“Ўлмас Кашшей” – президент Каримов ўлмасин, ўлса….

“Ўлмас Кашшей” – президент Каримов ўлмасин, ўлса….
25 views
03 February 2015 - 16:07

2Укамдай бўлиб қолган бир йигит бор. Унинг акаси билан талабалигимизнинг илк йилларида бирга ётоқхонада турганмиз. У акаси олдига келиб кетиб юриб, иккаламиз иноқлашиб қолганмизга ҳам бир пастда, аллақанча замонлар ўтиб кетибди. Тўхтаб орқамга боқиб босиб ўтган йўлларимга назар солсам, вақтнинг шунчалар тез ўтиб кетганидан юрагимга ваҳшат оралайди, кўзларим олди қоронғулашиб ақлим шошади.

Умр оқар дарё деб, шуни айтсалар керак. Шунинг учун ҳам донолар: туғилдим, бозорга бордим, кафан олдим мозорга бордим, дея бекорга айтмаган. Яна, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг: бизнинг ҳеч нимамиз йўқ, ҳеч нимадан камимиз ҳам йўқ. Олдимизда қабристон, орқамизда ҳам қабристон, деган сўзларини эслаб, инсоннинг бу дунёда ор-номусдан, иймондан бошқа йўқотадиган бирор нарсаси йўқлигини мушоҳада қиламанда, юрагимда яшамоқ ва курашмоқ учун умид туяман, томиримда қон айланиб, вужудимга илиқлик югуради. Балчиққа ботиб депсиниб турган трактордай руҳиятим бир зўриқади-да, тушкинлик кишанларидан бўшанган ҳаёлларим текис йўлга чиқиб, яна ўз йўлида давом этади…

Йигитнинг акаси институтни тугатиб қишлоғига қайтди, ўзи мен сингари Тошкенти азимда қолиб кетди.

Мен бошида, Аллоҳ берган касбим ўқитувчилигимни қилдим, президент Каримов Ўзбекистонни кетига ўтиртиргач, муаллимлик нони қаттиқлик қилди. Нафақат таълим соҳасидаги иқтисодий ночорлик, мустақилликнинг ғайри инсоний ва ёлғонга қурилган мафкураси, бутун орзу умидларимнинг белига тепди. Ўсиб келаётган ёш авлодни Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич-Қундуз бобонинг ва унинг соясига қараб қадамини оладиган олимлар тўқиб чиқарган чўпчаклар билан заҳарлаш, менинг ишим эмаслигини англадим. Ватаннинг келажагига ва ёш авлоднинг Аллоҳ берган ҳақ-ҳуқуқларига кўра-била, хиёнат қилиш қўлимдан келмади. Тишим ботмаган нарсага ошқозоним ҳам дош бера олмаслигини англадиму, мустақиллик туфайли юрагимда бош кўтарган барча умидларимдан этак қоқиб, Россия, қайдасан дея, мардикорчилик қилиб рўзғорни тебратиш учун Ўзбекистондан жуфтакни ростладим. Маънавиятни тиш ва ошқозонга қурбон беришни истамадим. Бир этак болаларимнинг Аллоҳ олдидаги – едириб-ичириш ва муносиб таълим-тарбия бериш масъулияти, қўлимга ҳаёт билан омонсиз жангга кириш учун қурол – белкуракни ва машаққатлардан қўрқмаслигим учун шууримга шижоат берди. Орадан йиллар ўтиб, ҳар ҳолда тўғри қарор қабул қилганимни фаҳмладим. Чунки, Ўзбекистон термитга учраган иншоот сингари бутун дунёнинг кўзи ўнгида, чўкиб борар, унинг ҳудудларида ҳалол меҳнат билан рисоладагидек умри гузаронлик қилишнинг ҳеч қандай имконияти йўқ эди. Ялтоқланиш ва дум булғаш учун эса, на менда маҳорат, на казо-казоларнинг кўнглини овлашга рағбат бор эди. Бойлик орттириш йўлида мутаҳамгарчиликлар содир этмоғим учун эса, юқорида жиноятларимни хаспўшлаб турадиган орқадоғга эга бўлишим зарур бўларди. Менда бу имконият бўлса ҳам, кичик ширкка берилиб нафсимнинг қулига айланиб қолишдан қочдим. Шундай ҳам Яратган билан орамизда, йиллар бўйи ўзим тиклаган тош девор қад кўтариб турар, сўнгра икки оранинг бир-биридан бутунлай тўсилиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб, эшитиб турар, мен ўзимга жабр этардим.

Мустақиллик бера олмаган рўшноликни – иқтисодий фаравонлик ва нисбатан, ҳотиржамликни мен ўзга диёрдан – Россиядаги қуллик ва мусофирликдан топдим. Юртимнинг меҳру муҳаббати ўрнини – азобли йилларнинг ўтли соғинчи ва машаққатли меҳнатнинг сермаҳсул ҳосили билан бола-чақа ва рўзғор тимсолида тўлдиришга тиришдим. Мустабид Каримов режимига хизмат қилган ҳамкасбларим икки жаҳон овораси бўлиб, ҳаёт ва замондан орқада қолиб кетдилар. Улар ақлу ҳушларини йиғиштирганларида, барчасига кеч бўлганини, президент Каримов сингари бутун йўллар кесишган чорраҳада, аросатда қолиб кетганларини англадилар. Аслида, уларни мустақиллик эмас, Каримовнинг ёлғонларига учиб улар мустақилликни чув туширган эдилар, уларни “ўзбек – модели” кашф этган йўлсизлик ва ўйсизлик хонавайрон қилган эди. Бутун бир карвонни тўғри ва тўкис йўлдан адаштирган кимса, раҳнамолик даъвосини қилиб ҳеч кимга бошқарув жиловини беришга бўйни ёр бермайдиган карвонбоши – давлат раҳбарининг битта ўзи эди. Карвонда уни бўғизлаб ташлайдиган, карвондагиларни қароқчининг чангалидан қутқарадиган бир мард топилмасди. Карвонни соҳир манзиллар сари етаклайдиган кимсалар, юз йиллардан буён сурункасига кимса билмас овланар, халқнинг ботирлари вақт ғаниматда маккор ва зулмкор сиёсатлар исканжасида зиндонларга ташланиб, баъзилари ватандан сургун қилинган ёхуд бешафқатларча йўқ қилиниб келинарди. Каримов режими, ана шу сиёсатнинг узвий давоми, унинг ўзи Сталин ва Бериялар пиширган бўтқанинг чириб кетган сарқити эди. Карвондагилар нима демоқчи бўлмасинлар, қай бир нарсага боқмасинлар – тилларига “президент Каримов” деган сўздан бошқа сўз инмагани каби, уларнинг кўзлари олдига ҳам унинг урниққан жуссаси ва чўтир башарасидан бошқа бирор қиёфа келмас, фикратлари унинг мантиқсиз 20 томлик китобидаги алжираганлари билан тилсимланиб, шуурилари “ўзбек – модели” билан дуоибанд қилинган эди.

Укамдай бўлиб қолган йигитнинг қайда ишлашини билмасамда, ундан “қайда ишлайсан” дея, ҳеч қачон сўрамаганман. У шуни маъқул кўради, нозик жойининг қитиғига тегмаганим учун ҳам қўли бўшади, дегунча, менинг олдимга чопади. Мен ҳам жон-жон, деб у билан отамлашишни хуш кўраман. Унга эргашиб энг сўлим чойхоналарга, хилватдаги бегоналар назари тушмайдиган ошхоналарга бораман, қорин ғамида эмас, бирор маълумот олиш илинжида, албатта. Бутун миллат каби мен ҳам разолатга ботган тузумнинг қулашини, елкамизга офтоб тегадиган кунни пойлаб яшайман. Мен ундан президент ва унинг атрофидаги энг сўнгги янгиликларни кутганим каби, у ҳам мендан Муҳаммад Солиҳ ва мухолифатнинг аҳволи хусусида суриштиради, мамлакатни қайта тиклаш жуда қийин эканлигини айтиб, сиёсатдан узоқ юришимга, еб-ичиб, бойлик орттиришга даъват этади. Ўзининг қўша-қўша машиналари ва осмон ўпар уйларини мисол келтириб, болаларим учун ортимда қоладиган бир тузук иш қилишимга маслаҳат беради. У буларнинг барча-барчасини чин юрагидан гапиради. Мени акаси каби ўзига яқин олиб, бой ва бадавлат бир кимса бўлишимни хоҳлайди.
У ҳар доим пўрим кастум-шим кийиб, баҳоси бир қўйнинг нархи билан тенг кўйлагининг ёқасидан бир камбағалнинг йил ўн икки ойда топадиган моянасига тенг галустигини ҳеч қачон ечмайди. Президент Каримов оммавий ахборт воситалари орқали халққа кўриниш беришдан бир кун олдин, у айнан президент нимани кийиб чиқса, устига шунақа кийим кийиб олади. Туфлиси, пайпоғи ва ҳатто, ичкилари ҳам уники билан бир хил бўлади. Ҳар ҳолда, ўзи шунақа деб мақтанишни хуш кўради. Унинг бу масалада, ёлғон гапиришига ўзим ҳам ишонмайман. Сабаби, унинг умрининг мазмуни ҳам, ҳой-ҳавасининг чўққиси ҳам – Ислом Каримов билан бир хил кийинишдан иборат. Мен эсам, ҳар сафар унинг кийими ўзгарганини кўриб, президентнинг эртаси кун телевизорда чиқишини хотинимга башорат қиламан. Тақрибан, унинг қанақа масалаларни кўтаришини, артистлик қилиши лозим бўлган қисмда қанақа лирик чекинишлар содир этишини ҳам эринмасдан баён қилиб бераман.

Хотиним, бошида менга ишонмаган эди. Ҳар гал айтганларим тўғри бўлиб чиқаверганидан кейин эса, Каримов хусусида ёлғон гапирсам ҳам ишонадиган бўлиб қолган. У ҳар сафар телевизорга чиқиб вайсашни бошлаши билан хотинимнинг менга меҳри товлана бошлайди. Менинг каби “авлиё” эри борлигидан фахрланиб, атрофимда кўнглимни олиш учун гирди капалак бўлади, бечора.
Кўпчилик қариндошлар ёхуд яқин таниш-билишларимиз эса, қанчалар президентни ёмон кўрсам ҳам, у матбуотда кўринди, дегунча, уни диққат билан кузатишимни яхши биладилар. Улар тугул, қўшни хотин-халажлар чиқиб қолса ҳам, уларга хотиним: “Бемалол, тортинмасдан суҳбатлашиб, еб-ичиб ўтиринглар, хўжайин президентнинг ичидаги гапларнинг барисини, унинг ўзидан ҳам яхшироқ биладилар”, деб мени осмонларга кўтариб мақташни суюди. Бу билан уларни, ўзича: эримни Каримовни тинглаяпди, деб диққат бўлманглар, игна учида тургандек ўзларингизни ноқулай ҳис қилишларингизга ҳожат йўқ, деб, ўзларини эркин тутишга чақирмоқчи бўлади. Хотинимнинг “шарофати” ва қўшни аёлларнинг оғзи бўшлиги боис: “Фалон масалада, Ислом Абдуғаниевичнинг фикри қанақа бўлиши мумкин, айтолмайсизми?” деб, бозор-ўчар қилиб уйимга маслаҳат сўраб келадиган кимсалар ҳам учраб туради.

Мен эса, ҳар сафар хотиним таажжубдан ёқасини ушлаб, “авлиё”лигимни қўшни аёлларга рўкач қилаётганда, дамимни ичимга ютиб, укамдай бўлиб қолган йигитнинг уддабуронлигидан ҳайратланиб ўтираман. Менинг ўша соатларда хотиним юрагига “ғайри табиий истеъдод”им билан солаётган ғулғулаларим, укамдай бўлиб қолган йигитнинг ичимда туғдираётган лолу ҳайронлиги ёнида, тариқча ҳам бўлмай қолади. Қаердан билар экан бу нарсаларни, дея, зўриқиб бош қотираман. У йигитнинг саъй-ҳаракатларини, ўзини тутишию, кимлар билан учрашишларини, бутун кунини ва куч-ғайратини “илтимос”ларни амалга ошириш учун сарфлашини кўз олдимга келтираману, калаванинг учини топгандай бўламан. Шунда ҳам барибир, хулосаларим мантиқсизликдай туюлади, ўтказиб бошқа бир сабаб қидириб топишга эса, на қурбим, на идроким етади.

Аммо, у йигитнинг қаерда, ким бўлиб ишлашини билмасамда, унинг жуда катта одам эканлигини яхши биламан. Унинг машинасининг қораси кўринди, дегунча, йўл патирули хизматидагилар симёғочдек қотиб, унга чест бериб қоладилар. Тўй ва маъракаларда у махсус тузатилган сархил дастурхон атрофида махсус чақирилган кимсалар билан бирга бинонинг нимқоронғи бир бурчагида ўтиради. Прокурорлар ва судьялар уни ўринларидан туриб қаршилаб, икки қўлларини кўксига қўйиб, дастурхоннинг тўрига ўтқазадилар. Унга ҳокимларнинг ва депутатларнинг иши тушади, вазирларнинг хотинлари, уларнинг ўйнашлари каби нозик масалаларда у билан маслаҳат қурадилар. Ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олишни хоҳлаган бойвачча ва бойвуччалар ҳам, казо-казолар номидан унга илтимос билан келадилар. Олий ўқув юртларига бошқалар элликка-элик, дея, кафолат бермайди. Фақатгина, битта у хоҳлаган Олий ўқув юртига олдиндан тўлиқ пулини олиб, юз фоиз ўқишга киритишга ваъда бера олади. Сабаби, ректорлар ва деканларнинг ўтирган ўринларини сотиб олишида, унинг ҳам ўзига яраша ҳиссаси ва улуши бор. Прокурор ва судья ўзи қамаган жиноятчини Ўзбекистон шароитида қамоқхонадан ҳеч бир замонда ўзи чиқаза олмаслигини мамлакатда бутун халқ билади. Аммо пул бўлса, у ҳар қандай маҳкумни ҳам қамоқхонадан йўлини топиб, озодликка олиб чиқади. Албатта, президент Каримовнинг қора рўйхатидагилар бундан мустаснолар…

У президент Ислом Каримовни “Ўлмас Кашшей” деб аташни яхши кўради. Кўпчилик унинг ўлимини кутиб, ахири безор бўлганидан шундай, деса, у президентнинг ҳеч қачон ўлмаслигини истаб, уни шу ном билан атайди. Шундай десам, унга кўз тегмайди, Азроил ундан айланиб ўтади, деб атай, ирим қилади. “Ўлим ҳам ундан ҳазар қилади”, деган сўз ҳамиша тилимнинг учида турсада, айтиб юбориб, “ахборот маркази”дан айрилиб қолишдан қўрқаман. Йигитнинг бизнеси амалдаги режим ва президентнинг атрофидаги кимсаларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлгани учун ҳам, у президентнинг тўсатдан ўлиб қолиб, йиллар асносида, шиддат билан юриб турган ишларининг касодга учрашини хоҳламайди.

У президентнинг танасининг қай жойида марази бор ёхуд оёғидаги ярасининг битмаётгани тугул, сасиб азоб бераётганини, тунлари уйқуси ўчиб ўзи билан ўзи сўкишиб чиқишини, хотини Татянадан ва гумаштаси Зелимхондан кўра ҳам яхшироқ билади.

Президент чет эл сафарларига жўнаганида, пастдаги қаватдаги ўзи билан учаётган делегация вакиллари билан биров кўришиб, юқори қаватга кўтарилишини, унинг ичиб олиб, стюридесса қизни тиззасига қўндириб ачом-қучоқ қилганларини ва ялаб-юлқашдан нарига ўтолмаслигини ҳам, ундан эшитганман. Пастдагиларнинг чўчқадек ичиб-егач майкачан бўлиб олиб карта билан қимор ўйнаганларини ҳам, у менга сўзлаб берган. Ўша, стрюдиссани фалон минг долларга топтириб, у билан бир хонадан уч кунлаб чиқмаган ҳам, мана шу укамдай бўлиб қолган йигит бўлади. Ўша хонимчани ўз кўзларим билан кўриб, унинг: “Президент боғча қизчани ўпган каби ўпишишдан нарига ўтолмайди” деган гапларини қулоқларим билан эшитмаганимда эди, бу гапга ишонмаган бўлардим. Хуллас, укамдай бўлиб қолган йигит гапирган гап уч кун ўтиб халқнинг орасига ёйилади.

Гугуша билан МХХи раиси Рустам Иноятов орасида можаро келиб чиққач, президентнинг қизини тўйгунча калтаклаганини, сўнгра: “Шарманда қилдинг” деб, ўтириб олиб ҳўнграб йиғлаганини ва аёвсиз калтаклардан “калла лақирдоқ”қа учган Гугушанинг кечки соат ўн иккидан кейин “Боткина”га келиб ўзини ренгенга солдирганидан ҳам, у биринчилардан бўлиб хабар топган эди. Ўшанда, отаси: “Ўзбекистонда келиб чиқаётган барча балоларнинг омбори, мана шу ерда жойлашган. Террористлар мана шу фисқи-фужурни шу пайтгача портлатиб, мени фалокатлардан халос қилмадиларми, энди, ўзим тепалаб эзиб ташлашга мажбур бўламан. Бўлмаса, сен ҳеч қачон қуйилмайсан, қизим” дея, нобоб жойига аямасдан тепгани учун қон кетма бўлган Гугушанинг ортиқ маиший хизматга ярамаслигини ҳам биринчи бўлиб, у топиб келди. Орадан роса бир ҳафта ўтгач, бу мишмишни Чорсу бозоридаги долларфурушларнинг оғзидан эшитиб, ёқамни ушладим.
У сўнгги пайтларда, гоҳ-гоҳ: “Ўлмас Кашшей, яна ҳушидан кетиб қолибди, аммо ўлмайди, яшайди”, деб келадиган одат чиқарди. Эшитиб, мен ҳам: “Ўлмасин” деб қўяман. Куни кеча ҳам, шундай бўлди. “Ғайратга президентнинг хос врачи Ҳусан ака айтибди. Ўлмас Кашшей овқатланиб ўтирганда, яна ҳушидан кетиб қолибдимиш, аммо уни жин ҳам чалмайди, ҳали кўп яшайди” деди, у мен билан қўл бериб саломлаша туриб. Одатдагидай: “Ўлмасин” дедим, мен ҳам. Бироқ: “Ҳусайин ака ким?” деган савол беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди. “Ҳусайин эмас, Ҳусан” деди, у. “Ғайратнинг тоғаси. Тимирязов кўчаси яқинида, графнинг она уйига қўшни турадиган Ғайрат бор-ку. Уни яхши танийсиз” Мен унақа одамни танимаслигимни ҳам, укамдай бўлиб қолган йигитнинг ҳеч қачонда бировнинг номини тўғри айтмаслигини ҳам яхши билсамда, қоидага хилоф иш қилиб қўйганимдан ичимда истеҳола тортиб: “Эслай олмадим. Кўрсам, балки танирман” дея, хатомни тўғирлашга киришдим…

Бироқ, унинг “Ўлмас Кашшей, яна ҳушидан кетиб қолибди, аммо ўлмайди, яшайди” деган гапи, мени ўша пайтда заррача ташвишга солмаган эди. Эртаси куни “ЎХҲ”нинг сайтини очдиму, президент Ислом Каримовнинг яна ҳушидан кетиб қолганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, қўл-оёғимнинг жони қочди. Албатта, мени саросимага солган нарса, президентнинг кутмаганда ўлиб қолиши мумкинлиги эмасди. Чунки, ўлим ҳақ, у бировга эрта, бировга кеч келади. Ўша қиёмат куни, вақти-соати етиб, ҳаммамизнинг ҳам бошимизда муқарар қўпади. Бу аччиқ шаробдан муддати келиб, тотиб кўрмаган инсоннинг ўзи қолмайди.

Ажабланарлиси, кўпчилик инсонларнинг президент Каримов ўлимини кутиб, омонатга берилган умри-жонларига жабру ситамлар қилаётганликлари, бу билан Ўзбекистондаги оғир аҳволни яхши томонга ўзгартириб бўлмаслигини тушунмасликлари, бор имкониятларнинг ҳам қўлдан бой берилаётгани эди. Хабарга ёзилган изоҳларни ўқиб, халқимизнинг юз-юз эллик йилдан буён заррача ҳам, на руҳиятида, на феълида бирор-бир ўзгариш содир бўлмаганини сезиш мумкин эди. Кимдир президент ўлса, ундоқ қилишини, кимдир мундоқ қилишини, кимдир қўй сўйиб эҳсон беришни ниятлаб қўйганини ёзган эди. Кошки, бир мустабид ўлиб, бизнинг дардларимизга дармон топилса эди, кошки жоҳил ва қонхўр бир кимсанинг ўлими, бизларни бирлаштирса, тараққиёт ва ўзгаришлар кўчасига олиб чиқиб қўйса эди…

У тўсатдан ўлиб қолса, кунимиз бунданда бешбаттар, аҳволимиз бунданда хароб бўлади, десам, нима дейсизлар… Қани, қарсак чалмайсизларми… Олқишлаб қўймайсизларми, барака топкурлар…

Давоми бор

Эргаш Сулаймон