Усмон Ҳақназаров: Каримовнинг соғлиги беқарорлигича қолмоқда

Усмон Ҳақназаров: Каримовнинг соғлиги беқарорлигича қолмоқда
102 views
09 February 2015 - 16:53

Жорий йилнинг 28 январь кечасидан 29 январь кечасига қадар ҳушсиз ҳолатда бўлган президент Ислом Каримовнинг соғлиги ҳозиргача (2015 йилнинг 6 февраль ҳолатига кўра) беқароргича қолмоқда. Шу сабабли ҳам давлат раҳбари баъзида ишга чиқаяпти баъзида эса йўқ.

Бундан ташқари, президент қароргоҳи бўлган Кўксаройда жойлашган тиббиёт пункти врачлари кундуз вақти президент ишга чиққанида унга ҳамроҳлик қилишга ҳамда Оқсарой қароргоҳида навбатчилик қилишга мажбур бўлишмоқда. Шундай қилиб…

28 январдаги “бахтсизлик” тафсилотлари
Ўша куни кечқурун тахминан соат 20.30 ларда, Ислом Каримов Кўксарой қароргоҳига ишдан қайтади. Кечки овқат пайтида у дастлаб нафаси бўғилаётганини айтади. Қароргоҳдаги хизматчи ходим бунинг сабабини банкет залидаги ҳароратдан деб ўйлаб зал ҳароратини пасайтиради. Лекин бу билан Каримовнинг аҳволи яхшиланмайди. Ислом Каримов навбатдаги маротаба графиндаги совуқ сувга қўлини узатганида бирданига ҳушини йўқотади ва стол устига юзтубан йиқилади.

Кўксарой қароргоҳи врачлари Ислом Каримовга зудлик билан тезкор тиббий ёрдам кўрсатишади ва уни қароргоҳнинг жонлантириш хонасига олиб киришади. Шундан сўнг Дўрмон қароргоҳига бошқа мутахассислар, асосан кардиологлар чақиртирилади. Бироқ, кардиологлар ҳам Каримовни ҳушига келтира олишмайди.

29 январь, эртаси куни эрталаб Кўксарой қароргоҳига зудлик билан МХХ раиси Р. Иноятов, бош вазир Ш. Мирзиёев ва ПХХ бошлиғи М. Тоҳирийлар етиб келишади. Уларни ўзбек президентининг рафиқаси Татьяна Каримова қарши олади.

Врачларнинг ҳаракатлари 29 январь, куннинг иккинчи ярмига келиб ўз самарасини беради:

Соат тахминан 17.00 ларда Ислом Каримов ҳушига келтирилади. Аммо шунга қарамасдан ўзбек президенти ҳатто 30 январь эрталаб ҳам жонлантириш хонасида қолади. Соат 11.00 ларга яқин врачлардавлат раҳбарини ётоқхонасига олиб ўтишади.

Каримовнинг саломатлиги ўша куни орадан бир неча соат ўтиб тахминан 14.30-15.00 ларда сезиларли даражада яхшиланади. Тушликдан сўнг у президент Девони бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровга ўша куни кечқурун Тошкент вилоятининг тоғли Бўстонлиқ туманида жойлашган президент қароргоҳида давлат раҳбарининг туғилган куни муносабати билан режалаштирилган зиёфатни бекор қилмасликни тайинлайди. Каримов Ҳайдаровга мазкур зиёфатга нафақат ҳукумат аъзолари, балки вилоят ҳокимларини ҳам таклиф қилишини айтади. Шундай қилиб…

Ислом Каримовнинг юбилейи муносабати билан уюштирилган зиёфат
Қайд этиш лозимки, Ислом Каримов рафиқаси Татьяна Каримова, қизлари Гулнора ва Лолаларнинг ушбу зиёфатда қатнашишларини таъқиқлайди. У ҳатто отасини туғилган куни билан табриклаш мақсадида атайлаб Латвиядан Тошкентга етиб келган тўнғич қизининг илтижоларига ҳам қулоқ солмайди.

Зиёфат вақтида президент ўзини олдингидек соғлом ва кескин кўрсатишга уринади: кўпроқ ҳазиллашишга ва врачлар унга алкоголь истеъмол қилишни таъқиқлашган бўлишига қарамасдан ошкора тарзда спиртли ичимликлар ичишга ҳаракат қилади. Аммо дастурхон атрофидаги меҳмонлар Каримовнинг оғир нафас олаётганини, тушунарсиз ва секин гапираётганини дарҳол пайқашади.

Ислом Каримов Бўстонлиқдан Дўрмонга эртаси куни, 31 январда қайтиб келади. Ичкиликдан кейинги бош оғриғи уни ҳали ҳам тарк этмаганди.

Ўша куннинг ўзида тушдан кейин Каримовнинг соғлиғи яна ёмонлашади: у яна нафаси бўғилаётганидан шикоят қила бошлайди. Кейинги куни, 1 февралда у тамомила ётиб қолади. Ўшандан кейингина Каримов ва унинг атрофидагилар ўлим эҳтимоли ҳақида жиддий ўйлай бошлашади.

2 февраль куни Ислом Каримов ПХХ бошлиғи М. Тоҳирийга қизи Гулнора Каримовани Кўксарой қароргоҳига олиб келишини тайинлайди. Ота ва қиз учрашуви икки ярим соатча давом этади. Бу учрашув ҳақида хабар топган давлат бошлиғининг рафиқаси Татьяна Каримова ҳам президент билан учрашиш ҳақида сўрайди. Бироқ Ислом Каримов унинг илтимосини рад этади.

4 февраль оқшом вақтига келибгина президентнинг соғлиғи бироз яхшиланади ва оёққа туради. 5 февраль, пайшанба куни президент Оқсаройга ишга чиқади. Бироқ тушдан кейин унинг аҳволи яна ёмонлашади ва шу туфайли у Оқсарой қароргоҳидан Дўрмонга қайтишга мажбур бўлади. Бу вақт мобайнида республикадаги сиёсий ҳокимият қисқа муддатга бўлса ҳам МХХ раиси Рустам Иноятовнинг қўлига ўтади. У биринчи навбатда президент соғлиғининг ёмонлашгани ҳақидаги ҳақиқатни яширишга ва бу ҳақда миш-мишлар тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилади. Шундай қилиб…

Шошилинч тарздаги ахборот “режиссёрлиги”
2015 йилнинг 30 январь куни МХХ раиси Р. Иноятовнинг топшириғига кўра Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига (МТРК) телевидениянинг кечки дастурларига ўзгартиш киритиш ва президент Каримовнинг бундай ярим ой илгари Ўзбекистоннинг 2014 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг якунларига бағишланган ҳукумат мажлисидаги нутқини кўрсатиш буюрилади. Ўзбек махсус хизматларининг ушбу шошилинч ҳаракатлари 28-29 январь кунлари юз берган “бахтсизлик” тафсилотларини яширишга қаратилганди.

5 февраль куни президент ўзини ёмон ҳис қилгани туфайли иш кунини бекор қилишга ва вақтидан илгари Кўксарой қароргоҳига қайтиб келишга мажбур бўлганидан сўнг, МХХ раҳбарияти ахборот майдонидаги барқарорликни сақлаш мақсадида янада “шаҳдамроқ” қадамлар ташлашга қарор қилади.

5 феврал куни кечқурун Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) раҳбариятига атайлаб Ислом Каримовнинг ушбу партиядан президентликка кўрсатилган номзод сифатида нутқ сўзлаши учун зудлик билан 6 февраль куни эрталаб партия йиғилишини ташкил қилиш топширилади. Давлат оммавий ахборот воситаларига “ЎзЛиДеП номзодининг сайловолди дастурини кенг ёритиш вазифаси топширилади”.

Бироқ, президентликка номзод Ислом Каримовнинг хасталик туфайли партия йиғилишига кела олмагани туфайли ўзбек махсус хизматларининг режаси амалга ошмай қолади.

Бу вақтга келиб ўзбек махсус хизматлари ва Хавфсизлик Кенгаши назорати остида фаолият юритувчи баъзи интернет ресурслари “Ўзбекистонга душман бўлган сайтларнинг уйдурмалари”га раддия тарзидаги “қувончли хабар”ни ўз саҳифаларида эълон қилиб юборишади. Шундай қилиб амалга ошмай қолган нутқнинг тўлиқ матнини эълон қилиш ва давлат раҳбарининг партия форумидаги нутқини тўлиқ шаклда телеэфирга беришни режалаштирган ЎзА давлат ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг омади юришмайди.

Бу вақтга келиб президент Каримов саломатлигининг кескин ёмонлашгани ҳақида ўз “ахборот каналлари” орқали қўшни давлатлар, хусусан, Россия ва Қозоғистон давлатлари раҳбариятидагилар хабар топишади. Бундай вазиятда норасмий бўлса ҳам биринчи бўлиб расмий Остона ўз муносабатини билдиради. Шундай қилиб…

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ мурожаати
Ушбу мактубда қозоқ диндорлари нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда барқарорликни сақлаб қолиш йўлида Ислом Каримовдан нафақага чиқиш ва Ўзбекистондаги давлат бошқарувини ёшроқ бўлган ворисга топширишни сўрашган. Бу мактуб шубҳасиз президент Нурсултон Назарбоевнинг топшириғига кўра ёзилгандир. Қозоқ элбошиси ўзбек юртбошисига бевосита ўзи ҳам мурожаат қилиши мумкин эди, лекин бизнинг фикримизча этик ва дипломатик одоб юзасидан бундай қилишдан чекинди.

Агар Қозоғистон мусулмонлар Иттифоқи ҳақиқатан ҳам бу қадар мустақил ва довюрак бўлганида биринчи навбатда ёши ўтиб қолганига қарамасдан ҳокимиятни “ёшроқ ворис”га топширишни истамаётган президент Нурсултон Назарбоевнинг ўзига шундай мурожаат қилган бўларди.

Бир томондан, Қозоғистон мусулмонлар Иттифоқининг президент Ислом Каримовга мурожаат қилиши қўшни республика махсус хизматларининг Ўзбекистонда фаол ва самарали ишлаётганини, махфийлик даражасига қарамасдан ўзлари учун зарур ахборотни қўлга киритишаётганини кўрсатади. Бошқа томондан, ушбу мактуб орқали Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслигини – Ислом Каримовдан ҳокимиятнинг “оғриқларсиз” бир ҳолатда ёшроқ бўлган ҳар қандай одамга топширилиши тарафдори эканликларини намоён қилди. Шундай қилиб…

Хотамжон Кетмоновни менсимаслик тўғри эмас!
Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) мамлакат президентлигига ўз етакчилари Хотамжон Кетомонов номзодини илгари сурганлари заҳоти республика ичкариси ва ташқарисида яшовчи ўзбеклар ЎХДП номзодининг фамилияси устидан кулишни бошлашди. Шу кунларда улар учун “кетмон” (кетмень) сўзи энг оммабоп масхара ва этник характерга эга бўлмаган турли хил киноялар нишонига айланди. Ушбу сўз қочиримлари авжига чиққан бир паллада кутилмаганда Ўзбекистон МХХ ва Хавфсизлик Кенгашининг норасмий жарчиси бўлган “Дунё ўзбеклари” сайтининг доимий фойдаланувчиси ва фаоли бўлган Mister Qalampir тахаллуси остидаги таниқли ўзбек блоггери Хотамжон Кетмоновнинг ҳимоясига отланди.

Ўзбек махсус хизматларининг жосуси ўзининг навбатдаги мақоласида ўзбекистонликлардан Хотамжон Кетмоновнинг фамилияси устидан кулишни бас қилишни талаб қилди. “Кетмоновдан ва ўзбек халқидан кечирим сўранг”, – дея таъкидлади Ўзбекистон МХХ журналисти. Унинг фикрича, кетмон тушунчаси ва ўзбек халқи ўзаро узвий боғлиқдир. Уни мазах қилиш билан сиз бутунг ўзбек халқининг устидан кулмоқдасиз”, – деб ёзади Mister Qalampir ЎХДП номзодини ўзбек халқи билан тенглаштириб.

Таъкидлашимиз лозимки, ўзбек махсус хизматлари жосуси бекорга Х. Кетомонов ҳимоясига отлангани йўқ.

Гап шундаки, Хотамжон Кетмонов Ўзбекистон МХХнинг нафақадаги подполковнигидир. Лекин ЎХДП номзодининг асосий фаолият тури унинг расмий таржимаи ҳолида кўрсатилмаган.

Расмий маълумотларга кўра, “46 ёшли Хотамжон Кетмонов – этник ўзбек, Андижон вилоятида туғилган”, “Андижон Давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги бўйича йўналишини тамомлаган”, “1995-2004 йиллар оралиғида Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасида бош мутахассис, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган”, “2004-2013 йилларда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари лавозимини эгаллаган”.

Лекин расмий маълумотларда Андижон Давлат педагогика институтини тамомлаганидан сўнг, 1993-1995 йиллар давомида Х. Кетмоновнинг Ўзбекистон Республикаси МХХ Институтида ўқигани кўрсатилмаган. Бундан ташқари, 1995-2004 йиллар оралиғида ЎХДП етакчисининг МХХ Наманган ва Фарғона вилоятлари бошқармаларида ишлашган улгургани ҳақида биронта сатр йўқ.

ЎХДП ва ўзбек расмий ОАВ, амалдаги МХХ кўрсатмалари асосида, Х. Кетмоновнинг миллий мансублиги борасида ҳам ёлғон хабар тарқатмоқда. Аслида ушбу ЎХДП нинг президентликка номзоди ўзбек эмас, тожикдир.

Х. Кетмоновнинг чекистлик ўтмиши ушбу номзодга нисбатан эҳтиёткорона ёндашиш кераклигининг ягона омили эмас. Х. Кетмонов шахсига эҳтиётсизлик билан ёндашмаслак лозимлигига яна бир сабаб – ЎХДП нинг президентликка номзоди МХХ раиси Рустам Иноятовнинг келажакдаги лойиҳаларида муҳим фигура саналади.

Ўзбек махсус хихмати бошлиғининг режаларига кўра, агар давлат раҳбари вафот этса ва 2015 йил 29 мартда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларига етиб бора олмаган тақдирда Хотамжон Кетмонов – Ислом Каримовнинг сиёсий вориси мақомига заҳирадаги номзод ҳисобланади.

Сайловолди ишлар якунланиши олдидан воқеалар ривожининг бу тарзда давом этган тақдирда учта номзод қолади: ЎХДПдан Х. Кетмонов, “Миллий тикланиш” партиясидан А. Саидов ва “Адолат” социал-демократик партиясидан Н. Умаровлар. Бундай вазиятда ЎзЛиДеП да президентликка ўз номзодини (республика бош вазири Шавкат Мирзиёев) илгари суриш учун етарли вақт қолмайди. Шу сабабли ҳам Хотамжон Кетмоновни менсимаслик тўғри эмас. Шундай қилиб…

Хулоса ўрнида
2015 йилнинг 7 февраль ҳолатига кўра Каримовнинг соғлиғи беқарорлигича қолмоқда. Ҳозирча унинг 9 февраль куни ишга чиқа олиши аниқ эмас. Врачлар қўлларидан келгунича ҳаракат қилишмоқда. Президент атрофидагилар кучли ҳавотир ичида.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ
сиёсатшунос
08.02.2015