Дилором Исҳакова: “Фарзандларимни ўлдириш билан таҳдид қилишди”

Дилором Исҳакова: “Фарзандларимни ўлдириш билан таҳдид қилишди”
91 views
02 February 2015 - 14:54

Туркияда яшайдиган ўзбек мухолифларини таъқиб остига олган Каримов режими, бу сафар узун йиллар давомида мухолифатдаги “Эрк” Демократик партиясининг матбуот котиби вазифасини бажарган Дилором Исҳаковани нишонга олди. 2 февраль куни Туркияда чиқадиган Yenişafak газетасида эълон қилинган мақола мана шу сўзлар билан бошланади.

Қуйида Yenişafak газетаси газетаси мухбирининг Дилором Исҳакова билан ўтказган суҳбатининг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз
Gazete manşet– Ўзбекистонда касбингиз, маслагингиз нима? Неча йилдан бери Туркиядасиз? Туркияга нима сабабдан келгансиз?
Ўзбекистонда Университетнинг «журналистика» факультетини тугаллаганман. 1988-йилга кадар, нашриётда, Ёзувчилар уюшмасида ишлаганман. Шеър ёзганман, болалар учун эртаклар ёзганман. Ўзбекистонда «Бирлик» Халк Ҳаракати тузилгач, мазкур ҳаракатда фаолият олиб бордим. Сўнгра 1990 йилда «Эрк» партиясига аъзо бўлдим. Бу аъзолигим то ўлгунимча ўз кучида қолади.

Маслак ҳақида Ўзбекистонда жавобим жуда осон эди – қўлимдан келгунча Каримов режимига қарши кураш деган бўлардим. Ва яна мазлум халқимнинг юкини ҳаммасини кўтаролмасам ҳам, кучим етганча елкасини босиб турган диктатура оғирлигини енгил қилсам деган бўлардим.

Бугун эса, Ўзбекистондаги ҳамма ноҳақликлар, зулмларни ўз жойида қолдириб фақат ўзимнинг ва оиламнинг тинчлиги ва саломатлигини ўйлаб ўтирибман. Ўзимни йиллар давомида бетон деворга бошини ураётган одамга ўхшатиб, 25 йил давомида  қанчалар уринмасин бетон девордан ҳатто бир дарча очолмаган инсон ожизлигини ҳис қилиб ўтирибман.

– Муҳаммад Солиҳ ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати билан алоқангиз борми?
Муҳаммад Солиҳ билан Ўзбекистонда ҳам, бу ерда ҳам ҳамиша алоқа қилиб турамиз. Табиий, Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ билан очиқчасига мулоқот қилиш анча ташвишли эди. Қолаверса, унинг ўзи ҳам бизга, яъни ичкарида қолганларга хавф туғдирмаслик учун тўғридан-тўғри телефон қилмас эди. Интернетга боғланиш имкони бўлганлар хат орқали, скайп орқали хабарлашиб турдик. Мен «Эрк «демократик партиясининг аъзосиман. Бу партия тузилган куниёқ унинг аъзоси бўлдим, бошқарув ҳайъатига сайландим ва шу билан бирга матбуот котиби вазифасини бажардим.

Модомики, «Эрк» партияси ЎХҲ таркибида экан, демак мен ўз-ўзидан ҳаракат аъзоси ҳамдирман. Аммо бу кунларда ҳаракат учун, “Эрк” партияси учун фаол хизмат қила олмаётганимдан афсусдаман холос.

– Ўзбекистон ва Туркияда қандай муаммоларга дуч келдингиз?
Ўзбекистонда дуч келган муаммоларимни ҳаммасини айтиб ўтириш жуда кўп вақтни олган бўлур эди. Зотан, 25 йилдан бери бошим муаммодан чиқмайди. Ношукурлик бўлмасин яхши кунларим ҳам кўп бўлди. Аммо бу яхши кунлар бир оиланинг, бир онанинг фарзандлари билан боғлик қувончлари эди ва улар менинг ҳаётимда ўзгариш яратмади.

Боя айтганимдай мен сиёсий фаолият бошлаганимдан бери, шунингдек, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланганимдан бери бошланган таъқиб ва таъзйиқларнинг нафақат менинг, балки фарзандларим тақдирига ҳам катта салбий таъсир кўрсатганини айтиб утай.

1992 йилдан бери менинг ёзган шеърларим, эртакларим, мақолаларим ватандаги биронта газета ёки журналда чоп этилмади. Мен ҳам бир неча адиблар қаторида асарлари чоп этилмайдиган қора рўйхатда турибман. Бу нарса мени бир ижодкор сифатида номим ўчишига олиб келди.

1995-йилда мени қуролли давлат тўнтаришида айблаб суд қилишди. Суд мен ва маслакдошларимга террорчи тамғасини босди. Бу суд мени ва оиламнинг келажагини барбод қилди. Энди менинг фарзанларим ҳам терорчининг фарзандлари сифатида яшайдилар ва бу уларни яна 60 йил таъқиб қилади. Чунки судланганлик ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон махсус хизматлари архивида 85 йил сақланади.

2004 йилда мен яна бир маротаба судланганимни билдим. 1994-1995 йилда Олий Суд томонидан судланганимни билар эдим. У ерда ўзим бор эдим, адвокатим бор эди. Аммо 2004- йилда суд менсиз ўтган экан. Мен қасддан одам ўлдиришда айбланган эканман. Бир неча йил давомида ҳамма мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдим, бу кандай суд, қаерда бўлган, мен кимни ўлдирмоқчи бўлганман ва шу каби ҳақли савол ва талаблар билан 100 лаб хат ва шикоятлар ёздим. Аммо жавоб ололмадим. Жавоб йўқ, аммо судланганлигим ҳақидаги маълумот ҳамма ерда, паспорт столида, ОВИРда, ва ҳатто маҳалла қўмитасида ҳам бор. Бўлмаган суднинг бўлган ҳукми мени рецедевистга айлантирди.

– Сизни кимлар таъқиб қилмоқда ёки таҳдид қилмоқда? Ҳавотирингиз сабаби нимада?
Мени ҳамиша режим хизматидаги куч ишлатар тизимлар таъқиб қилган. Ўзбекистонда эканимда бундай таъқиб ва таъзйиқларга иммунитетим бор эди. Калтак ҳам еганман, бошимга тушган дубинка зарбидан миям чайқалиб ётганман, яна оёғимга бир неча бор дубинка билан бир милиционер бор кучи билан урганда эти узилиб 1 ой эмаклаб юрган вақтим ҳам бўлган. Лекин мени бу нарсалар унча ҳам ваҳимага солмаганди. Тузалишим билан унутиб кетаверганман. Аммо таъзйиқлар фарзандларимга бошланганда уларга карши иммунитетим панд берди. Ва мен ҳам руҳан ҳам жисмонан хасталандим, синдим.

– Сизга келган таҳдидларда нима дейилмокда? Нима масалада сизга таҳдид қилинмокда?
Ўтган йилнинг октябр ойида оиламга телефон орқали бўлган таҳдидлар мени жуда ожиз ва қўрқоқ одамга айлантирди. Таҳдид этаётган эркак овози, тинмай мени зўрлашини, болаларим ва набирамни ўлдиришини айтди. Ва мен умримда илк бор ҳақиқатда қўрқдим, жуда қўрқдим. Таҳдид қилувчи овозни тинглаб курган тилшунос талаффуз Туркия туркчаси эмаслигини айтгач, қўрқувим яна ошди.

– Биз хабар берган ўзбек мухолифларининг “қатл рўйхати” ҳақида қандай фикрдасиз?
Абдуллоҳ Бухорийнинг ўлими диктаторнинг хизматидаги режимнинг қўллари нақадар узун эканини кўрсатди. Қатл этилиши керак бўлганлар ичида Тимур Солиҳнинг хам борлиги мени даҳшатга солди. Кўз ёшимни ўша кун ҳарчанд урунмай тухтатолмадим. Тимурнинг болалиги, шўхликлари тўполонлари кўз олдимдан ўтаверди. Наҳотки Тимурнинг ҳам ўлимини сўраётган бўлса энди Каримов деб ўйладим. Унинг сиёсатга алоқаси йўқ-ку ахир деб бақиргим келди. Муҳаммад Солиҳни ўлдиришга биринчи бор ҳаракат бўлаётгани йўқ. Бу янглишмасам тўртинчи воқеа. Муҳаммад Солиҳга бўлган суиқасдлар ҳақида эшитганимда, Аллоҳ асрабди, ўзи бундан кейин ҳам асрасин дер эдим. Ва ҳамиша жуда сокинлик билан бу нарсани қабул қилардим. Зотан Муҳаммад Солиҳ Каримовга қарши курашга бел боғлаганда унинг ким эканини яхши биларди. Мухолифларига қарши, айникса ўзига қарши ҳар қандай қабиҳликдан тоймаслигини биларди ва ҳамиша шунга тайёр эди. Аммо ўғли Тимур ҳам унинг душманлари қаторига қўшилгани, режимбошининг ниҳоятда ожиз эканини ҳам кўрсатади.

manşet devamYenişafak газетаси маълумотлари асосида тайёрланди

ЎХҲ ахборот бўлими