Ўзбекистон телевидениеси ЎХҲ хабарини рад этишга уриниб кўрди

Ўзбекистон телевидениеси ЎХҲ хабарини рад этишга уриниб кўрди
23 views
05 February 2015 - 12:58

Ўзбекистон давлат телерадиокомпанияси Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) сайтида 2015 йил 29 январь куни эълон қилинган ҳамда президент Каримов соғлиги ёмонлашганига бағишланган хабарни рад этишга уриниб кўрди.

Шу йилнинг 30 январь куни кечқурун республика телевидениесининг “Ўзбекистон” канали режадаги “Опа-сингиллар” миллий телесериалининг навбатдаги қисмини эълон қилиш ўрнига президент Ислом Каримов томонидан январь ойининг ўрталарида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда ўқилган нутқни кайта эфирга узатди.

“30 январь куни эрталаб Телерадиокомпания раҳбарияти бизга кечқурунги дастурдан “Опа-сингиллар” телесериалининг навбатдаги қисмини олиб ташлаб, ўрнига президент Каримовнинг шу йил 15 январьдаги нутқини, яъни Вазирлар Маҳкамасидаги нутқини қайта кўрсатишни буюрди”, – деди “Ўзбекистон” телеканалининг ходими ЎХҲнинг Тошкентдаги манбасига етказган хабарида. Унинг айтишича, шу куни телерадиокомпания ва телеканал раҳбарлари икки ҳафта олдинги видеоёзувни кўрсатишга жуда шошилишган.

“Баъзилар теледастурдаги бу ўзгариш президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида Интернетда чиққан хабарларни рад этиш учун амалга оширилаётгани ҳақида гапиришди. Бошқалар эса эски видеоёзув президентнинг соғлиги ҳақиқатдан ҳам ёмонлашганини яшириш ва бу ҳақида миш-мишлар тарқалашини олдини олиш мақсадида қайта кўрсатилаётгани тўғрисида айтишди”, – деди ЎзТВ журналисти.

 ЎХҲ ахборот бўлими