Эргаш Сулаймон: “Инсониятга нажот қурол кучи билан келмайди…”

Эргаш Сулаймон: “Инсониятга нажот қурол кучи билан келмайди…”
96 views
31 January 2015 - 15:09

2«Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат» туркумидан

Мустақил мамлакат молия, савдо-сотиқ, саноат ва маориф соҳасида мустақил йўл тутиши лозим. Бу учун барча асослар бор. Мамлакат фуқаролари аввало, ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни истеъмол этсинлар. Миллатнинг келажагини таъминламоқчи бўлсалар, ҳориждан озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-яроғ, асбоб-ускуна олмасинлар.

Ҳозир аҳвол шундайки, Ўзбекистон ўз устига бостириб келган душмандан ўзини ҳимоя қилиб, босқинчиларга қарши жанг қиладиган бўлса, ҳамма довдираб қолади. Сабабки, у қуролни ўша душман томондан олади, қарамлик шунгача бориб етганки, ўзбек давлати бирор ташқи давлат билан битим имзолайдиган бўлса, ёзадиган ручкаси Оврупо давлатларига, ёки Хитой ё Қозоғистон давлатига тегишли бўлади. Ўзбек дунёсининг энг катта фожеаси шундан иборатки, токи ташқаридан ёрдам бўлмас экан, у ўзининг бойликлари, энергия манбаларидан фойдалана олмайди. Шу туфайли ҳаётий қувватлари ўз томирларига эмас, бегоналар томирига қуйилиб, уларга қудрат бағишлайди. Ўзбеклар армиясини ҳарбу зарбга Русия ва Хитойга ўхшаган “Шанхай ҳамкорлиги”га аъзо давлатларнинг зобитлари ўргатади, мамлакат ҳаётининг ҳал қилувчи барча соҳаларида ўлкамизда миллий манфаати бўлмаган экспертлар ва агентлар хизмат қилади.

Ўзбеклар дунёси чинакам обрў-эътибор қозониши учун ўз уйида ўзи хўжайин бўлмоғи даркор. У ўз эҳтиёжларини ўзи қондира билиши, иқтисодни ўзи назорат этиши, аскарлари ва мутахассисларини ўзи тайёрлаши шарт. Мамлакат фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари камоли ва чинаккам тараққиёт ўзбек тилини чинакам давлат тилига айлантирган кундан бошланаркан, тил ўзининг ҳуқуқий мақомига эга бўлгандагина, миллатнинг руҳиятида жонланиш пайдо бўлади. Мир Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, деб бежизга айтмаганини халқ ҳис этганда, у ўз қадр-қимматини англайди.

Халқни ўз зиммасига мажбуриятлар олиб, сўнгра уларни ўринлатиб, ҳалол ва мардона адо этишга ўргатиш керак.

Юқорида айтганимиздек, инсониятнинг азоб-уқубати, хорлик ва машаққати ҳаддига етганда, Муҳаммад алайҳиссалом майдонга чиқди. Ўша даврда соҳиби давлат, соҳиби иқтидор бўлганлар инсониятни маҳрумиятлардан халос этишга ожиз эдилар. Бу вазифани бажаришда миракизмчилар каби уларда истак ҳам, ақлу идрок ҳам, жасорат ҳам етишмасди. Улар миракизмчилар каби бирор хайрли, олижаноб иш учун ўз бойликларининг арзимаган бир қисмидан кечишга ҳам қодир эмасдилар. Улар бундай курашда муқаррар бўлган машаққатларга бардош беролмас, синов ва фалокатлардан қўрқар эдилар. Улар миракизмчиларга ўхшаб фақат ҳозирни ҳузур деб яшар, бошқалар ҳақида ўйлаш, инсоният ҳақида қайғуриш хаёлларига ҳам келмасди. Инсоният ўзгача инсонларга – жонини ҳам, молу мулкини ҳам гаровга тикиб, инсоният учун кураш майдонига тушадиган баҳодирларга муҳтож эди, инсоният шундай сиймолар келишини орзу этардиким, токи у ўз қавми унга бойлаган умидлардан ҳам воз кеча олсин ва охир-оқибат халқи десинким: “Эй Солиҳ! Биз сендан умид қилгандик” (11:62). Бугун Ўзбекистон, худди мана шу нуқтада турибди. Бунинг ҳаёт ва момот масаласи эканлигини ҳар бир ўзбек зиёлиси тушунмас экан, бутун миллат ҳаётида яхши томонга силжиш бўлмайди.

Инсониятга нажот қурол кучи билан келмайди. Дўқ-пўписа, жабр-зулм билан келмайди. У турмушда омадсиз деб ҳисобланган бир ҳовуч одамлар, (аҳли вафо)ларнинг ахлоқий жасорати ва маънавий фидойилигига боғлиқ. Миракизмчилар йиллар бўйи бундай кимсаларни қамоқларга ташлаш билан, чексиз азоб-уқубатларга гирифтор қилиб, уларни йўқотиш билан овора. Ҳа, ўша омадсиз деб ҳисобланган бир ҳовуч одамлар, хавф-хатарлар, машаққатли синовларга бардош бериб, миллён-миллён кишиларни азоб-уқубатлардан умидларга, тубанликдан юксакларга бошлайдилар. Улар билишадики, озроқ киши қурбон бўлиб, кўпчилик қадру қиймат топса, бир неча  йўқотишлар эвазига халқ учун чинакам моддий ва маънавий фаровонлик эшиклари очилса, бу айни муддаодир.
Ислом Пайғамбари (с.а.в.) майдонга чиққанда, римликлар ва форслар дунёни бўлишиб ҳукмронлик қилар, тўкин, ҳашаматли ҳаёт кечириб, нозиклашиб қолишган, инсониятни ўйлашга фурсатлари ҳам, рағбатлари ҳам йўқ эди. Улар ўзларини ўраган зебу зийнат ва ҳашаматнинг бир заррасидан ҳам воз кечолмас эдилар. Улар орасида ўзининг нафсу иштаҳаси, ҳирсу ҳавоси, очкўзлиги ва манфаатпарастлигини чеклаб, дабдабали ҳаёт тарзидан кечиб, покиза ҳаёт кечиришни истаганлар худди бугунгидагидек камдан-кам топиларди. Бундай хайрли ишга Худонинг хоҳиши билан бошқа халқ танланди. Ҳаётни обод ва чароғон этишдек буюк миссияни бажаришда Пайғамбарга сафдошлик қилиш арабларга юкланди. Сабабки, улар ана шу миссияни адо этиш йўлида ўзларида бор ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёр, бурчига садоқатли, чинакам фидойи инсонлар эдилар. Бугун, бизларнинг ичимиздан шундай кимсаларни топса, бўладими? Албатта, топса бўлади! Улар бир-бирларини танишлари, бирлашишлари керак. Бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, умуммиллат манфаати учун жонбозлик кўрсатишлари керак. Каримов ва унга ўхшаганларнинг истибдодига қарши бирлашишдан бошқа бизда нажот йўлимиз йўқ!

Нозиклашган маданият ва ҳашаматли ҳаёт учун ўйлаб топилган нарсалар уларни ўзларига тортмас, дабдаю зебу зийнатлар мафтун этолмасди. Улар бой, чунки қаноатли эдилар. Улар доно, чунки ҳаётнинг олий қадриятини англаб етгандилар. Ислом Пайғамбари (с.а.в.) ўз зиммасига юкланган буюк миссияни бажараркан, бор заҳмату машаққат, азобу уқубат, хавфу хатарларни бошдан кечирди. У ўз йўлида унга тўсиқ бўлган барча дунёвий истаклару орзу ҳавасларни рад этди. Турмуш роҳат-фароғатлари уни жалб этолмади, зеро, дунёда бирор куч уни танлаган йўлидан ортга қайтаролмасди. Ҳар бир ёш йигит орзу қиладиган муваффақиятлар, чунончи, сиёсий ҳокимият, обрў-эътибор, давлат ва ҳашаматни қурайшийлар таклиф этганда, у қайрилиб ҳам боқмади. Ўз амакиси уни танланган йўлидан қайтаришга қайта-қайта уринганда, у деган эди:

“Эй амаким, Тангрига қасам ичиб айтаманки, қурайшийлар ўнг қўлимга қуёшу чап қўлимга ойни қўндирсалар ҳам, токи вазифамни адо этмасам ёки ҳалок бўлмагунимча, бу йўлдан қайтмайман”. Бизнинг машҳур кишиларимиз президентнинг пуч ваъдаларига ишониб, мансаб-курсиларига маҳлиё бўлиб, охир-оқибатда, шармандаю шармисор бўлдилар. Руҳий сарватларидан айирилиб, ичиб ирғитилган бўш шиша каби чиқитга чиқдилар. Хиёнаткорликлари уларни яроқсиз матоҳга айлантиргани каби халқни тоғ-тошларда адашиб юриган уюрга айлантирди.

Пайғамбарнинг жону тан ила ҳақиқатга интилиши, турмуш роҳат-фароғатига лоқайдлиги – фидойилик, маҳрумият, меҳнат-машаққатли турмуш тарзи буюк амалларни бажаришга бел боғлаган сафдошлар учун юксак намуна, илҳом манбаи эди.

Ислом Пайғамбари (с.а.в.) ўз вазифасини адо этаркан, роҳат-фароғатли, тўкин-сочин ҳаётни ёлғиз ўзигамас, балки яқинлари – хотин-халаж, бола-чақа, қариндош-уруғ, дўсту биродарларига ҳам раво кўрмади. Унинг энг яқинлари ҳаммадан кўп бериб, ҳаммадан оз олишарди.

Улар курашда биринчи, аммо унинг самарасини кўришда охирги ўринда эдилар. У бирор нарсани тақиқламоқчи бўлса, уни аввало оиласига тақиқларди. Сўз моддий манфаат устида кетганда, биринчи галда бошқалар, кейин ўз оила аъзолари назарда тутиларди. Улар кўпинча оддий мусулмонларга муяссар бўладиган турмуш неъматларидан ҳам маҳрум бўлишарди. У судхўрликни тақиқлаганда, бундан биринчи навбатда амакиси Аббос ибн Абдумуталлиб зиён кўрган эди. Қонга қон олишдек фалокатни жиловлаш мақсадида қариндоши Рубиа ибн Ҳавис ибн Абдумуталлибни ўлдирган одамни жазодан озод қилган эди. Камбағаллар фойдасига закот солиғи жорий этилганда, у оила аъзоларига қанчалар фақир, ночор бўлишмасин, закот олишни манъ этган эди.
Бугун, бизнинг президентнинг қизини кўринг! У жаҳон кўзи олдида, қанақанги ҳунарларни кўрсатмаяпти. Мамлакат раҳбарининг қизи бўла туриб, у амалга оширган бедодликни ер юзида ҳалигача ҳеч ким кўрмаган бўлса керак. Уни оқламоқчи бўлаётганларнинг иддаолари, бундан ҳам ошиб тушада. Ақли-ҳуши жойида жамиятлар учун бу каби тубанликни ҳазм қилиш, асло мумкин эмас!

Макка ишғол этилгач, Пайғамбар амакисининг ўғли Али ибни Абу Толиб Каъба калитига калитбонлик қилишни истаганда, Расулиллоҳ унамаган, Усмон Ибн Талхани чақириб, калитни унинг олдига қўйиб, деган эди:

“Усмон, бу калит сеники, ол уни. Бугун қарзларни узиш, мажбуриятларни бажариш куни. Бу калит ҳамиша сенда туради. Уни ҳеч кимса сендан ололмайди, фақат адолатсизлик, зўравонлик қилиб олишлари мумкин”. Бизда ҳар бандасига Тангри берган озод турмуш, меҳнат роҳати халқнинг бошида турган раҳбар томонидан хоҳлаганча суистеъмол қилинади, оддий ҳақ-ҳуқуқлар тупроққа қориштирилади…

Пайғамбар ўз хотинларига оддий, машаққатли ҳаёт тарзини талқин этган, қийинчиликларни у билан баҳам кўришса, нур устига нур, агар роҳат-фароғатли турмушни афзал кўришса, уларни тутиб турмаслигини аниқ-тиниқ айтган, уларга Тангри сўзини етказган эди:

“Эй Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истасангиз, келинг, мен сизни ўша нарсалар билан баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатиб қўяй.
Бордию Тангрини, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Тангри сизнинг орангиздаги чиройли амаллар қилувчилар учун мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир” (33:28-29).

Аёллар қайси йўлни танлашгани дунёга маълум. Пайғамбар алайҳиссаломга қизи Фотима арз қилиб, ёвурчоқ тортавериб қавариб кетган қўлларини кўрсатиб, ёрдамчи чўри сўраганда, бошқалардан кейин, деган жавобни олган. Кейинчалик, қизим, шукурона айтиб, Тангрига илтижо қил, деган Расулиллоҳ. Бошқа қариндошларига ҳам муносабат шу йўсинда эди. Пайғамбарга киши қанча яқин бўлса, унинг зиммасидаги масъулият шунча баланд бўлган.

Бугун-чи? Президент қизлари беҳисоб пул маблағларини дунё банкларига ташмалаб чиқиб кетганлари етмагандек, мамлакат ичкарисидаги кўзларига ёққан ҳар қандай ҳашаматли иншоотларни ва даромад келтириб турган корхоналарни эгалари қўлидан арзимаган пулга тортиб оладилар. Бўйин товлаган кимсаларни ё қаматадилар, ёки ими-жимида жиноят оламининг вакиллари қўли билан ўлдиртириб юборадилар. Уларнинг қўлларида энг сердаромад нефт ва газ, олтин ишлаб чиқариш ва бошқа юзлаган иқтисодиётларнинг калитлари бўла туриб ҳам, на еб тўядилар, на Худодан ҳаё қиладилар. Президентнинг Муҳаммад пайғамбардан сон-саноқсиз фарқ-тафовутлари бўлгани каби, улар орасида эътиборга лойиғи, унинг пажмурда кўнглида қариндош-уруғчилик, деган олижаноб туйғунинг йўқлиги. У учун бу дунёда миракизмчилар бор, холос. Шунинг учун халқ унинг дунёга келишига сабабчи бўлган инсонлар кимлигини, ота-онаси кимлигини билмайди. Ёруғ дунёда бирор-бир дўсти бўлмаган, файзи-тароватидан нурланиб, яшнаб турган қариндош-уруғи бўлмаган, рисоладагидек уй-рўзғори, ўртамиёна оиласи бўлмаган кимса, қандай қилиб бутун бошли миллатга раҳнамо бўлиши мумкин?! Ақлга сиғмайдиган бундай иддао ўзбек зиёлиларини ҳайратга сололмаганидан кейин, оддий халқдан ўпкаламаса ҳам бўлади…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон