“Гулнора атрофидаги жанжал режимнинг нозик жиҳатларини очиб қўйди”

“Гулнора атрофидаги жанжал режимнинг нозик жиҳатларини очиб қўйди”
31 views
30 January 2015 - 17:19

167455549Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти авторитар режимдаги кўргина давлатларнинг хавфсизликни таъминлаш шиори ортидан инсон ҳуқуқларини эсдан чиқариб қўйишаётгани ва бу билан катта хатога йўл қўйишаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Биржевой лидер” сайтининг “Озодлик” радиосига таяниб хабар беришича Human Rights Watch ташкилоти бу сафар Ўзбекистон сиёсий саҳнасида шов-шувларга сабаб бўлган ўзбек диктаторининг қизи Гулнора Каримова атрофидаги воқеаларга эътибор қаратган.

Штаб квартираси Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилотининг 29 январь куни эълон қилинган навбатдаги ҳисоботида чиқиш қилган Кеннет Ротнинг таъкидлашича, ислом экстремизми ва Украина инқилоби каби глобал муаммолар инсон ҳуқуқлари бузилишига замин яратади.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган бўлими инсон ҳуқуқларининг абгор бир аҳволда эканлиги ва йил давомида бу борада ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмагани ҳақидаги сўзлар билан бошланади.

“Ўз бошқарувини 25 йил олдин бошлаган авторитар президент Ислом Каримов ўз тасарруфидаги хавфсизлик машинасини ишга солган ҳолда рақибларини таъқиб қилишда ва уларга босим ўтказишда давом этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати фикрлаш эркинлигини, сиёсий муқобилликни, мустақил матбуот, эркин касаба уюшмалари, мустақил жамоат ташкилотлари ҳамда диний эркинликни чекламоқда”, – дейилади ҳисоботда.

Human Rights Watch ўз навбатида, Ўзбекистон сиёсий саҳнасида шов-шувларга сабаб бўлган ўзбек диктаторининг қизи Гулнора Каримова атрофидаги воқеаларга эътибор қаратади.

“Twitter ижтимоий тармоғи ва халқаро матбуот орқали жамоатчиликка ошкор бўлган Гулнора Каримова, унинг онаси ва синглиси ҳамда мамлакатнинг репрессив машинаси бўлган МХХ орасидаги жанжаллар сиёсий элита орасида тушунарсиз даражадаги кураш бораётганини тасдиқлайди. Г. Каримованинг сиёсий элитани коррупцияда ва МХХ ни қийноқлар қўллашда айблаши сиёсий жиҳатдан олиб қараганда бошқарув режимидаги жуда кўплаб жиддий муаммоларни очиб қўйди. Лекин бу жанжаллар мамлакатда сўз эркинлиги таъминланишига олиб келмади”, – дейилади ҳисоботда.

“2015 йил Дунё ҳисоботи” да муаллифлар Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнлаб сиёсий махбуслар ва ҳуқуқ ҳимоячилари қолаётганини яна бир бор тилга олишади.

Ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йилнинг март ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзов каби ҳуқуқ фаолларини қора ишчилар ҳимоясига отланиигани учун ясама жиноятлар билан 8 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Human Rights Watch экспертлари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, қийноқлар ва диний эркинликнинг бузилиши энг катта муаммолар бўлиб қолаётганини таъкидлашади.

“Шунга қарамасдан, – дейилади ҳисоботда, – Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатнинг ўзгаришига таъсир ўтказа олиш салоҳиятига эга бўлган халқаро тузилмалар ўтган йиллар мобайнида бунга бармоқ орасида қараб келмоқда”.

“Оврўпа Иттифоқи Ўзбекистонда аҳволнинг ёмонлашиб бораётгани ҳақида бирон маротаба ўз ҳавотирини билдиргани йўқ. Аксинча, Каримов давлат ташрифи билан Рига ва Прагага таклиф қилинди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мажбурий меҳнат борасидаги ҳавотирларга қарамасдан Осиё Тараққиёт Банки 2014 йилда ушбу мамлакатнинг ирригация соҳасидаги лойиҳалар учун йирик миқдордаги сармоялар киритди”, – дея Human Rights Watch халқаро ташкилотлар фаолиятини танқид остига олади.

ЎХҲ ахборот бўлими