Нега Каримовнинг ЎЛДП қурултойида чиқиши ҳақда ҳукумат нашрлари лом-лим демаяпти?

Нега Каримовнинг ЎЛДП қурултойида чиқиши ҳақда ҳукумат нашрлари лом-лим демаяпти?
47 views
07 February 2015 - 17:19

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг ҳукумат агентликлари ҳам президент Каримовнинг “сайловолди нутқи”ни эълон қилмаган.

Унинг ҳар бир чиқишини эфирга берадиган Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастурида ҳам жума куни қурултой ҳақда ҳеч гап айтмаган.

6 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон –Либерал демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтгани ва унда президентнинг ўзи иштирок этиб, нутқ сўзлагани ҳақда Uzdaily.uz нашри хабар берган эди.

Аммо босилганидан бир неча соат ўтиб бу ҳақдаги мақола нашр саҳифасидан олиб ташланди.

Нега?

Аввал 77 ёшли президент Каримовнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хориждаги кўплаб нашрлар ўзбек мухолифатига таянган ҳолда хабар қилган эди.

Шу боис кўпчилик юртбошининг телевидениеда кўриниш беришини кутаётган эди. Лекин Каримов телевидениеда кўринмади. Нега?

– Кеча “Ахборот” дастурини кўрдим, қандайдир семинарлар бўлиб ўтгани ҳақидаги майда-чуйда лавҳалар берилди, лекин президент Каримов сайловолди дастури билан чиқиш қилгани ҳақида ҳеч нарса кўрсатилмади. Каримовни ҳар бир айтган гапини оқизмай-томизмай берадиган “Ахборот” нега юртбошини чиқишини назардан қочирди, ҳайронман, – дейди “Озодлик”ка гапирган тошкентлик Ҳамид.

Ислом Каримов 28 январь куни кечқурун Дўрмондаги Кўксарой қароргоҳида кечки овқат пайти гўёки ҳушидан кетгани ва бир кун ҳушсиз ётгани ҳақидаги хабарларни Марказий Осиё ва Россиядаги ўнлаб наршлар ва ахборот агентликлари Ўзбекистон мухолифатига таянган ҳолда эълон қилган эди.

ЎХҲ ахборот бўлими