“АҚШ берган ҳарбий техника Ўзбекистонда халқ ғалаёнларини бостиришга мўлжалланган”

“АҚШ берган ҳарбий техника Ўзбекистонда халқ ғалаёнларини бостиришга мўлжалланган”
107 views
05 February 2015 - 16:08

13 февраль куни New Republic нашри “Обама маъмурияти қонхўр диктаторга ҳарбий машиналарни совға қилди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилди.

“Ўтган ойда Ўзбекистоннинг йирик миқдордаги АҚШ ҳарбий техникасини қўлга киритгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу АҚШ тарихида Марказий Осиёга берилган энг катта ҳажмдаги ҳарбий техника саналади. Марказий Осиё бўйича АҚШ давлат маслаҳатчиси ёрдамчисининг ўринбосари Дэн Розенблюмнинг “Америка овози”га маълум қилишича, АҚШ Ўзбекистонга 300 дан ортиқ зирхли ва пистирмадан ҳужумга ўтувчи транспорт воситалари (MRAP) ҳамда зирхли қутқарув машиналари (ARV) етказиб беришни бошлаган. Ҳар бир MRAP транспорт воситасининг нархи 1 млн., АРВ эса 2 млн. АҚШ доллари туради”, – деб ёзади мақола муаллифи Кейси Мичел.

Нима сабабдан Обама маъмурияти Тяньаньмэнь майдонидаги қирғиндан сўнг энг катта қонли қирғинбаротни амалга ошириб ўз фуқароларини ўққа тутган режимга юзлаб ҳарбий машиналарни бермоқда? Ушбу саволга Розенблюм қуйидагича жавоб беради:

“Бизнинг қароримиз Ўзбекистоннинг террорчилик ва гиёҳванд моддаларга қарши курашда ушбу техникага эҳтиёжи борлигидир, – ва албатта улар буни асослаб беришди”.

Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Афғонистон шимоли билан чегарадош, деб ёзади мақола муаллифи Кейси Мичел. Мамлакатнинг ислом экстремизмига қарши узоқ кураш тарихи бор. Марказий Осиё эса – опиум трафигининг асосий йўлаги ҳисобланади. Аммо шунга қарамасдан бир нарса тушунарсиз қолмоқда: ахир MRAP ва ARV ҳарбий транспорт воситалари Розенблюм таъкидлаганидек фақат “мудофаа мақсадларида” қўлланилмайдику! Бошқа сўз билан айтганда ушбу машиналар гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши курашда умуман ишга ярамайди. Лекин улар халқ ғалаёнларини бостириш учун энг самарали воситалар сифатида тавсия қилинади!, – деб ёзади Мичел.

“Бу манёвр Обама маъмурияти учун мутлақо самарасиз якун топади. Кўп йиллар мобайнида олиб борилаётган АҚШнинг минтақадаги сиёсати қўрқинчли тус ола бошлади. Маъмурият йирик муаммолар қаршисида аҳамиятсиз бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келди. Буларнинг барчаси бекорга вақт ва ресурсларнинг ҳавога совурилишига олиб келди. Энди эса, MRAP ва ARV техникаларнинг берилиши АҚШнинг минтақадаги бутун дипломатик кучини сарфлаб бўлганлигидан далолат беради”, – деб ҳисоблайди муаллиф.

“Бундан ташқари, ҳарбий техниканинг берилиши яқинда The Washington Post саҳифаларида Фред Хайатт томонидан тасвирланган янада муҳимроқ мавзу билан алоқадиордир. Обама маъмурияти бирданига терроризмга қарши курашда диктаторларга суяна бошлади. Бунга “Исломий давлат” қаршисидаги ҳавотирларнинг ўсиб бориши ҳам туртки бўлди. Хайатт ва бошқалар Вашингтоннинг Сурия, Баҳрейн ва Саудия Арабистонида демократиянинг бўғилишини танқид остига олмаётганини қоралайди. Каримов билан кутилмаган келишув эса Обама сиёсатидаги янада жиддийроқ хатоликни ифода этади. Мамлакатни демократлаштириш ва гуманитар муаммоларга ечим топиш учун пул ажратиш ўрнига Вашингтон ўзининг ночорлигини намоён қилди. Бу эса АҚШнинг Каримов режими ва Қирғизистон билан илгари тузилган келишувлардан етарлича хулоса чиқара олмаганидан далолат беради. Олдинги иккала ҳолатда ҳам америкаликлар мамлакатдан қувиб чиқарилганди”, – деб хулоса қилади Мичел.

ЎХҲ ахборот бўлими