри тузоқдан бўшанган чумчуқлар дағи чуғурлашни бошлар, Озод овозларни соғинган тонглар кулиб кўз ёриб, қон йиғлаган чоғларини хаёлидан ҳайдарди.

Албатта, яна унга ўхшаган аллақандай бир хуноса, “бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакил”и ҳукумат бошига келмаса… Аниқроғи, халқ ўз тақдирига ўзи соҳиблик этмаса, эртанги кунига бепарво бўлса, бизларни яна Худо урарди. Мабодо, кўраётган ёмон тушларимиз ўнгимизга келса, ўзбекнинг бу кунлари унисининг ёнида ҳолва бўларди. Мустақиллик берган зулмлардан жигари тош боғлаган бечоралар, Совет йилларидаги ҳаётни қўмасаганидек, ҳамма Каримовни алқашни бошлаши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Жаллод – одамларнинг кўзига халоскор фаришта бўлиб кўриниши мумкинлигини ҳам хаёлдан соқит қилиб бўлмасди. Барчаси, бизнинг миллат сифатида, ўзимизни қандай тутишимизга боғлиқ бўларди. Қўлимиздан иш келмаса, умримиз аросатда ўтган йиллардаги сингари бир-биримизга ёмон кўриниб, айбдорни қидириб юраверардик. Кеча ичак-чавоғимизни бошимизга салла қилиб ўраб турган қассобнинг хотирасига топиниб, одамхўрни одамохунга, фузалони қаллобга айлантириб, феълимиздаги қусурларни фазилат санаб, кунни қоралаш учун куйлайдиган отарчидай оғзимизга нима келса, куйлаб кетаверардик…
Муфти Усмонхон нима деб, жавоб беришни билмасдан каловланар экан, Анвар қори, “тозалашни мамлакат ичкарисидан бошлаш зарур. Буюринг, Аллоҳнинг йўриғидан бошқасига юримайдиган мусулмонларнинг рўйхатини тузиб, МХХга топширишга киришаман”, дегандек президентнинг кўзларига қувлик билан боқа бошлади. Уни, дарров англаган президент, “бу ерда тескарисини гапиришимиз керак. Усмонхонга нима қилиш зарурлигини, кейин ўзинг ўргатиб турасан” дегандек, унга мийиғида кулиб, хайрихоҳлигини билдириб қўйди.

Шунда, муфти Усмонхоннинг ичига сиғмай ҳайқираётган Ўзлик кутилмаганда тўхтаб қолди. У аслида, бир муфти Усмонхоннинг эмас, бутун миллатнинг юрагидаги дардларни тўкиб солаётган эди. Муаллифнинг ўй-хаёллари ҳам унинг фикрларига қоришиб кетганди.

Ичида ғалаёнлар тўхтаганини ҳис қилган муфти Усмонхон, чуқур-чуқур нафас олиб:

– Яратганга шукур, осон қутулдим-ҳей! – деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

– Замонимизнинг тинчлиги ва осмонимиз мусаффолиги учун шукур қилиш керак! – деди президент дурбинни Анварқорининг бўйнига илдириб. У муфти Усмонхонни таҳдитни англаб, менга садоқатини билдиряпти, деб ўйлаган эди. Ўзлиги билан олишаётгани, унинг хаёлига ҳам келмасди.

Президент бўйнига дурбин илиб қўйганини, “фотиҳа” ўрнида тушунган Анвар қори ўрнидан сапчиб туриб, унга икки букилиб таъзиб бажо келтирар экан, жиддий масала кўтарилишини фаҳмлаган президент, қўлини кўтариб, “барча камералар ўчирилсин” деган ишорани берди. Йигирма беш йилдан буён президентнинг ярим йўталидан нима дейиши мумкинлигини англайдиган бўлиб қолган тасвирчилар, шунда тезлик билан ашқол-дашқолларини йиғиштириб, кўздан ғойиб бўлдилар.

– Юксак ишончингиз учун сизга коттакон раҳмат, пирим! – деди қийиқ кўзларини ўйнатиб, Анвар қори. – Давлат аҳамиятига молик масалани мувафақиятли амалга оширишда дурбин жуда қўл келади. Илгарилари биринчи, иккинчи даражали мусулмонларни кўзим илғаган бўлса, энди бешинчи, олтинчи даражалиларини овлашга ҳам кўзимнинг нури етади. Янаям, узоқроқни кўрсатадигани бўлса, яхши бўларди. Бира-тўла, ўн – ўн бешинчи даражагача бўлган мусулмонларнинг ёстиғини қурутсам, сиз хавф-хатарсиз, йигирма иккинчи асрга етиб олардингиз. Донолар, туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, деганларидай, у ёғини маслаҳатлашиб олиб, давом қилдираверардик. Шошиб, бизни ёв қувлаб келаётгани йўқ, Аллоҳга шукур, бой билан графнинг бурнидан буйда ўтказганингизга ҳам анча бўлди. Мухолифатчиларни дунёнинг тўрт буржига тариқдек тирқиратиб сочиб, беҳад қаҳрамонликлар кўрсатганингиз учун ҳам тахтиравонингизга ҳеч қандай хавф йўқ. Юрт ичида, бош кўтарадиган тузук одам қолмади, ҳисоби. Берган мўчинагингиз билан бўладиган чақалоқларни онасининг ичидаёқ, жун чиқиши мумкин бўлган жойларининг жунини юлиб, суробини тўғирлаб турибмиз. Уларнинг боши чиқиши билан: “инга”-“инга”лаб йиғлаш ўрнига, барчаси: “ота-а”, “ота-аа, Россияга бориб ишлаб, сизга пул жўнатиб турамиз” дея, сизнинг номингизни айтиб қичқиришаяпдилар. Ҳали, уларнинг Россиядаги воқеаларнинг чатоқлигидан хабарлари йўқ. Отасининг белидаёқ, уларнинг миясига “ўзбек – модели” ёзилган чипни жойлаштирганимиз, жуда ҳам қўл келяпди. Ана, масжид ва мадрасаларни нима учун кўпайтириш ҳеч қачон зарар қилмайди, деган сўзларимизнинг исботи. Имомлик рутбасини кийиб, бунақа ишларни Аллоҳнинг уйи бўлмиш, масжид-мадрасаларда амалга ошириш лозим. МХХнинг иссиқ хонасида, олма пиш, оғзимга туш, деб ўтирган билан иш битмайди. Икки ўн олти – бир йигирма саккиз, бу ёғини ўзингиз ўйлаб топаверинг!

Муҳаммад Солиҳни Туркияда, деб эшитаман…

Буюринг, ҳазрати пирим, хизматингизга мунтазирман! Бировни отиш ёки сўйиш керак бўлса ҳам, самолётга ўтириб, учиб бориб, тинчитиб қайтиб келавераман. Бошини кесиб шилинган терисига ўраб, оёқларингиз остига келтириб ташласам, бу дунёда бошқа армоним қолмайди. Собиржондан қошу кўзим камми, чўлоқ ёхуд дудуқ ҳам эмасман. Фарқи, у сизга ўхшаб етимлар уйида вояга етган бўлса, мен ҳам ўз пайтида маҳалланинг учига чиққан безориси эдим. Ҳали, унинг товуғининг тагидан тухумини, ҳали, унинг боғига тушиб, бировларнинг олма, ўрикларини ўғирлаганларим, бугунгидек эсимда турибди. Ҳозир ҳам маҳалламиздагилар, мендан безор. Мен уларни хавфсизлик хизматларига чақиб бермасам, уларнинг менга зиёни тегмайди. Қўлимда тасбеҳ кўтариб юриганимга қараманг, бу шунчаки хўжакўрсинга “маскропка”. Яъни, ўзларининг маслаҳатларига оғишмай амал қилишни хуш кўраман. Ҳар ойда, ўн кун МХХнинг махусус полигонида жангавор машғулотлар ўташимдан хабардорсиз. Тариқдек имоним бўлмаса ҳам, тоғни уриб талқон қиладиган кучим бор. Ўзи, чўчқадек симириб, эшакдек кучга тўлиб теримга сиғмай кетяпман. Бирор тероррчилик амалиётини ўйлаб топсангиз, беш-ўн одамни портлатиб, айбни ваҳҳобийчиларнинг бўйнига юклаб, роса маза қилардик. Кейинги пайтларда, бунақа ишларга камҳавсала бўлиб қолдингиз, негадир…

Шу-у, муфти Усмонхон ҳазратлари, менга ёқмайроқ турибди, десангиз. Ўлгурнинг тили бошқа, дили бошқа. Нимага десангиз, “қалбингга қулоқ сол” деганларидек, ичида кўп гап борга ўхшаяпди. Ўзини четга олиб, кўп ишларни менинг қўлим билан амалга оширишга устаси фаранг бўлиб кетган, ҳаром ўлгур, писмиқ хўжа. Вақтида кавушини тўғирлаганимиз, яхши, кейин бошимизга бало орттириб юримаймиз, отангга бор, онангга Ҳожибой, деб. Шу, десангиз, Ҳожибой Тожибойнинг ёстиғини қуритганимиз ҳам, заб иш бўлдида. Ўлгур, тирик бўлганида, бошимизга осмонни қўптирарди. Аммо, армони қолмади, ичида борини тўкиб, кетди. Қолган-қутганлари ҳам, ҳали, энамизни Учқўрғондан кўрсатади…
– Мени мухолифат ҳам, аксар ўзбекистонликлар ҳам бир овсар сифатида билишади, – дея, президент Анвар қорининг оғзидан сўзини илди. – Ҳеч нарсадан хабари йўқ, анойи, атрофидагилар нимани ёзиб берса, ўшани ўқиб берадиган бир дунё бехабар безбет, деб ўйлашади. Шундай қилмасам, бу миллатни, бу мамлакатни йигирма беш йил измимда тутиб тура олармидим? Йўқ, албатта. Йигирма йил олдин, ўрнимни бошқа бировга бўшатиб беришимга мажбур бўлардим.

Аслида, мен нимани буюрсам, атрофимдагилар менга ўша айтганларимни, айтганимдан ҳам зиёда – кўрга ҳасса, деганлари каби қойилмақом қилиб, қайта тутқазадилар. Нима, мен Ҳожибой Тожибойнинг Туркистон ўлкаларидаги биринчи рақамли санъаткор – ўткир кўзли, кескир тилли сўз устаси, эътиқодига содиқ шахс эканлигини билмасдим. У қўшни Қозоғистонда туғулганда, уни бутун дунё билган бўларди. Жаноб Бинми, ҳалиги бор-ку, Бин Ладинми, ингилизларнинг индамасдан кулдирадиган комиги, Ҳожибой Тожибойнинг кимса билмас танобини тортиб турмаганимда, ўшани ҳеч ким танимасди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Мирза, Али, Вали деб одамлар валдирайверади. Аслида, халқнинг шу кабиларга мафтун бўлиб юригани, бу менинг бахтим. Бирортаси, Ҳожибой Тожибойнинг билганини ҳам, қилганини ҳам қилолмайди. Таъбир жоиз бўлса, мен уни Чингиз Айтматов ва Ўлжас Сулаймоновлардан ҳам баланд қўяман. Яхшиям, у Муҳаммад Солиҳ билан яқин таниш эмас эди. Иккаласи бир мушт бўлиб бир ёқадан бош чиқарганда, халқ уйғониб кетиб уйимга ўт қўярди. Бу гаплар шу жойда қолсин, аммо.

Ҳў-ў, Усмонхон, нимага бақрайиб қолдинг? Оғзингни ёп, пашша тушади. Анвар қорининг тап тортмасдан таппилашини, энди кўраётганинг йўқ-ку. Жоиз бўлса, у менга ўхшаб отасини ҳам сотаверади. Иккаламизга ҳам така бўлсин, сут берсин, қолгани билан неча пуллик ишимиз бор…

(Давоми бор)    

Эргаш Сулаймон