“Гугуша шоу – Ислом Абдуғаниевич – Қундуз бобо”…

“Гугуша шоу – Ислом Абдуғаниевич – Қундуз бобо”…
72 views
06 February 2015 - 1:16

1«Шаҳидлар хиёбонидаги масхарабозлик» туркумидан

Хулоса ўрнида…

Мустақилликнинг 23 йиллигига бағишланган перзидент Каримовнинг салб юриши ҳар доимгидай, охирида, Алишер Навоий номидаги Миллий боғга кўчди. Чорак асрдан буён ўзбекнинг тўйи-томошасида ҳам, айтиш жоиз бўлса, азасида ҳам алмисоқдан қолган битта диск айлантирилар, унда нуқтадан вергулгача барча-барчаси, такрорий намойиш қилинарди. Президент Каримов ҳукумат бошида, яна чорак аср ўтирса, наинки мамлакат тараққиётида, ўзининг ҳаётида ҳам тирноқча ўзгариш содир этилишига имкон туғдирмасди. У миллат ва мамлакат ҳаётида ўзгаришлар ясаш учун эмас, бирорта нарсани жойидан қўзғатмаслик, иложи бўлса, тарих ғилдирагини орқасига айлантириш – халқнинг маънавий асосларига рахна солиш ва Ўзбекистоннинг СССРдан қолган иқтисодий асосларини касодга учратиш учун раҳбар этиб тайинланган эди. Ўзбекистонни ўтмишдаги бой берилган сарватларга эриштираман, дея, у қанчалар чиранмасин, ундаги коммунистлар руҳиятига жойлаган майл-инстинг – миллатни ва мамлакатни қудратли давлатлар қўйган тузоқ томон авраб, судраб, халқ онгида қуллик ва қарамликка поғонама-поғана рағбат уйғотарди. Ичидаги қоронғилик ва ҳасад, унинг ўзига ҳам омонлик бермас эди. У ҳукумат бошига келган кунидан халқнинг устига ўтган асрнинг 20 – 30 йилларидаги қатағонларни қўптиришни бошлаган бўлиб, унинг фаолияти Гидлян-Ивановлар таъмал тошини қўйган “Ўзбеклар иши”нинг мантиқий давоми ва коммунистларнинг дунё ҳаётида яшаб қолишининг яширин шакл-шамойилидан иборат эди.

Тан олиб айтиш керак, у мувафаққиятларини таъминлаб турган ҳомийлари тарафидан олдига қўйилган вазифани беками-кўст адо этаётган учига чиққан авантюрист – иғво, фитна ва риё билан бутун бошли бир мамлакатни, тарихий илдизлари минг йилликлар қаъридан сув ичган бир қадим миллатни, сеҳрлаб, ўзига-ўзини едираётган дунёдаги ягона раҳбар эди. Инсон зотининг хилма-хилини жуда кўп кўрган дунё, у каби олти бурчакли – тўртта қибласи бор раҳбарни яралганидан буён кўрмагани каби, бундан кейин ҳам, бунақа учига чиққан қўрқоқ, баробарида, қўрқоқлигини мунофиқлиги билан ниқоблашга устаси фаранг раҳбарга рўпара бўлиши амри маҳол эди. У шу жиҳати билан ўзига хос-ўзига мос, шу жиҳати билан Фиръвнлар қулаган чоҳга абадул-абад михланиб, тарих саҳнасида бадном бўлиб охирзамонгача қолажагини таъмин этган бир бахтиқора эди.

Шундай бир жирканч: на арзигулик ижтимоий келиб чиқиши, на бир пичоққа илинадиган қариндош-уруғи, на бир оила дегудек уй-рўзғори – хотини, бола-чақаси бўлмаган бетайининг куракда турмайдиган феъл-атвори, зуғумлари ва жиноятларига тоқат қилган ўзбеклардан ҳам – яъни, бизлардан ҳам, авлодларимизга яхши ном қолади, деб айтиш жуда қийин. Каримов туфайли, ҳамиятсизлигимиз ва шижоатсизлигимиз солномаси давр эҳтиёжи билан тарихларга ўйилган экан, барчасини қойилмақом қилиб таъминлаган “ўзбек – модели”нинг умри ниҳоясига етишига оз қолган бир замонда, биз очиқ кўрларга мустақиллик йилларидаги ночор ва аянчли аҳволимиз – шаклланган шахс сифатида, қийматимиз не қадар қадрсиз эканини  аён қилган бўлса, ёмон бўлмасди. Бу ҳол тавба-тазарру қилиб ўзимизни поклаб олишимизга туртки берса, истиқболимизда бизларни зафарлар кутарди…

Каримов ва у ўртага келтирган режим, бизнинг кўзгудаги феъл-атворимизнинг иниъкоси бўлгани мисоли, биз ҳам Каримов режимининг кўзгудаги қиёфадоши бўлиб, тарих саҳифаларида, келажак авлодлар томонидан дил хиралик билан ёдга олинажагимизга гумони бор кимсани, мен, “гумроҳ” деб атаган бўлардим.

У бор жойда бизнинг, биз бор жойда унинг ҳозиру нозирлиги – тарихий яхлитликка айланиб бўлди. Дўзахга тушсак ҳам, жаннатга тушсак ҳам, у билан қўшни бўлмасак гўрга эди, деб вужудимни ваҳима босади. Ундан таъби тириқлигимизу шартакилигимиз ҳам, калтафаҳм ва ясамалигимиз, қирра ва бурчакларимиз ҳам унчалик фарқ этмаслигини ўйлаганимда, юрагим орқага тортиб кетади…

Ҳар нарсанинг ибтидоси бўлгани сингари Миллий боғдаги томошалар, унинг масхарабозлиги интиҳоси – яъни, артистлигининг якуний қисми эди. У йиллар давомида биринчи сентябр – Мустақиллик кунини кўтаринки руҳда ўтказиш учун ҳомийлари ва гумашталари томонидан театрлаштирилган томошаларни – “Гугуша шоу – Ислом Абдиғаниевич-Қундуз бобо” фонида Миллий боғда ниҳоясига етказгач, тўғри Дўрмон Қароргоҳига борардида, “халқни сеҳргарликлар зоҳир этиб, яна бир йилга ухлатиб қўйдим”, деб мағрурланишга бериларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ўзини халқ кўзига тетик ва кучли кўрсатаман, дея, ҳафта ўн кундан буён қонни кўпиртирадиган дори-дармонлар ичиб, оёғи теккан ерда, кўкнорининг уруғини еган бедана каби пиппиллиқ олиб, қисир ғунажиндек думини гажак қилиб диркиллагани, уни ҳолдан тойдирди. Ҳақиқатан ҳам ўзини даҳо, деб ўйлайвериб, иддаоларига қаттиқ ишониб қолган қалтироқ чол, тўшагига зўрға етиб бордида, тобутда чўзилиб ётган мурдадек – ўзини кўрпа тагига уриб, оғзидан суви оқиб ухлаб қолди.

У дурбинни Анвар қорининг бўйнига илгач, уни Анжуманлар саройига жўнатган эди. Саройнинг маҳобатли ойналаридан Амир Темурнинг отининг чоти орасига кўзларига дурбин тутиб термулаётган Анвар қорини тушида кўрар экан, у салтанати сарҳадлари ишончи қўлларда эканлигига астойдил ишониб, бурнига сассиқ қўнғиз кирган чўчқа каби бутун қароргоҳни ларзага келтириб, хуррак ота бошлади. ИШИДчилар бостириб келдими, деб қўрқиб, теревога берган қароргоҳдаги МХХнинг ишончи вакили, Зелимхондан “ота”нинг “шаталоқ” отиб кўрпа тагида хуррак қувлаётганини эштибоқ, “отишга шайланинг” деган буйруғини тезлик билан бекор қилар экан, махсус тайёргарликдан ўтган “қочса – қуварлар” бўшашиб, дарров қуролларини туширдилар…

Миллий боғдаги театрлаштирилган томошалар хусусида фикр юритишдан олдин, Гугуша ҳақида ҳам бир-икки оғиз гапириб ўтмасак, унинг ҳаққига хиёнат қилган бўламиз. У хўжакўрсинга парда ортига сурилган шу кунларда, Мустақиллик байрами муносабати билан ҳар ерда ўтказилаётган турли-туман тадбирлар ва байрам томошаларига диққат билан синчиклаб эътибор қаратилса, барча-барчасидан унинг ҳиди келиб, барчасининг маъно-мазмунидан унинг тутруқсизлиги намоён бўлади. У отасининг ҳақиқий шогирди бўлиб, у ўртага олиб чиққан ишлар, отаси бошлаган “саёзлаштириш” ва “бездириш” сиёсатининг ажралмас бир қисми эканлиги билиниб қолади. У ҳеч нимани ўйлаб топмаган ёхуд ташкиллаштирмаган эди. У отаси зимдан эҳтиёткорлик билан олиб бораётган сиёсатни ошкора давом эттиришга бел боғлаган бир товуқ мия эди, холос. Унинг очиқ майдонга чиқиши, унинг отаси ва у бошлиқ мустабид ҳукуматнинг башарасини очиб қўйди. Чорак асрдан буён, Қундуз бобонинг эртакларини тинглайвериб, ёлғон-яшриқларига ишонавериб, ўзимиз ҳам шунга тайёр бўлиб қолган эдик. Бўлмаса, Гугуша каби бир калтафаҳм ва суюқоёқнинг “киштала-киштала”сига маҳлиё бўлиб, Мурод Ражабов, Абдиҳошим Исмоилов, Зулайхо Бойхонова ва Жаҳонгир Фозилжонов каби қирқилган эчкилар тимсолида, осмонларга ирғишламас эдик, уларга эргашмас эдик, қадрятларимизни оёқ ости қилмас эдик…

Тўғрисини айтганда, Миллий боғдаги воқеа-ҳодисалар тўғрисида, сизларга тасвиру тавсифлар қилишнинг ҳожати йўқ. Ўзингиз 23 йилдан буён кўриб эшитиб келаётганингиздек, ашулачилар ҳам, раққосу раққосалар ҳам бу жойдаги саҳнадан халқнинг кўзига кўриниш учун мисли кўрилмаган маблағларни пора учун сарфлайдилар. Уларнинг қаерда, қайси вақтда қандай туриши, қай бириниг президентга ўптиришию, қай бирининг унга қўл узатиши уч ой илгари маълум бўлган бўлади. Албатта, президент билан шунчаки саломлашган ва ўптирган одамнинг баҳоси тенг бўлмайди. Ўптирган одам, масалан Озодбек Назарбеков шунчаки саломлашган одамга нисбатан юз баробар кўп пора беради. Саломлашмаган одам билан шунчаки саломлашган одамнинг ҳам нархи бир хил эмас. Шунчаки шаломлашган одам саломлашмаган одамга нисбатан эллик баробар қиммат туради. Шунчаки саҳнада кўриниш берган одам билан оммавий томошабинлар орасида ўтирган кимсанинг ҳам нархи бир хил бўлмайди…

Асосийси, президент 23 йилдан буён ҳар сафар ёзилган матндан чиқиб, тўлқинланиб кетадида: “Ўзбекистон иқтисоди бу йил саккиз ё тўққиз фоизга ўсди. Сизлар, менинг болаларимсизлар. Сизлар бахтли бўлсангизлар, менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ”, дейди. Ҳеч ким унга: Нима учун давлат фуқароларига болам, деяпсан. Улар тенг ҳуқуқли фуқаролар, уларни биров “болам” деб, камситиб, ҳуқуқларини бўғишга ҳаққи йўқ. Сен президент бўлсанг, расмий нутқ ирод эт, уларнинг олдида, масъулият ҳис қил, оғзингга келганни вайсама, деб айта олмайди. Айтса, тилини кесадилар.

Аммо, президентнинг бутун имкониятлари бўла туриб, икки қизини эплаб таълим-тарбия беролмаганини, ҳатто, ўз неварасига шантаж уюштираётганини ҳам, бировнинг боласига “болам” дейишга ҳаққи йўқлигини, унинг безбет ва бетамизлигини ҳам ўттиз милиён халқ кўриб билиб туради. Миллатнинг ўн гулидан бир гули очилмаган йигит-қизларининг ишсизлик ва йўқсизликдан мустақиллик йилларида тортмаган азоб-уқибатлари қолмаганини ҳам, Россия ва Қозоғистон каби давлатлардан ҳар йили ўн минглаб ўлиб келаётган миллат болаларининг умумий сони юз мингларларга етгани ҳам уларга беш қўлларидек аён…

– Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?! – деди у муфти Усмонхонга бўйнини буриб. – Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қиляпти?! Маккаю Мадинани писанд қилмаса, ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса, мусулмонларнинг дунёси, олами нима бўлади?!

Эҳ-ҳ, Қундуз бобо, одам шунчалар ҳам безбет ва беномус бўладими?! Сени ўзининг дин душмани эканингни ўзбек билмайдими?! Мусулмонларнинг бошига ўтган 23 йилда нималарни солмадинг?! Халқ ҳаммасини кўриб билиб турипди. У кўр эмас, сен ўйлаганингдек қўрқоқ ҳам эмас. Ўзига қўйиб бер, қонун номидан, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб тур, қонунларга қарши иш тутма, у муаммоларни осонлик билан қанақа ҳал қилади, кейин кўрасан…

Тўғри, энди бунинг иложи йўқ, барчасига кеч бўлди. Ўзинг учун ҳам, миллат учун ҳам энг катта муаммо, битта ўзингсанг.
Сен ўртадан кўтарилмасанг, ҳеч нимани ҳал қилиб бўлмайди…

Тамом   

Эргаш Сулаймон