Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: ““MY5” телеканалидан Гулноранинг “уфори” уфирмоқда…”

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: ““MY5” телеканалидан Гулноранинг “уфори” уфирмоқда…”
67 views
04 February 2015 - 1:17

1Бугун, “Би-би-сига айтаман: “MY5” телеканали сабаб ўнлаб ТВ ходимлари ишсиз қолдилар” деган эшиттириш матнига кўзим тушиб қолди.

“…Янги нодавлат телеканал муассислари Ёшлар маданият ва санъат маркази, “Камолот” Ёшлар Ижтимоий Ҳаракати, ЎзЭОАВМА (НАЭСМИ)ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳисобланади” деб ёзади маълум сабабларга кўра исмини бермасликни сўраган ўзбекистонлик журналист Би-би-сига” дея хабар беради ҳамкасбимиз.

Ўзбекистон корчалонлари кўзларни шамғалат қилиш илинжида “”MY5” телеканалининг муассислари хусусида ўзларича бичиб-тўқийверишади.

Аслида эса, “Менинг юртим” телеканалининг муассислари “Камолот” Ёшлар Ижтимоий Ҳаракати дейиладими, НАЭСМИ ми, “Ўзбекнаво”ми, ва ё бирор бир Қўшма Корхонами, бунинг фарқи йўқ.
“MY5” телеканалининг муассиси 100 та бўлмайдими?

Назаримда, бу номигагина холос.

Диққат қилиб кузатсангиз, “Менинг юртим” телеканалидан Гулнорахоним Каримова услубининг уфори уфирмоқда: яна ўша мода кўргазмалари, яна ўша қўшиқчиларнинг эчкидек “маъраш”лари, такадек сакрашлари, тўтиқушдек “сайраш”лари….

Эсингизда бўлса, бу каби енгил елпи кўрсатувлар кейинги пайтларда Гулнорага қарашли телеканалларда баҳорги қўзиқориндек кўпайиб кетганди:
Фото танловлар, қўшиқ конкурслари, ёш эстрада “истеъдод”ларини аниқлаш… Чет эл хонандаларининг ҳорижий тилда куйлаган қўшиқларни “копироват” қилиш ишқида зўр бериб қичқиришлар, аслида “теги” йўқ салоҳиятини кўз-кўз қилиш илинжида тамоқ йиртишлар, сулув кўриниш машқини олиш умидада “соч юлиш”лар – Сартарошлар санъатини “реклама” қилишлар, кокил кесишлар, бет бўяшлар… Хуллас, сараловчи, танловчиларга, бел оғритмасдан нон топаман деган такасалтангларга имкон яратувчи саҳна бу – “MY5” бўлиб қолди. Дорнинг тагидан қочганларнинг ҳаммаси ўша ерда.

Кунида 24 соат нуқул ҳориждан ўғирлаб омухта қилинган куйга жилпанглайдиган, қоматини бозорга соладиган, кўз сўзадиган “санъаткорлар”нинг “пиар”и, “пропагандаси” билан кун кўрадиган канал бу – “MY5”!

Мана, куни кеча 13-15 ёшли тўрт-бешта қизалоқнинг тақлидига бағишланган мусиқий дастур тайёрланибди. Яна кимга тақлид?

Шерали Жураевга, Охунжон Мадалиевга, лоақал Озобдек Назарбековга, Гулсанам Зоитовага тақлид бўлсаям гўрга эди!

Шаҳзода қўшиқларига тақлид!

Ўлсин агар қўшиқда маза-матра бўлса:

Эрталаб турдим,
Юз-қўлимни ювдим,
Дастурхонга ўзни урдим,
Кўчага тезда сурди-иииим!
Сени қумсаб, сени соғиниб, сенга талпиниб,
Севгилиммммм, жониммммм, қаро кўзлиги-иииим!…..
(Айнан шундай бўлмаса-да, шу сатрлардан пастроқ-да айтадиган қўшиқлари мазмуни!)
Эй, воҳ, вой, во-ййй, й-ййй-йййй-ййй!
Сан мани жоним, сан мани таним,
Сан мани номим, сан мани ноним, ўзингсан-эйййй!
Якка ёлғиз фақат сенсан! Ўзингсан!
А-ааа-а, у-у-у-у, ҳу-ҳу-ҳу-ҳу, ҳей!
(10 МАРОТАБА НАҚОРАТ) НАҚОРАТЛАРДАН КЕЙИН ҚЎШИҚ ТАМОМ!

Камини хонанданинг эшилиши тўлдиради:

Юқоридаги иборалар ликкиллаб, жилпанглаб, кўз сузадиган, елка учириб, қош қоқиб, сел бўладиган куйми, қўшиқми, ахир?! Энсангни қотиришгани, қотиришган!
Яна нима эмиш: Шу қўшиққа тақлидчи қизларни тарбиялаётган эмиш. Бир эмас 4 та.

Бунингдек беъмани “проект”лар, кўрсатув, тақдимот, тадбир лойиҳалари Гулноранинг тарбиясини олган одамлардан, Гулноранинг нонини еган оғизлардан, у билан бир товоққа термулган кўзлардан, уни кўтар-кўтар қилган қўллардан, копток қилиб тепкилашга ҳам ярамайдиган бўм-бўш бошлардан чақади…

Бу қорин қуллари бир амаллаб кунларини кўришар-а, аудиторияга, ёшларга ачинасан киши, ёшларимизнинг манавиятига мита тушадиган бўлди-да…

“Гулнора машмашаси энди Норвегияда” бўлса, бўлар, бироқ, бу ҳам Гулноранинг оёғига узоқ тушов бўла олмайди, назаримда. “Менинг Юртим” телеканали бунёд бўлганидан, MY5 телеканалига тил битганидан билмаяпсизми? Гулноранинг “карьераси” қайта “тирилаяпти”! Кўпи билан президентлик сайлови ўтгач, падари давлат тахтини такрор қўлга киритгач, пайт пойлаб турган Гулнора Каримова яна “самореклама” саҳнасида пайдо бўла бошлайди!

Бир сўз билан айтганда, “MY5” телеканалига “тил” битиши – Гулноранинг қайтиши.

Менимча шундай….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист