Қозоғистондаги “Мусулмонлар Иттифоқи” ташкилоти Каримовни истеъфо беришга чақирди

Қозоғистондаги “Мусулмонлар Иттифоқи” ташкилоти Каримовни истеъфо беришга чақирди
55 views
06 February 2015 - 15:37

2Унда ташкилот Каримовнинг соғлиғи борасида “чуқур хавотирда” эканлигини билдириб, зудлик билан “ҳукуматни топшириш” масаласида чоралар кўришга чақирган.

“Марказий Осиё мусулмонлари номидан ҳукуматни бошқа қўлларга топширишингизни сўраймиз. Худбин бўлманг! Мамлакатда давлатни бошқаришга қодир ақлли ва тартибли ўзбекнинг бўлмаслиги мумкин эмас”, деб ёзилади мурожаатда.

Аввалроқ хориждаги ўзбек мухолифат нашрларида 77 ёшли Президент Ислом Каримовнинг соғлиги яна ёмонлашганига оид хабарлар пайдо бўлган эди.

Би-би-си Қозоғистон Мусулмонлар Иттифоқи” раҳбари Мурат Телибековдан мурожаат сабабларини сўраган.

Мурат Телибеков: Биринчидан, Ўзбекистон Қозоғистоннинг ён қўшниси. Шубҳасиз, ушбу давлатда бўладиган ҳар қандай сиёсий ҳодисалар Қозоғистонга ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Бугунги кунда терроризм муаммоларининг чигаллашуви ёки халқаро экстремистик ташкилотларнинг фаоллашуви ортидан Каримовнинг ўлими минтақада вазиятни издан чиқариб юбориши мумкин. Шу сабабдан, яъни сиёсий барқарорликни сақлаш мақсадида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга бу мактуб юборилди.

Би-би-си: Сизда Ислом Каримовнинг соғлиги борасида ишончли маълумот борми? Агар йўқ бўлса, нима учун ушбу мактубни миш-мишлар асосида ёздингиз?
Телибеков жаноблари Президент Каримовнинг жавобига умид қилмаётганини айтган

Мурат Телибеков: Давлат раҳбарларининг соғлиги борасидаги ҳар қандай маълумот қаттиқ сир сақланади. Ҳаттоки энг сўнгги дақиқаларгача дунё нима бўлаётганини билмаслиги мумкин. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Уго Чавеснинг ўлимини олайлик. Сўнгги дақиқаларгача унинг ўлимини жамоатчиликдан яширишди. Шунинг учун ҳам бизда пайдо бўлаётган хабарларга таянишдан бошқа йўл қолмаяпти. Ушбу хабарларни ҳақиқатдан йироқ, деб айта олмаймиз. Каримовнинг ёши 50 ёки 60 эмаслигини назарда тутиш керак. Шу сабабдан, табиий сабаблар ва одамнинг маълум биологик муддатини ҳисобга олган ҳолда, матбуотда чиққан хабарга ишонмасликка асос йўқ.

Би-би-си: Ушбу мурожаатдан кўзлаган асл мақсадингиз нима? Ташқаридан қарасангиз, Қозоғистон Президенти ҳам мамлакатни узоқ вақтдан бери бошқариб келяпти ва уни ҳам ёш деб бўлмайди. Нима учун айнан Ўзбекистон Прездентига мурожаат қиляпсиз?

Мурат Телибеков: Ушбу ҳолатда, айнан Ўзбекистондан мамлакат Президенти оғир ҳолатда ётибди, деган хабар чиқяпти. Агар Президент Назарбоев, Алиев ёки Туркманистон ҳамда Тожикистон Президентларидан бири мана шундай оғир ҳолатда, деган хабар чиққанида биз ўз муносабатимизни билдирар эдик. Афсуски, бу раҳбарлар кўп муддатлик бошқарувга мойиллик одатидан жабр чекмоқда. Уларнинг сўнгги ҳаёт кунлари қандайдир хавотир ва тартибсизликларга олиб келиши мумкин. Мамлакатнинг бошқарувчисиз қолиб кетиши вазиятни издан чиқариб юбориш эҳтимоли бор.

Би-би-си: Мурожаатингизга Ислом Каримовдан бирор жавоб олишга қанчалик умид қиляпсиз?

Мурат Телибеков: Диндор одам сифатида менинг вазифам бу ҳақда ёзиш ва мурожаат қилиш. Аллоҳнинг истаги ҳам бор. Жавоб бўлишига эса катта эътибор қаратаётганим йўқ. Муҳими, ушбу хабар одамига етиб бориши. У одам ўзига қандайдир хулосалар қилишини эса оммага билдириши шарт эмас. Қандайдир жавоб бўлишига умид ҳам қилмаяпмиз.

Би-би-си: Айримлар сиз шу йўсинда ўз ташкилотингизни номини чиқаришни мақсад қилганингизни айтишади. Бунга нима дейсиз?

Мурат Телибеков: Бу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, АҚШ президенти Барак Обаманинг ёки БМТнинг ҳар қандай ташаббуси ўзига хос пиардир. Агар бундай айбловлардан ҳоли яшайман, десангиз ўз фикрингизни ҳам айтмасдан тарки дунё қилишингизга тўғри келади.

Би-би-си: Сиз бошқараётган ташкилот диний ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотдир. Қайсидир давлат раҳбарининг ҳукуматни топширишини талаб қилиш эса сиёсий бир иш. Ташкилотингиз ўз вазифалари қолиб, сиёсат билан шуғулланмаяптими?

Мурат Телибеков: Бу бир файласуфона саволга ўхшайди. Диннинг маъноси сўралганда, кимлардир бир ҳужрага қамалиб олиб, куну тун ибодат қилиб, қабрга тайёрланиш, деб жавоб беришади. Бошқа гуруҳ одамлар эса, дин Аллоҳ томонидан инсониятни комилликка етишиши учун жамиятга юборилган, деб биладилар. Пайғамбарлар айнан шу иш билан шуғулланишган. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, бизнинг бугунги кунда қилаётган ишларимизда қарама-қаршилик йўқ.

http://www.bbc.co.uk/uzbek