Ўзбекистонда мажбурий обунадан оддий халқ жабр кўрмоқда

Ўзбекистонда мажбурий обунадан оддий халқ жабр кўрмоқда
149 views
09 February 2015 - 17:45

1Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги маълумотига кўра, 2015 йил 1 январга келиб  республикадаги газеталар сони 689тага, журналлар эса 283тага етди. Мазкур нашрларнинг 58,7 фоизи хусусий ҳисобланади, яъни давлатга қарашли эмас.

“Йил сайин сони ортиб бораётган нашрлар талабгорлиги учун яшаб келмоқда десак, ёлғон гапирган бўламиз. Агар совет давридан бери давом этиб келаётан ва мустақилликдан кейин янаям кучайган амалиёт – мажбурий обуна бўлмаганида эди, аксар газета-журналларнинг ҳолига маймунлар йиғлаган бўларди”, деб ёзади CA-NEWS.

CA-NEWS Марказий Осиё янгиликлари хизмати ўтган ҳафтада “Фергана.ру” нашри тарафидан кўтарилган мажбурий обуна мавзусини давом эттириб бунинг асосий жабрини оддий халқ тортаётгани ҳақида ёзади.

Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам
Совет пайтида газета-журналлар сони ҳозиргидек кўп эмас, демакки, мажбурий обуна миқёси ҳам шунга яраша эди. Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам таълим муассасалари мажбурий обунанинг асосий “нишонларидан” бири ҳисобланади.  “Фергана.ру” нашри томонидан мазкур мавзу бўйича эълон қилинган мақола муаллифи билан суҳбатлашган Тошкент вилояти Пскент туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчилари нафақат таълимга оид, балки қишлоқ хўжалиги ва солиқ соҳасига бағишланган нашрларга ҳам обунага мажбур бўлишаётганидан шикоят қилишган. “Айтайлик, “Солиқ-инфо” газетасининг бизга нима учун керак?” – деб айтган пскентлик ўқитувчи.

Нашрнинг керак ёки кераксизлиги аҳамиятсиз, унинг мазмун-моҳияти ва савияси ҳам. Муҳими – обуна қилдириш керак, таҳририятнинг ҳисобига пул тушиши керак, режа бажарилиши керак. Кейин эса Матбуот ва ахборот агентлиги ўз ҳисоботларида республикада бошқа соҳалар қатори босма оммавий ахборот воситалари ҳам ривожланаётганини фахр билан тилга олади.

Айниқса, давлат ташкилотлари учун обуна энг муҳим масалалар қаторида. Шундоқ ҳам қоғоз ўта тақчил бир пайтда ўқишдан бошқа ҳамма нарсага ярайдиган ва халқнинг дардидан бошқа ҳамма нарсани ёзадиган газета-журналларни минглаб нусхада босиш нима учун кераклиги, афтидан, “тепадагиларни” қизиқтирмайди.

Мажбурий обуна шармандали даражада паст тираж билан чиқадиган, ҳукуматни мадҳ этишдан бўшамайдиган давлат нашрларини муқаррар ўлимдан қутқариб қолиш демакдир. Совет пайтида бошланган бу амалиётга ҳозир ҳам қатъий ва ҳатто ошиғи билан амал қилинмоқда. Эндиликда ундан давлат газета-журналлари билан бир қаторда хусусий нашрлар ҳам “баҳраманд” бўлаётганини кўриш мумкин.

Хусусий нашрлар ҳам мазахўрак
Ўзбекистонда 2000-йилларнинг бошидан эътиборан хусусий кўнгилочар газета ва журналлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпая бошлади.  Ҳаммасининг нияти битта эди – даромад олиш. Кимлардир бунинг уддасидан чиқиб келмоқда, кимлардир эса касодга учради.

Газета-журналнинг фақатгина сотувдан фойда олишга ишониши хомхаёлдай гап. Нашрга реклама жалб этиш эса осон эмас. Энг “маъқул” ва “синовдан ўтган” йўл – обуна.

“Тепада” таниши борлар учун обуна масаласи қийинчилик туғдирмайди. Кўпгина хусусий нашрлар бу ишни почта раҳбарлари орқали ҳал қилади. Еган оғиз уялар, деганларидек, порани қуртдай қилиб олган почта мутасаддиси хусусий нашрнинг обунасига ёрдам беради, яъни давлат нашрлари қаторида хусусий газета ёки журналнинг ҳам обунаси амалга оширилади.

Исми ошкор этилишини истамаган наманганлик журналист мажбурий обуна қилинадиган хусусий нашрларга мисол тариқасида Андижонда чоп этилувчи “7х7” газетасини келтирди.

“Янги йилда “7х7”нинг эгаси Андижон вилоятидаги почтачиларга қимматбаҳо совғалар улашди, вилоятда бу газетанинг обунаси анча баланд”, – дейди у.

Хусусий нашрларнинг даромад манбаларидан яна бири почта орқали сотувни ташкил этишдир. Бу сотувнинг қурбонлари – шундоқ ҳам арзимаган пенсия оладиган пенсионерлар. Пенсионерга ҳар ой пенсия олиб келган почтачи унинг пулидан бир нечта газета – одатда эски сонлар – учун ҳақ олиб қолади.

“Бир куни уйга борсам, почтачи онамни эски газеталарни сотиб олишга мажбурлаётган экан, у билан уришиб кетдим”, – дейди Намангандаги нашрлардан бирида ишлайдиган журналист.

“Даракчи”, “Дилдош”, “Ҳордиқ+”, “Бекажон”, “Тўтиқуш”, “Суғдиёна”, “Шифо-инфо”… Номлари хилма-хил ва антиқа, сони кўп-у, сифати йўқ, ҳатто “сариқ матбуот” деб аташга ҳам арзимайдиган нашрлар.

Фақатгина ҳукуматнинг сўзи бўлган “Халқ сўзи”, фақатгина ҳукуматнинг овози бўлган “Ўзбекистон овози”, ёшларнинг кўнглини қолдирган “Ёш куч”, номигагина мустақил “Ҳуррият” ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Яшаб қолиш учун мажбурий обуна йўлини танлаганларни одамларнинг ҳақидан қўрқмайдиган, ўз халқига хиёнат қиладиган текинтомоқлар десак тўғри бўлади. Улар матбуот номига номуносиб, шунчаки “қоғоз тахламлари”дир.

Жабрдийдалар эса одатдагидек – оддий халқ.

ЎХҲ ахборот бўлими