Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Қироллари қонунга бўйсунмайдиган қитъа”

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Қироллари қонунга бўйсунмайдиган қитъа”
33 views
06 February 2015 - 16:49

11Гулнора Каримовадан интервью олсам, майлими – такрорий талабнома

“Гулнора Каримованинг отаси Ислом Каримовни 4-бор президентликка номзоди кўрсатилишига муносабати қандай эканлиги билан танишинг! Бу масалада президентнинг катта қизи мана шундай дея муносабат билдиради?”

Дея катта-катта ҳарфлар билан ёзишим, шу кеча-кундузда Гулнора интервьюси матнини эълон қилишим мумкин эди!

Афсус!

Бундай қила олмайман!

Алам!

Ҳа, адоғсиз аламдаман!

Нега?

Негаки, президент қизидан интервью олиш ҳақидаги сўровимга қонунчилар қилт ҳам этишмади-я!

Бу қонунларини мен чиқарибманми? Қонун ҳужжатининг остига жимжимадор имзони мен қўйиб қўйибманми?

Нега қонун-у қарорларни жорий қилганларнинг ўзлари ўз чиқарган тартиб-қоидаларига итоат қилишмайди-а?

“Мўлланинг айтганини қил, қилганини қилма” деганларими бу?

Гулнора Каримованинг Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини ноқонунийтарзда 4-маротаба илгари сураётган отаси – Президент Ислом Каримовнинг жинояткорона ҳаракатига нисбатан муносабати қандай: У отаси ҳаракатини ноқонуний, Конституцияга зид, жиноят деб ҳисоблайдими, ёхуд давр талаби сифатида баҳолайдими?

Мана шу каби саволларга нафақат мен, адашмасам, кенг жамоатчилик, барча  аниқлик киритишни, конкрет жавоб олишни истайди….

Қонунчилар хатимга жавоб қилишармикин, ё танамни “чочиб” ташлашармикин?

Ўзбекистон – ҚИРОЛлари қонунга бўйсунмайдиган “ҚИТЪА”!

Шундай дегудек бўлсам, мен билан ётиб ёқалашувчилар бор.

Агарда шундай бўлмаганида эди…

Шундай бўлмаганида эди, КАРИМОВНИНГ ҚИЗИДАН ИНТЕРЬЮ ОЛАСАМ МАЙЛИМИ ДЕБ СЎРАГАНДИМА, СЎКИБ БЕРИШМАГАН БЎЛАРДИ…

Мабобо шундай бўлмаганида эди, мени оилам, болаларим билан бирга қўшиб  қириб юборамиз дея таҳдид қилишмаган бўларди….

Гулнора Каримовадан интервью олиш истагимни билдириб, ҳукуматнинг қонун идораларига талабнома ёзиб, хат жўнатиб балога қолдим, телефонда болахонадор қилиб сўкиб беришди, таҳдид қилишди….

Бўлдими?

Шу билан тамомми?

Энди мен тилимни тийиб, елкамни қисиб ўтиришим керакми?

Йўқ, мен тушунмайман!

Айни дамларда нафақат дазмолнинг симини токка суқсанг, балки “соковыжиматель”дан фойдаланмоқчи бўлсанг ҳам, ҳатто чангютгични электрга уласанг ҳам, хуллас, электротехника буюмларидан  “люббой”ини сайратсанг “Сўз эркинлиги, демократик тамойиллар устивор бўлган, қонун кенг қулоч ёйган Ўзбекистонимизда…” дея нағма қилиб қолади…

Мамлакатимиздаги телевезорман, радиоман деганини-ку, қўяверинг, асло сўраманг: унда чиқадиган журналистидан то сухондонигача “Қонун кучи уфириб турган қуёшли юртимизда…” дея жоғ уриб, толади.

Сиёсатшуносидан тортиб шоиру ижодкори, зиёлисидан тортиб журналистигача, барча-барчаси “Тинч, фаровон, эркин элда яшаяпмиз” дея эси кетади…

“Демократия ҳукмронлик қилган, сўз эркинлиги ўрнатилган, қонун устивор бўлган обод ва фаровон мамлакатимизда…” деган иборалар қулоғимизга шу қадар кўп қуйилганки, бу сўзлар азбаройи кўп тилга олинганидан, бир кунда миллион марта айтилганидан, ҳатто халқимизнинг ўзи ҳам бу дунёнинг жаннатида яшаётганликларига бовар қилиб қолишган, бирови чурқ этай демайди…

Дарҳақиқат, аҳоли ТВдаги кўзини пирпиратмай, ёлғонни ямламай ютадиган қасамхўр ҳамкасбларимизнинг суханларидагина “ҳур диёр”да “ҳузур” қилмоқдалар….

Акс ҳолда Гулнора Каримовадан интерью олиш ҳақидаги хатимга жавобан “ҚОНУН АЙНИ КУЧГА ТЎЛГАН диёримизда…” ҳукуматнинг юқори мартабали шахсларидан мактуб ўрнига номаълум қўнғироқ соҳиби томонидан сўкиш-ла сийланармидим?

Президент Ислом Каримовнинг катта қизлари – бир эмас, тўртта ҳорижий давлатда унинг номи билан боғлиқ жиноий ишлар очилган, мамлакатнинг миллиардлаб маблағларини ўмарганлиги айтилаётган, айни дамда уй қамоғида эканлиги иддао қилинаётган Гулнора Каримовадан интервью олсам, собиқ дипломатнинг суҳбатида бўлсам бундан кимга қандай заён, ҳайронман….

Тўғри тушунинг, кўнглимда модилер дизайнер, санъаткор, бичувчи, тикувчи, қўшиқчи, бастакор, тарихчи, сиёсатчи, … халқ мулкини ўмарувчи… барча юмушни бир пайтнинг ўзида қойилмақом қилиб уддаловчи биринчи рақамли аёл – замондошимиз Гулнорахоним Каримова билан учрашиш, суҳбатларида бўлиш, барча миш-мишларни бартараф этиш, масалага ойдинлик киритиш ишқидан ўзга ҳеч қандай шумлик йўқ эди.

Худди ана шу мақсадда 2014 йилнинг  3 ноябр куни Ўзбекистон Реубликаси Бош прокурори Рашиджон Қодировга, МХХ раиси Рустам Иноятовга “Мустақил журналист сифатида Ўзбекитсонда, уй қамоғида сақланаётгани айтилаётган Гулнора Каримова билан учрашиш ва унинг айни дамдаги аҳволи хусусида оммага очиқлаш истагидаман” дея талабнома битгандим.

Буюртма хатимни тегишли идораларга жўнатганимни биламан, 4 ноябр куни кечга яқин номаълум рақамдан қўнғироқ қилган нотаниш эркак киши қизларимни, мени хуморидан чиққунича болахонадор қилиб сўкканди, “ўйиб-сўйиб” ташлаш ҳақида таҳдид қилиб, кўппакдек қутириб қолувди….

Гўшакни қўйсангиз, қайта-қайта қўнғироқ қилиб, телбанома таҳдид қилувди.

“Чочиб ташлайман!” деб эди….

“Чочиб ташланган” танамни Тошканду Самарқанднинг тош кўчаларидан териб қолишмасин деган ҳадикда ўша ондаёқ “О2” га – ИИБнинг навбатчилик қисмига сим қоқиб, таҳдид хусусида хабар ҳам бергандим.

Менинг арзим билан шуғулланиш масаласи Алгоритмнинг 30-даҳаси участка нозири Эркин ака(тел рақами: +99890 1864815)нинг чекига тушганди.

Юсел мобил алоқа компаниясига бориб, оиламга ва менга  таҳдид қилган шахснинг телефон рақамига ҳам аниқлик киритдим. Телбаларча таҳдид қилувчи  зўравоннинг телефон рақами эди бу: +99893 578 14 56.

Ҳатто таҳдидли қўнғироқ хусусида 5 ноябрнинг ўзидаёқ Ички ишлар Вазири ва Тошкент шаҳар Ички ишлар Бошқармаси бошлиғи номига ариза битиб, буюртма хати қилиб жўнатдим ҳам.

Шундан буён ҳам орадан қарйиб уч ойлик муддат ортда қолмоқда.

Бироқ, “қонун устувор” Ўзбекистонимизда мени ва оиламни сўкиб, “ўйиб-сўйиб, чочиб” ташлашга қасд қилган “киллер” ҳам топилмади. Гарчи таҳдид эгасининг мобил телефон рақами (+99893 578 14 56) аниқ бўлса-да, ҳукумат милицияси қутқу солувчи фуқаронинг шахсини ҳам, яшаш манзилини ҳам аниқлай олмади гуё… Аниқроғи истамади.

Эркин отлиғ участка нозирига қўнғироқ қилиб, (+99890 1864815) “Аризамнинг натижаси нима бўлди?” деб сўрасангиз, “Сизнинг ишингиз билан “Терроризим”нинг болалари шуғулланишмоқда, “Дело”нгиз ўшаларга “оширилган” дейишдан нарига ўта олмайди.

“Терроризим”нинг “йигитлари” эса “террор”чи кимлигига 3 ойдирки аниқлик кирита олмай овора, мени ва оиламни “чочиб” юборадиган киши шахсини аниқлолмай ҳалак…

Хуллас, бу ёғи “Ит итга буюрар, ит қуйруғига” қабилида давом этмоқда…

Мана шунингдек фактдан кейин ҳам номаълум қўнғироқ қилишларида куч ишлатар тизимларининг ўзларини қўли бор-ов деган шубҳага бормай бўларканми киши…

Улар кимнинг ноқонуний қилмишларини ошкор қилишлари керак? Ўзлариними? Ҳечам-да!

Хўп, майли, мени сўкишлари, оиламга таҳдид қилишлари Ўзбекистонда содир бўлаётган оддий бир ҳолат, арзимас бир гап-да ҳам дейлик.

Кульманацион нуқтаси шундаки:

Президент Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримовадан интервью олиш истагида қонун идораларига ёзган ва буюртма хат қилиб жўнатган талабномамга 3 ойдирки на “ҳа”, ва на “йўқ” деган жавоб бўлмади.

Билишимча, Ўзбекистондаги қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай аризага жавоб бериш муддати бир ой эди, адашмасам.

Бу қонунларини мен чиқарибманми?

Нега қонун-у қарорларни жорий қилганларнинг ўзлари ўз чиқарган тартиб-қоидаларига итоат қилишмайди-а?

Нега шундай?

“Мулланинг айтганини қил, илганини қилма” деганлари-да бу?

Лекин, биласиз, “Йиқилган курашга тўймас”….

Мен ҳам куч ишлатар тизимлари корчалонларининг “сирли” сўкишларидан тўйиб, “осон қутилдим” дея суюниб кетадиганлар хилидан эмасман.

“Гулнора Каримовадан интервью олишни истайман” деган талабимни такрорлашдан толмайман, фикримдан тоймайман ҳам:

“Гулнора Каримованинг Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини ноқонуний тарзда 4-маротаба илгари сураётган отаси – Президент Ислом Каримовнинг жинояткорона ҳаракатига нисбатан муносабати қандай:
У отаси ҳаракатини ноқонуний, Конституцияга зид, жиноят деб ҳисоблайдими, ёхуд давр талаби сифатида баҳолайдими?”

Мен шу ва шу каби саволларга ва умуман, Гулнора Каримова тақдирига аниқлик киритишни истайман.

Айтинг, у шу ердами, ё узун қулоқ гапларда айтилганидек, аллақачонлар Аргентенадами?

Айримлар эса ҳатто Гулнора Каримовани отаси руҳий касаллар шифохонасида сақламоқда деган бемаъни даъво билан ҳам чиқмоқда. Бу каби турли тушунмовчиликларга барҳам бериш мавриди аллақачонлар етиб келган.

Шу боис, юқори идораларга интервью олиш ҳақидаги талабимни “повторно” юборишга мажбур бўлдим.

2015 йилнинг 29 декабр куни Бош прокурор Рашиджон Қодиров ва МХХ раиси Рустам Иноятовга “Гунорадан интервью олишга изин беринг, уни бир мартагина кўрсатинг” дея такрор ялиниб мактуб битдим.

Ҳукумат арбоблари ва мен каби фуқаролари ўртасида ришта вазифасини ўтовчи почта алоқа хизмати куни кеча хушхабар келтирди.

“Буюртма хати”м  жавобига оид почта “БИЛДИРГИСИ”га кўра, талабномаларим 2 февраль куни ҳар иккала ҳукумат идораси раҳбарларининг қўлларига бориб етган.

Начора, чил-чил синган ойна бўлакларидек чочиб юбормасларидан бурун талабномамизга қонун идораларидан,  ҳукумат амалдорларидан жавоб хати олишга умид қилиб қоламиз-да энди…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори
Р. ҚОДИРОВга
Ўзбекистон Республикаси Миллий
Хавфсизлик хизмати раиси
Р. ИНОЯТОВга
Мустақил журналист:  Эшонқулова Малоҳат Худжамовна
Тошкент шаҳри, Уч тепа тумани, Чилонзор,
23-квартал, 16-уй, 39-хонадонда яшовчи
Тел: +99893 570 1747

Т  А  Л   А  Б  Н  О  М  А

(Такрорий)

“Менга Гулнора Каримовадан интервью олишга рухсат беришингизни сўрайман”  деган мазмундаги ушбу талабномамни сизларга 2014 йилнинг 3 ноябр куни буюртма хати қилиб жўнатгандим. Афсуски, сизлардан шу уч ой мобайнида на “Ҳа”, на “Йўқ” деган бирор бир жавоб ололмадим. 4-маротаба Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини ноқонуний тарзда илгари сураётган отаси – Президент Ислом Каримовнинг ушбу ҳаракатига қизи – собиқ дипломат Гулнора Каримованинг муносабати қандай:

У отаси ҳаракатини ноқонуний, Конституцияга зид, жиноят деб ҳисоблайдими, ёхуд давр талаби сифатида қарайдими?

Ўйлайманки, юқоридаги каби саволларга кенг жамоатчилик Гулнора Каримовадан аниқ  жавоб олишни истайди.

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси бош прокурор Рашиджон Қодиров ва Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси Рустам Иноятов!

Маълумингизким, мамлакат президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг катта қизлари Гулнора Исломовна атрофида бир йилдирки турли гап-сўзлар болалаб қолди. Қолаверса, Г. Каримовага нисбатан пул ювиш айбловлари билан бир нечта ҳорижий мамлакатларда жиноят ишлари очилган. Устига устак, шу йилнинг 8 сенябр куни Ўзбекистон  Республикаси Бош прокуратурасининг Н. Содиқов, Р. Мадумаров, Г. Авакьян ва бошқаларга нисбатан жиноят иши юзасидан тарқатган Пресс Релизида жумладан шундай дейилади:  (http://genprok.gov.uz/index.php) “Бугунги кунда уюшган гуруҳ аъзоларининг асосий қисмига нисбатан  жиноят ишлари кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилиб,  улар бўйича суд қарорлари чиқарилиш таъминланган…”.

Янаям қизиқроғи, мазкур Пресс Релиздаги “…Уюшган гуруҳнинг ҚИДИРУВДА БЎЛГАН ҳозирда етарли матреал тўпланмаган айрим аъзоларига нисбатан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига ажратилган. Хусусан, Г. Каримова ва жиноий гуруҳ аъзолари А. Гафуров, Б. Сулейманов, Ш. Камильджанов, Р. Мустафаевлар ҳақида сўз юритилмоқда” дейилган каби мавҳум иборалар нафақат мамлакат ичидаги ҳуқуқ ҳимоячилари, балки бутун дунё аҳлида, халқаро ташкилотлару ҳорижий сиёсатдонлар наздида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.

Адашмасам, 2013 йилнинг сентябр охири, октябр ойи бошларида Гулнора Каримова бошида қора булутлар айлана бошлаган ва президент катта қизининг мамлакат ичидаги бизнес империяси қулатилган эди. Маълумингизким, Гулнора Исломовна нафақат президент қизи, балки собиқ дипломат, собиқ элчи, тадбиркор, дизайнер-модельер, қўшиқчи, энг муҳими, профессор ҳамдир.
Шу билан бир қаторда, Гулнора Исломовнанинг Ўзбекистон халқига тегишли бўлган миллиардлаб маблағларни ҳорижга олиб чиқиб кетганлиги ҳам иддао қилинмоқда.

Бугун омма орасида “афсонавий аёл” образига айланган Гулнора Исламовнага оид нохуш хабарлар урчимоқда. Эмишки, “Гулнора ўз отаси президент Ислом Каримовнинг асирасига айланиб, балоғатга етмаган қизи билан уй қамоғида хору-зор, оч-наҳор ўтирганмиш. Саломатлигига жиддий путур етганмиш. Ҳуқуқларитопталаётганмиш. Халқаро ташкилотлар кўмагига, ҳорижий суд-ҳуқуқ тизимининг ҳимоясига муҳтожмиш.”

Юқоридаги каби иддаолар ўзини Гулнора Каримова хонимнинг воизи дея таништирган  Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” (‘Davidson, Ryan, Dore’) пиар ширкатининг асосчиларидан бири Локсли Раян жаноблари тарқатган маълумотлар асосида олинди.

Бироқ, Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” пиар ширкати тарқатган маълумотларга зид ўлароқ, ЎХҲ сайтида Усмон Ҳақназаров номли тахаллус остидаги сиёсатшунос Г. Исломовна тақдирига оид кенг жамоатчилик эътиборини тортувчи ақл бовар қилмайдиган фаразларини, балки, “фактлар”ни илгари сурмоқдаки, айни дамда, У. Ҳақназаров илгари сураётган фикрлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди ва шу боис ҳам у ўзининг тахминларига нисбатан аксарият одамларда ишонч туйғусини уйғотишга эришмоқда.

Мазкур сиёсатшуноснинг иддаоларига қулоқ осадиган бўлсак:

“Аргентина” лойиҳаси давом этмоқда, Ёхуд Гулнора Каримованинг “қочиши” ҳақида” сарловҳали мақоласида “… 2014 йилнинг 5-7 сентябрь кунлари Аргентина Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эдуардо Антонио Зуаиннинг Тошкент сафари бўлиб ўтди. Уч кунлик ташриф давомида аргентиналик дипломат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов ва президент Ислом Каримов билан учрашди…. Каримова ва Зуаин ўртасида ўтказилган суҳбат мазмуни бизга номаълум. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу учрашувдан тўрт кун ўтгач, яъни 2014 йил 10 сентябрь куни, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетди ва ҳаигача республикага қайтиб келмади. Шу жиҳат “Каримов ва Зуаин махфий “Аргентина” лойиҳасининг бажарилишини муҳокама қилган бўлишлари мумкин”, дейишга асос бўлади.

“Гулнора Каримова ҳозир Аргентинада бўлиб, у ерда каримовлар оиласининг ушлбу мамлакатда доимий яшаши учун зарур бўлган хужжатларни тўлдириш ишларини бошлаб юборган”, деган гумонлар ҳам бор. Таҳминларимизга кўра, яқин орада Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари Гулнора Каримовани расман қидирувга беришади. Ҳозирча эса ўзбек ҳукумати бу ҳақида мавҳум ибораллар билан хабар беришни маъқул кўрмоқда…” (ЎХҲ сайти, 19.10.2014) деган фикрни олға суради.

Ваҳоланки, президентнинг катта қизи Гулнора Исломовна хусусида нохуш хабарлар тарқала бошлаганига бир йилдан ошган бўлса-да, то шу кунга қадар  на мамлакат ташқарисидаги, уларни-ку, қўя туринг, ҳатто мамлакат ичкарисидаги бирор бир журналист, бирорта ҳуқуқ ҳимоячиси, адвокат, мухолифат намоёндалари, сиёсатчилар, қисқаси, бирорта бир зоғ шу ўтган бир йил давомида Гулнора Каримовани бир бор кўган ва ё гаплашган эмас.

Шу маънода, куни кечагина машҳурлик шоҳсупасидан кўтарилаётган президент қизининг айни дамдаги аҳволи ҳамон кенг жамоатчиликка сир бўлиб, мавҳумлигича қолмоқда.
Шу ўринда Халқаро ташклиотлар ва кенг жавоатчиликда, омма онгида адоғи йўқ хақли  саволлар туғилади:

1)Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” отлиғ пиар ширкати иддао қилгани каби, президент қизи Г. Каримова айни кунларда ўз отасининг асираси сифатида вояга етмаган фарзанди Иймон билан  уй қамоғида, хору зорликда, очу-наҳорликда умргузорлик қилмоқдами, йўқми?

2) 4-маротаба Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини ноқонуний тарзда илгари сураётган отаси – Президент Ислом Каримовнинг ушбу ҳаракатига қизи – собиқ дипломат Гулнора Каримованинг муносабати қандай: У отаси ҳаракатини ноқонуний, Конституцияга зид, жиноят деб ҳисоблайдими, ёхуд давр талаби сифатида қарайдими?

Мен юқоридаги каби саволларга Гулнорахоним Каримовадан жавоб олиб, элга очиқлашни  истайман. Ушбу талабномани ёзишдан муддаом, президент сайлови арафасида Ислом Абдуғаниевич Каримов, унинг оиласи ва катта қизи Гулнора Исломовна билан боғлиқ барча “деди-деди”, “миш-миш” ва турли ғийбатларга тамомила барҳам бериш ва чек қўйиш мақсадида мен мустақил ЖУРНАЛИСТ СИФАТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА, УЙ ҚАМОҒИДА САҚЛАНАЁТГАН ГУЛНОРА КАРИМОВА БИЛАН УЧРАШИШ ВА УНИНГ АЙНИ ДАМДАГИ АҲВОЛИ ХУСУСИДА ОММАГА ОЧИҚЛАШ ИСТАГИДАМАН.

Шу сабабли, менга президент қизи Гулнора Каримова билан учрашишга ва ундан интервью олишга рухсат беришларингизни, ўз касбий фаолиятимни амалга оширишимда монелик қилмасдан, аксинча, Журналистлик фаолияти тўғрисидаги мамлакат қонунлари талабларига мувофиқ мустақиллик ва эркинлигимни таъминлаб беришларингизни талаб қиламан.

Ҳурмат ва умид билан
Эшонқулова Малоҳат.
29.01.2015 й.

30(1)294332